Ҳолат инкор этилмайди, зарур чоралар кўрилмоқда

20 Июнь 2024 12:47 929 Чоп этиш

“Jurnalist24.uz”да баён қилган жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судидаги ҳолат инкор этилмайди. Дарҳақиқат, турли сабабларга кўра, айрим суд мажлислари белгиланган вақтдан кечроқ бошланиши бор гап.  Бундай манзара бир неча омилларга боғлиқ. Хусусан, жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судида  иккита судьялик лавозими айни пайтда бўш (ушбу суд етти таркибли). Бу ҳол шундоғам иш ҳажми оз  бўлмаган  мазкур суднинг 5 нафар судьяси катта юклама билан ишлаётганини англатади.

 Ушбу маълумотлар баҳона эмас, ахборот тариқасида  келтирилмоқда. Албатта, бу вақтинчалик ҳолат. Айни пайтда бўш судьялик лавозимларини муносиб кадрлар билан тўлдириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судининг бўш судьялик лавозимларига қатор номзодлар  кўриб чиқилаётир.

Бундан қатъий назар, судья суд мажлисига тайёргарлик кўриш жараёнида тарафларни вақтида хабардор қилиш орқали уларни белгиланган  фурсатда ҳозир бўлиши таъминлаш чораларини кўриши лозим. Акс ҳолда, бу ҳам суд мажлисини ўз вақтида бошлашда муаммо туғдириши мумкин. Шундан келиб чиқиб, вилоят суди томонидан бу борада зарур чоралар кўрилмоқда. Чунки, хоҳ жиноий, хоҳ маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш бўлсин, судда кўриб чиқилишининг аниқ муддатлари бор. Муддатга риоя этмаслик, қонунда  назарда тутилган ёки тутилмаган сабаб ва омиллардан қатъий назар, судьяга мақтов олиб келмайди.

 

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech