Конституциявий суд: изчил ислоҳотларнинг амалдаги натижаси

3 Июнь 2024 18:01 628 Чоп этиш

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси, юридик фанлари номзоди  Абдуманноб Раҳимовнинг мазкур суд фаолиятига оид навбатдаги мақоласи эълон қилинди. Унда ўтган йиллар давомида Конституциявий суднинг фаолиятини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинади.

 Конституциясининг асосий принципларидан бири Ўзбекистон Республикасида Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олинишидир.  Асосий Қонунида белгиланганидек, давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар. Бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмас. Шундан келиб чиқиб, муаллиф “...ҳуқуқий нормалар, яъни юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш, ўзгартириш ва бекор қилишга қаратилган умуммажбурий характердаги кўрсатмаларни ўз ичига олган расмий ҳужжат ҳисобланадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қиладиган идоралар ва мансабдор шахслар олдига бир қатор масъулиятлар юклаши”ни таъкидлайди .Шунинг учун давлатимиз Раҳбари мамлакатимизда давлат ва жамият ишларини бошқариш учун хизмат қиладиган, юридик кучга эга бўлган ва ижро этилиши мажбурий ҳисобланувчи қонунчилик базасини яратишга жиддий эътибор қаратаётганлари бежизга эмас. Айнан шунинг учун сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини яна такомиллаштириш, унинг ваколатларини кенгайтириш борасида катта ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлар экан, муаллиф кейинги етти йил ичида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини такомиллаштириш борасида Конституциявий ислоҳотларга эътибор қаратади.

2017 йилга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 109-моддасида Конституциявий суднинг 4 та банддан иборат ваколатлари белгиланган. Улар қуйидагилардан иборат:

1) Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

2) Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;

3) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;

4) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади.

2017 йилда Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан, Конституциявий судга қуйидаги 3 та янги ваколатлар берилди:

Булар қуйидагилар:

1) Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар — Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар — Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;

2) Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади;

3) конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.

 Бундан роппа-роса бир йил олдин, 30 апрель куни умумхалқ референдуми асосида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 133-моддасида Конституциявий суд яна янги ваколатларга эга бўлди.

Эндиликда мамлакатимиз Конституциявий назорат органи юқорида санаб ўтилган ваколатлар билан бирга референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради. Ва энг муҳими, мамлакатимизда илк маротаба конституциявий шикоят институти жорий қилиниб, эндиликда фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Пировардида, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар доирасида инсон-ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг барча воситаларидан тўлақонли фойдаланилмоқда, дея хулоса қилади А. Раҳимов.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech