Ихчам тадбир, эътибор ва ҳақли эътирофлар

26 Июнь 2024 19:47 696 Чоп этиш

Тадбир бироз кечикиб бошланди. Бироқ бундан  кўп безовта бўлингани йўқ. Аксинча, чиройли сабр қилиндики, таклиф этилган меҳмонларда бугун, эрта, ҳатто индинга ҳам вақт масаласи муаммо. Таклиф этилган жойлар кўп. “Йўқ” дейишнинг иложи йўқ, чунки, тадбирлар  тўри уларга мунтазир.  Чунки, эртага 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни.

Ушбу сана муносабати билан Судьялар олий кенгаши ҳам ихчамгина тадбир ўтказди.  Таклиф этилганлар таниқли, демакки, сермухлис матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари экани боис тадбир вақтини уларнинг фурсатига қараб белгилашга тўғри келди. Шундаям “немисча ҳисоб” ўхшамагани – узрли, албатта. Бежиз айтилмаган: журналист – йил-ўн икки ой ўтаётган кунга хизмат қилади,  фақат йилнинг айни шу  куни журналистларга хизмат қилади. Шундай экан, байрамни унутмаган ҳолда кундалик юмушлардан ортиб,  сана муносабати билан ташкил этилаётган тадбирларга улгуришнинг ўзи бўлмайди.

Тадбир бироз кутиш билан бошланган бўлса-да, узоқ давом этгани йўқ.  Уларнинг меҳнати қисқа ва лўнда ифода ва эътироф этилди. Яъниким, жамият тараққиётини оммавий ахборот воситаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Хусусан, жамиятда қонун устуворлиги, ижтимоий адолатни таъминлашда журналистларнинг ҳиссаси алоҳида. Шунинг учун ҳам оммавий ахборот воситаларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, кадрлар салоҳияти ва рақобатбардошлигини янада ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётир. Бунинг натижасида  жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик муҳити барқарор шаклланмоқда. Ҳуқуқий мавзуга ихтисослашган маҳоратли журналистлар сони тобора кўпайиб бораётгани эса суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг мазмун-моҳиятини наинки жамоатчиликнинг турли қатламларига етказишга, балки уларнинг самарадорлигини оширишга, пировардида, фуқароларнинг судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилмоқда. Бунинг учун сизларга миннатдорлик билдиришга бурчлимиз. Шунингдек,  кенг жамоатчиликни судлар фаолияти ҳақида очиқ ва холис ахборот билан таъминлашда ҳамкорликни изчил давом эттириш, бу борада юзага келаётган айрим тушунмовчиликларга баҳамжиҳат  ечим топишга тайёрмиз.

Шундан сўнг суд тизимида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш,  ҳуқуқий тарғибот ишлари алоҳида фаоллик кўрсатишдан ташқари тизимдаги муаммоларни холис ва асосли кўтариб чиқаётган бир гуруҳ оммавий ахборот воситалари ходимларига Судьялар олий кенгашининг эсдалик совғалари топширилди.  

Мезбон-у меҳмонлар томонидан бир-бирларига яхши-яхши тилаклар, самимий истаклар айтилди. Якунда “хайр” сўзи айтилмади, балки “кўришгунча” дейилди, чунки, ҳаёт давом этар экан, фаолият ҳам давом этади, ижтимоий ҳаётда  эса ҳар бир тизимнинг фаолияти оммавий ахборот воситалари билан чамбарчас боғлиқдир.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech