Уч қўлланма тақдимоти бўлиб ўтди
Бугун Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида “Фуқаролик ҳуқуқий фанлар бўйича тестлар”, “Шахсий ҳуқуқлар: миллий қонунчилик ва халқаро стандартлар” ҳамда “Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш” номли амалий қўлланмалар тақдимоти бўлиб ўтди.
Судьялар олий кенгаши, Конституциявий суд, Олий суди мутасаддилари, ҳуқуқшунос олимлар, экспертлар, фуқаролик ишлари бўйича судлар судьялари, адвокатлар, мустақил изланувчилар иштирок этган тадбирда қўлланмаларнинг аҳамияти ҳақли эътироф қилинди.
Айтилдки, ҳуқуқий адабиётларга бўлган эҳтиёж, уларни нашр этиш ва кенг жамоатчиликка етказиш бугуннинг долзарб вазифалардан бирига айланган. Кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг “Фуқаролик ҳуқуқи” кафедраси профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланиб, нашр этилган мазкур қўлланмалар ҳуқуқий адабиётларга бўлган эҳтиёжни маълум даражада қондириш билан бирга жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантиришга ҳам хизмат қилади.
Хусусан, қўлланмаларда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг инсон шаъни, қадр-қиммати ва ҳуқуқларига оид нормаларга кенг шарҳ берилган, шунингдек, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларга доир низолар судларда кўриб чиқилишининг ҳуқуқий асослари ҳам тадқиқ қилгандики, бу одил судловни амалга оширишда керакли манба вазифасини ўтайди.
Шунингдек, уларда инсоннинг шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, айбсизлик презумпцияси, малакали юридик ёрдам олиш, турар ва яшаш жойни танлаш, сўз ва эътиқод эркинлигига доир қонун ҳужжатлари таҳлилий ёритиб берилган. Бундан ташқари фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилиш, ушбу судларда ишларни кўришга оид қонунлар, Олий суди Пленуми қарорлари ва бошқа норматив ҳужжатлар тушунарли услубда баён қилинган. Шу боис ҳам қўлланмаларни нафақат юридик олий таълим муассасалари талабалари, тадқиқотчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, балки фуқаролик ҳуқуқи йўналишида ўз билим ва кўникмаларини ошириш истагида бўлган кенг омма учун ҳам фойдали манбалар сирасига киритиш мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур уч қўлланма Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган янги нормаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этиш, хусусан, судлар томонидан конституциявий нормаларнинг тўғридан-тўғри қўлланишини таъминлаш ва инсон қадрини улуғлаш ҳамда одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.