Яхши ниятнинг ўзи кам...

31 Май 2024 17:07 810 Чоп этиш

 Судлар фаолиятига доир аксарият танқидий чиқишлар муаллифларининг нияти некбин эканига умиддан кўра ишончимиз кўп.  Яъники, журналист ё блогердир, адвокат ёхуд жамоат фаоли - матбуот ёки ижтимоий тармоқларда бонг урар экан, қайсидир мурожаатчининг муроди ҳосил бўлиши ортидан қонун устуворлиги таъминланиши истагида ҳаракат қилади, деган яхши гумон устувор доим. Бироқ хайрли мақсад учун яхши ниятнинг ўзи камлик қилиши аниқ. Ниятга асосли мулоҳаза, холислик ва инкор этиб бўлмас далиллар уйғун бўлса, қани?! Таассуфки, доим ҳам шундай бўлавермайди.

“Aspekt24.uz”да чиққан мақола хусусида ҳам гап шу. Муаллиф ҳиссиётини тўғри тушунамиз, буям қалам аҳлига хос хислат. Бироқ ундаги судлар фаолияти тўғрисида ўта баҳсли фикрлар, нотўғри талқинлар ва янглиш хулосаларга ойдинлик киритиш зарурияти бор. Муносабат ҳажми бироз каттароқ ва у тўғридан тўғри муаллифга қаратилган бўлса-да, бошқа  ахборот манбаларида эълон қилинган ва қилинаётган шу  каби айрим чиқишларга ҳам тааллуқли. “Қизим, сенга айтаман...” мақолини бироз ўзгартириб айтсак: оғам, сенга айтаман, божам, сен  ҳам эшит!

...Муаллиф “судьяларнинг ҳаммаси ҳам қонуний ва адолатли ҳукм ёки ҳал қилув қарори чиқара олмайди”, деганида қисман ҳақ. Негаки, юқори суд инстанцияларида, оздир-кўпдир, қуйи судларнинг қарор ёки ҳукмлари бекор қилинади ёки ўзгартирилади. Бироқ бу - бундай суд ҳужжатлари “босим остида қабул қилинади”, дегани эмас. Қонунда суд қарорлари бекор қилишига қатор асослар белгилаб қўйилган: процессуал нормаларни тўғри қўлламаслик, янги очилган ҳолат, судловга тааллуқлилик ва ҳоказо, ҳоказо... Шу сабаб  ҳам “Судлар тўғрисида”ги қонунда (74-модда) суд қарори бекор қилинишининг ўзи судьяга нисбатан жавобгарлик келтириб чиқармаслиги алоҳида қайд этилган (қонундаги ушбу норма кенгроқ шарҳ талаб қилиши мумкин, бироқ бу энди алоҳида мавзу). Агар судья қарор қабул қилиш чоғида атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўйса, бошқа гап. Рост, амалиётда бундай ҳолатлар ҳам учраб туради. Бунга йўл қўйганлар тизимдан четлатилаётгани ҳақида Судьялар олий кенгаши томонидан мунтазам ахборотлар бериб келинмоқда. Маълумот учун: жорий йилнинг ўтган беш ойида вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялари малака ҳайъатлари томонидан 20 нафар судьянинг ваколатлари муддатидан илгари тугатилган бўлса, уларнинг тенг ярми  судьялик қасамёдини ёки одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузгани, шунингдек, Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этмагани учун лавозимидан озод этилган (“қолгани-чи?” деган саволга жавоб шуки, саккиз нафар судья ўз аризасига кўра, бир нафари бошқа ишга ўтгани, яна бир нафари вафот этгани сабаб ваколатлари муддатидан илгари тугатилган). Шунинг ўзи муаллифнинг яна бир иддаоси - “судьяларга чора кўрадиган идорани кундузи чироқ ёқиб топиб бўлмаслиги”ни инкор қилади. Бундан ташқари бундай ахборотлар “халқ тўлаётган солиқлар ҳисобига катта маош олаётган” судьяларга кўрилаётган чоралар хусусида халққа берилаётган очиқ-ошкор маълумот ҳам ҳисобланади.

Муаллифга кўра, биринчи инстанция суди мураккаб ва гўёки “буюртма” ишни кўрар экан, ундан (ишдан) тезроқ қутулиш учун ноқонуний суд ҳужжати чиқарар эканда, тарафларга “апелляцияда ҳал қилиб оласизлар”, мазмунида баҳона қилади, ўз навбатида мазкур инстанцияси шу мазмундаги баҳона  билан тарафларни  кейинги босқичга рўпара қилади...

 Аниқ айтиш мумкинки, ҳеч қайси судья ўзи қабул қилган суд ҳужжати юқори суд инстанциясида бекор қилингани ёки ўзгартирилганини мамнуният билан қабул қилмайди. Қолаверса, юқори суд инстанцияларида “брак”ка чиқарилган суд қарорлари мунтазам таҳлил қилиниб, зарур чора-тадбирлар кўрилиб борилади. Мазкур жараёнда судьяларнинг фаолиятига тегишли баҳо берилади ҳам. Тўғри, илгари судьялар фаолияти фақат маълум бир вақтда, ўшанда ҳам малака ҳайъати аъзолари томонидан ўрганилиб, хулоса қилинар,  бу жараёнда инсон омили таъсири ҳам йўқ эмасди.

 Ҳозир вазият бошқа:  Кенгаш томонидан судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг тизими жорий этилган бўлиб, энди даста-даста қоғоз-ҳужжатларни ўрганишга зарурият йўқ.  Мазкур  электрон тизимда  судьялар  фаолияти яққол  кўриниб туради ва  бунда инсон омили йўқ ҳам даражада. Суд қарорларининг сифати эса мазкур электрон баҳолаш рейтинг тизимининг бош мезонидир. Шундай экан, битта қарори бекор бўлиши ёки ўзгартирилиши рейтинг кўрсатгичига таъсирини билатуриб судьянинг (ўзини масъулиятдан олиб қочган ҳолда!) қонуний қарор қабул қилишни юқори суд инстанциясига ҳавола қилиши оддий мантиққа тўғри келмайди. Мабодо, судья “суд қарордан (ҳукм, ажримдан)  норози тараф  белгиланган тартибда юқори суд инстанциясига мурожаат қилиши”ни айтган бўлса-ю муаллиф уни ўз  билганича тушуниб, талқин қилаётган бўлса, бунинг изоҳи ҳам оддий: қонун талабларига кўра, суд мажлисида қарор ўқиб эшиттирилгач, тарафларга унинг мазмуни тушунтирилади. Якунда қарордан норози тарафларга шикоят бериш ҳуқуқи  яна бир бор тушунтирилиб, унинг муддат ва тартиблари суд ҳужжатида акс этади ҳам.

Биринчи инстанция судларида айрим тоифадаги ишларни кўриб чиқиш  кўпроқ вақт талаб қилиши, бу жараён, муаллиф айтганидек, нафақат тарафларнинг, балки судьянинг ҳам тинкасини  қуритиши бор гап. Аммо ҳар қандай тоифадаги ишларни кўриб чиқишнинг ўз муддати бор. Муддат бузилиши судьяга нисбатан интизомий чора эҳтимолини келтириб чиқаради.   Қонун изн берган муддатда кўрилиб, қабул қилинган суд ҳужжати кейинроқ юқори суд инстанцияларида ўзгартирилса ёки энг юқори суд босқичида бекор қилинса, юқорида қисман айтилганидек, буни ҳам одил судловнинг ажралмас қисми сифатида қабул қилиш керак. Негаки, қонунда суд ҳокимияти бир неча поғонага бўлинган. Мазкур тартиб суд ҳужжатидан норози тарафларнинг шикоят қилиш ҳуқуқи кафолати бўлиб, шу тариқа одил судлов сифатли амалга ошириш орқали фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш таъминланади. Барча давлатлар суд тизими деярли шундай. Янги Конституцияда (133-модда) бундай имконият  янада кенгайтирилди: энди фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлган бўлса, ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли.

Муаллиф  яна ёзади: “... Баъзан судга борсанг, Олий суддан текшириш бор деб қолишади. Ўша Олий суддан келган текширувчилар нима қилади ҳайронсан? Улар биз кўтараётган масалани кўришмайдими, адолатсиз ҳукм, ҳал қилув қарорларини кўришмайдими ёки бу ишлар текширувчилардан яшириб қўйиладими?”.

Буям нотўғри талқин ва янглиш хулоса.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд  ҳокимиятининг олий органи сифатида қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга. Бунда қуйи судларнинг ташкилий фаолияти ўрганилади, холос. Яъниким, “қуйи судлар ташкилий фаолиятини ўрганиш” деганда - унинг (қуйи суднинг) тит-питиси чиқарилиб, шу жараёнда суд қарорлари  ҳам ўрганилиб, бекор қилиши ёки ўзгартирилишини тушуниш хато. Акс ҳолда, “текширувчи”нинг – ревизордан, суднинг – омбор, судьянинг эса омборчидан фарқи қолмайди, ахир?! Суд қарорларига нисбатан фақат юқори суд инстанцияси ҳуқуқий баҳо бериши  тўғри, аммо бунинг тартиби мутлақо бошқача бўлиб, тарафлар шикояти (протести) бўлиши шарт ва у суд мажлисида  процессуал нормалар асосида кўриб чиқилади.

Муаллиф анча тарқоқ ва ўта баҳсли мулоҳазаларини асословчи “далиллар мавжудлиги”ни таъкидлабди, тушунарли, хўп. Аммо уларни ошкор  қилиши учун  “судларнинг ҳимоячилари” бўлмиш  “матбуот котиби” (унинг мазкур чиқишига жавобан) “тахмин-тусмол деб” муносабат билдиришга бироз шошмай туриши ва (мутасаддилар) ўша “судьяларни суд тизимидан четлатишга ваъда бериши” ҳақида шарт қўйгани тушунарсиз?! Бу нима, пўписами? Қўлингизда далиллар борми, марҳамат – ошкор қилаверинг. Мантиқли ва асосли бўлса, бош устига: Кенгаш ваколати доирасида ўрганиб, ўз  муносабатини бидиради. Танқид ёқимсизроқ бўлиши мумкин, аммо унга тоқат етарли. Шундоғам ушбу муносабат бироз кутишдан сўнг ёзилмоқда (“Aspekt24”даги  мақола 8 май куни чиққан, бугун - 31 май), далиллар ошкор қилинса”, унгаям муносабат билдириш қочмас.

Яна бир изоҳ: матбуот котиблари – судларнинг “адабий адвокати”эмас, жайдарича тушунтирилса, вазифаси ровийни (айтувчи, ҳикоя қилувчи) эслатади. Демак, билдирилаётган муносабатлар (баёнотлар, ахборотлар) матбуот котибининг шахсий мулоҳазалари эмас, балки у хизмат қилаётган органнинг нуқтаи назари ҳисобланади, янглишмайлик.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech