Ҳамсафарлар кенгашиб олди
Хабарингиз бор, жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистон суд тизими вакилларидан иборат делегация Испания қироллигида бўлиб, ушбу давлатнинг Судьялар бош кенгаши ҳамда Судьялар мактаби фаолияти билан яқиндан танишганди.
Бугун АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) лойиҳаси кўмагида амалга оширилган ушбу ташриф муҳокамаси юзасидан ҳамсафарларнинг давра суҳбати бўлиб ўтди.
Судьялар олий кенгаши, Олий суд судьялари ҳамда Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби мутасаддилар иштирокида ўтган давра суҳбатида судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, танлаш ва тайинлаш бўйича халқаро амалиёт, хусусан, Испания тажрибаси муҳокама этилди. Унда судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни янада такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, судьялар корпусини шакллантириш ҳамда уларнинг узлуксиз таълими борасида Испания давлати мисолида халқаро амалиётнинг илғор тажрибаларини татбиқ хусусида сўз юритилди.
Шунингдек, судьялик лавозимлари учун номзодларга қўйиладиган талаблар, назария ва амалиёт уйғунлиги, мавжуд тартибларни халқаро стандартлар асосида кўриб чиқиш ва ҳуқуқий асосларини яратиш бўйича таклифлар ўртага ташланди.
Давра суҳбат якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан концепция лойиҳасини ишлаб чиқишга келишиб олинди.