Судьянинг чинакам мустақиллиги – суд ҳокимиятининг энг муҳим шартидир
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларни судларга ва шу орқали адолатга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Кейинги етти йилда бу борада элликка яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани бунга яққол мисол. Натижалар узоқ куттираётгани йўқ: 2019 йилда 3080 нафар, 2020 йилда 3434 нафар, 2021 йилда 5930 нафар, 2022 йилда 8453 нафар ва 2023 йилда 7362 нафар шахс суд залидан озод этилган. Шунингдек, 2017-2023 йиллар давомида жами 5956 нафар шахс судлар томонидан оқланган.
Тўғри, рақамларни келтириш осон. Бунга оддий ҳолат сифатида қарайдиганлар ҳам бор ва шундай бўлиши керак, аслида. Чунки, суд айби тасдиқланганга жазо берса, бунинг акси бўлса, оқлайдиган даргоҳ.
Бироқ, бундан атиги 7-8 йил муқаддам аҳвол қандай эди? Судда бирор шахснинг оқланишига “фавқулодда ҳолат” сифатида қаралмасмиди?. Айрим мутасадди ташкилотларнинг “судьяни жазолаш тараддудига” тушиб қолиши-чи?! Оқлов ҳукми чиқарган судья камида интизомий жазога тортилгани ё “ўз аризасига” асосан ишдан кетиш ҳолати йўқ эдими?! Ишда қолган тақдирда у “шубҳа” остида бўлганини ким инкор этади бугун?
У даврлар ўтди. Замон ўзгарди. Одамларни судларга ишончи кундан кунга ортиб бормоқда. Авваллари, “ишни судгача битказ, бўлмаса қамаласан!” деганлар, энди “терговчи нима деса-десин, ишни суд адолатли ҳал қилади”, деб айтишмоқда.
Албатта, булар шунчаки бўлаётгани йўқ. Мамлакатимиз Президентининг “Агар одамни энг катта қадрият қилиб юқорига қўймасак, биз хато қилаверамиз” , деган кўрсатмасига асосан, судлар ҳам одамларга энг катта қадрият сифатида қарамоқда. Бунинг натижасида турли айбловлар билан ноҳақдан “қора курсига” ўтирганлар одил судлов томонидан оқланмоқда. Адолат - қарор топмоқда.
Биласиз, ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмайди. Демак, инсоннинг жиноятга қўл уриши жамиятнинг маълум бир ҳосиласидир. Буни барчамиз тушуниб етмоқдамиз. Жумладан судьялар ҳам. Шунинг учун “қора курсида” ўтирган шахсга судлар аввало, уларни жиноятчи деб, эмас, балки аксинча, шу “жамиятнинг аъзоси, унинг ҳосиласи” сифатида қарамоқда. Жамиятда эса бегона инсон бўлмайди. Шу юртни яхшиси ҳам, ёмони ҳам бизники. Айтмоқчимизки, дунё ареналарида фан, таълим, спорт соҳасида катта ютуқларга эришиб, Ўзбекистон баёроғини кўкларга кўтараётган ўғил-қизларимиздан қанчалик фахр туйғусини хис этаётган бўлсак, жиноят йўлига кирган ёшларга ҳам шунчалик қайғурмоғимиз керак.
Жамиятдаги турли иллатларга муросасозлик шаклланиши, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда суд ҳокимиятининг алоҳида ўрни эътиборга олиниб, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур Фармоннинг қабул қилиниши юқорида қайд этилган вазифаларни амалга оширишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди ва соҳадаги давлат сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди.
Фармонга мувофиқ, номзодларни танлаш ва судьялик лавозимига тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, судьяларнинг мазкур жараёндаги иштирокини кенгайтириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш учун масъул бўлган органнинг мақоми ҳамда ваколатларини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.
Судьялар олий кенгашига судьялик лавозимларига малакали мутахассислар орасидан очиқ ва шаффоф танлов асосида судьялар корпусини шакллантириш, судьялар дахлсизлиги бузилишини ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, номзодлар ва судьяларнинг касбий тайёргарлигини ташкил этиш, аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш вазифалари юклатилди.
Энг муҳими, судьяларни лавозимга тайнлаш институтини такомиллаштирилиши шунчаки сиёсат учун эмас, балки, жамиятда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим шарти сифатида қаралди. Суд ислоҳоти “судья мустақил бўлсагина - суд мустақил бўлади” деган, оддий тамойилга асосланди.
Ислоҳотлар самараси ўлароқ, Судьялар олий кенгаши томонидан бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган судьялар корпуси шакллантирилмоқда.
Таъбир жоиз бўлса, ўтган қисқа даврда судьялар мустақиллигини таъминлаш мақсадида муҳим қадамлар ташланди. Масалан, халқаро тажриба инобатга олинган ҳолда судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий қилинди.
Судьяни навбатдаги судьялик лавозимига тавсия этиш билан боғлиқ масалани кўриб чиқиш холис орган Судьялар олий кенгаши ихтиёрига берилди. Судьянинг мустақиллиги учун бу амалиёт жуда муҳимдир.
Шунингдек, судьяларни моддий ва ижтимоий ҳимояси масалалари қайта кўриб чиқилди. Чунки, суд ҳокимиятининг молиявий мустақиллигини таъминламасдан туриб, адолатли қарор қабул қилишни талаб қилиш мантиқдан эмас. Айнан шунинг учун ҳам давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан судьяни моддий мустақилигини таъминлаш борасида ҳам катта ислоҳотлар қилинди.
Яна бир муҳим масала. Судьялик лавозимига қўйиладиган талабларга асосан ўттиз беш ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкинлиги белгиланди. Яъни, судьянинг ёш цензи қатъий белгилаб қўйилди. Бунинг аҳамият шундаки, шахсга жазо тайинлаш ваколатига эга шахс ўзи ҳам маълум маънода ҳаёт тажрибасига эга бўлиши лозим, деган қатъий тўхтамга келинди.
Худди шунингдек, ўттиз беш ёшга тўлган ва юридик ихтисослик бўйича камида етти йиллик иш стажига эга бўлган шахс туманлараро, туман, шаҳар судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши ҳамда юридик ихтисослик бўйича камида ўн беш йиллик иш стажига, шу жумладан, қоида тариқасида, судья сифатида камида етти йиллик иш стажига эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси бўлиши мумкинлиги белгиланди.
Демак, Олий суд судьяси бўлиш учун қоида тариқасида номзоднинг ёши камда қирқ иккида бўлади.
Шу ўринда савол туғилади. Конституциявий суднинг судьяси лавозимига номзодга қўйилган талабларда унинг ёш цензи 35 ёш этиб белгиланган. Кўриниб турибдики, Олий суд судьяси лавозимига сайланадиган номзод, юқорида айтилганидек амалдаги тартиб-қоидаларга кўра, 42 ёшда бўлади. Бизнингча, Конституциявий суд судьяси лавозимига номзодга қўйиладиган ёш цензи талабини келгусида кўриб чиқиш масадга мувофиқ бўлади. Амалиётни таҳлил қилган ҳолда Конституциявий суд судьяси лавозими учун номозодга қўйилган ёш цензи қайта кўриб чиқиш, бизнингча, мақсадга мувофиқ.
Абдуманноб Раҳимов,
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди