Бесабаб тақдимнома киритилмайди
“Kun.uz”даги мақолада муаммо тўғри кўтарилган: 2024 йилнинг 19 январь куни қонуний кучга кирган суд қарори ҳанузгача ижро этилмаган, ижро ҳужжати Мажбурий ижро бюросиниг (МИБ) туман бўлими ва суд ўртасида “копток” бўлмоқда! Бироқ “ижро ҳужжати нима сабабдан “копток” қилинмоқда?” деган саволга бироз юзаки жавоб қидирилганга ўхшайди. Йўқса, гўёки “...суд фуқаролик иши бўйича бор-йўғи 2 варақлик ҳужжатни эплаб ёза олмаётгани” ҳақида таънага ҳам, масалани ҳал этиш учун кимнидир “рози қилиш”га оид писандага ҳам ўрин қолмас эди.
Рост, суд ҳужжатларини ижрога юбориш жараёнида муайян муаммолар пайдо бўлиб туради. Буларнинг аксарияти техник тусда бўлиб, суд ҳужжати мазмун-моҳиятига таъсири йўқ. Шунингдек, ижро орган томонидан айрим суд ҳужжатлари судга қайтарилар экан, бу жараёнда ҳам айрим тушунмовчилик юзага келаётгани ҳам бор гап. МИБ органларидаги иш ҳажми ва юкламаларни тушунган ҳолда таъкидлаш шарт: судларга қайтарилаётган ижро ҳужжатлари орасида етарлича асоси йўқлари ҳам оз эмас. Асоссиз қайтарилган суд ҳужжатларига то ойдинлик киритилгунча маълум вақт ўтиши, бу унинг ижроси чўзилишига, оқибатда ундирувчиларнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлиши ўз-ўзидан маълум.
Шундай ҳолатлар бир эмас, бир неча марта кузатилгани натижасида фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди томонида Мажбурий ижро бюросининг Тошкент шаҳар бошқармасига тақдимнома киритилган (16 май, 2024 й). Унда бир неча аниқ фуқаролик ишларига бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари ижроси юзасидан туман МИБ давлат ижрочилари хатти-ҳаракатлари баҳо бериш сўралган.
Улар орасида мақолада қайд этилган №2-1004-2303/22505-сонли фуқаролик иши юзасидан берилган ижро ҳужжати ҳам бор.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати