Қайта тайёрлаш курслари: натижа куттираётгани йўқ
Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан тизимда раҳбар судьялик лавозимлари учун кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида икки ойлик қайта тайёрлаш курслари жорий этилганидан хабарингиз бор.
Шу мақсадда апрель ойида икки юз нафар судья тест синовларидан ўтказилиб, энг юқори балл олган олтмиш нафари туманлараро, туман (шаҳар) суди раиси ва раис ўринбосари лавозими учун захирага олинган ва икки ойлик қайта тайёрлаш курсига жалб қилинганди.
Қайта тайёрлаш курсларида асосий эътибор суд бошқарувини самарали ташкил этиш, ташаббускорлик, вазифаларни аниқ белгилаш, вақтни бошқариш, муайян муаммоларга ўз вақтида ечим топиш, жамоатчилик билан очиқ мулоқотлар ўтказиш каби кўникмаларни шакллантиришга оид назарий ва амалий машғулотлар ўтказилди. Ўқув машғулотлари ҳуқуқшунос олимлар, малакали психологлар ва катта тажрибага эга суд фахрийлари томонидан олиб борилди. Шунингдек, таҳсил доирасида пойтахт судлари ва Олий судда амалиёт ўтадилар.
Бугун раҳбар судьялик лавозими учун захирага олинган судьяларнинг биринчи гуруҳи икки ойлик қайта тайёрлаш курсини якунлаб, аввал тест, сўнг ҳимоя имтиҳонларини топширди.
Синовлардан муваффақиятли ўтганларга тегишли сертификат топширилди.
Дарвоқе, натижа кўп куттираётгани йўқ: қайта тайёрлаш курсида таҳсил олаётган судьялардан бири (ҳали таҳсил ниҳоясига етмай) туманлараро суд раиси лавозимига тайинланган бўлса, яна бири Олий суд судьялигига сайланди.
Шу ойдан раҳбар судьялик захирасига олинган судьяларнинг иккинчи гуруҳ учун қайта тайёрлаш курслари бошланади.