Суд соҳасида кадрлар тайёрлаш: янги тизим, натижа ва самарадорлик

17 Июль 2024 12:48 855 Чоп этиш

Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсини 153 нафар тингловчи муваффақиятли тамомлади. Энди улар Судьялар олий кенгаши томонидан ўтказиладиган судьялик лавозимига танлаш ва тайинлаш бўйича очиқ танловда иштирок этади. Очиқ ва муқобиллик асосида ўтадиган танловда ғолиб бўлган номзод судьялик лавозимига биринчи беш йиллик муддатга тайинланади.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва суд аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ихтисослашган давлат таълим ва илмий тадқиқот муассасаси – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузурида Судьялар олий мактабининг ташкил этилиши суд-ҳуқуқ ислоҳотлари самарадорлигини янада оширди. Жумладан, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш орқали профессионал ва етук судьялар корпусини шакллантириш янги босқичга кўтарилди.

Судьялар олий мактабининг ташкил этилиши халқаро экспертлар томонидан ҳам юқори баҳоланди. Хусусан, Судьялар ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича БМТ махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян Судьялар олий кенгаши ташкил этилгани, шунингдек, судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлашнинг янги тартибини жорий этиш бўйича амалга оширилган чораларни мустақил ва холис судлов тизимини яратиш борасидаги ижобий қадамлар сифатида баҳолаган. Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Шарлотт Адриан интервьюларидан бирида Судьялар олий мактаби томонидан тайёрланаётган бўлажак судьялар билимли ҳамда суд тизими мустақиллигини таъминлашга хизмат қилишига ишонч билдирган эди.

Шиддат билан ўзгараётган замон ҳар бир тизим олдида янги талабларни қўймоқда. Шундан келиб чиқиб таълим жараёнида эскирган ўқув-услубий ёндашувлардан воз кечилди. Ўқув жараёни билан ҳуқуқни қўллаш амалиётининг узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш “70 фоиз амалиёт – 30 фоиз назария” тизими асосида ташкил этилди. Шунингдек, касбий билимларни чуқурлаштириш ва суд маъмуриятчилигини юритиш кўникмаларини эгаллашга, иш ва бошқарувни ташкил этишнинг инновацион шакл ва услубларини ўзлаштиришга қаратилган ёндашувлар асосида дарс машғулотларининг мавзулари шакллантирилди. 

Масалан, психологик ҳолатни назорат қилиш кўникмасини шакллантириш учун “Стресс ва стрессни келтириб чиқарувчи ҳолатларни бошқариш”, “Конфликтология. Низоларнинг келиб чиқиши, иш жараёнида низоларни ҳал қилишнинг самарали усуллари”, “Тайм-менеджмент: иш жараёнини тўғри ва самарали ташкил этиш” каби дарс машғулотларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, ўқув курсининг барча ихтисосликлари бўйича “Суд тизимида манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияга қарши курашиш” ва “Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар” каби янги ўқув машғулотлари киритилди.

Таълим жараёни “судьяни судья ўқитади” тамойили асосига қурилгани ўзини тўла оқламоқда, дейиш мумкин. Яъни, ўқув машғулотларига  профессор-ўқитувчилардан ташқари тизимда узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатиб келаётган тажрибали судьялар ҳам жалб қилинган. Судьялар олий мактаби профессор-ўқитувчиларининг аксарияти, яъни 11 нафари (85 фоизи) юридик фанлар бўйича илмий даражага эга, 9 нафари (70 фоизи) узоқ йиллар давомида судьялик лавозимларида фаолият юритган. Бундан ташқари, дарс машғулотларига доимий равишда амалдаги судьялар ва амалиётчи мутахассисларни жалб қилиш амалиёти  қўлланилмоқда.

Судьяликка номзодларни тайёрлашнинг жаҳон стандартларига асосланган бутунлай янги тизими жорий қилингани ҳам ўзининг ижобий натижаларини бераётир. Хусусан,  ўтган беш йил давомида Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсида  345 нафар тингловчи таҳсил олган. Улардан 323 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланган. Эътиборлиси, улар фаолиятининг рейтинг кўрсаткичи  юқори: 224 нафари аъло, 46 нафари яхши, 42 нафари қониқарли  баҳоланмоқда.

Судьялар олий мактабига кириш синовлари, шунингдек, тингловчилардан оралиқ ва якуний имтиҳонлар олиш жараёни бўйича тўлиқ шаффоф тизим яратилган. Хусусан, имтиҳон комиссияси таркибига Судьялар олий мактаби профессор-ўқитувчилари киритилмайди. Комиссия Судьялар олий кенгаши томонидан Кенгаш, Олий суд ва Конституциявий суд судьялари, вилоят ва шаҳар судлари раислари, ҳуқуқшунос олимлар, нуфузли таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларидан иборат таркибда шакллантирилади. Баҳолаш коллегиал тартибда ҳал қилиниши, унинг натижасидан шикоят қилиш имконияти мавжудлиги ҳамда барча синов жараёнлари тасвирга олиб борилиши турли шубҳа ва  суиистеъмолчиликларнинг олдини олади.

Судьялар ва суд аппарати ходимлари малакасини ошириш бўйича ўқув дастурлари Судьялар олий кенгаши ва Олий суднинг тавсиялари асосида ишлаб чиқилади. Бу эса суд амалиётида дуч келаётган муайян муаммоларга ечим топиш ҳамда  судьяларнинг ўзаро тажриба алмашиш имконини яратади. Жумладан, 2019-2024 йиллар давомида Судьялар олий мактабида жами 1472 нафар судьялар ҳамда 862 нафар суд ходимлари ўз малакаларини оширди. 

Таълим самарадорлиги ўқув адабиётларининг мазмунли ва сифатли бўлишига ҳам бевосита боғлиқ. Шу нуқтаи назардан Олий мактаб профессор-ўқитувчилари томонидан судьялар ва судьяликка номзодлар учун махсус ўқув адабиётларини яратиш мақсадида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Сўнгги беш йил давомида Судьялар олий мактаби томонидан жами 9 та дарслик, 10 та ўқув қўлланма, 47 та ўқув-услубий қўлланма, 10 та монография ва 6 та илмий конференция материаллари тўплами чоп этилиб, амалиётда тингловчилар томонидан фойдаланиб келинмоқда.

Қонунга кўра, барча судьялар бир хил мақомга эга. Яъни, барча даражадаги судлар раислари ва уларнинг ўринбосарлари айни вақтда судья ҳам ҳисобланади. Бироқ раҳбарлик судьяликнинг касбий салоҳиятдан ташқари,  ташкилотчилик, бошқарувчилик, истиқболни олдиндан кўра билиш каби кўникмаларга эга бўлишни ҳам талаб этади. Шундан келиб чиқиб  тест синовлари асосида раҳбар судьялик лавозими учун кадрлар захирасини шакллантириш ва улар учун қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш йўлга қўйилган. Мазкур курсларда психология, конфликтология, бошқарув, суд этикаси, нотиқлик, судларни моддий-техник таъминлаш бўйича ҳам махсус машғулотлар ўтказиб келинмоқда. Ҳозирга қадар 63 нафар судья мазкур қайта тайёрлаш курсида таҳсил олган. Уларнинг 60 фоизи раҳбар судьялик лавозимларига тайинланган.

Судьялар олий мактабида таълим жараёнини амалиёт билан узвийлигини таъминлаш, суд ишларини юритишга оид қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича ҳам самарали фаолият йўлга қўйилган. Сўнгги беш йил давомида 70 дан ортиқ таҳлилий материаллар ва қонунчиликка таклифлар, 30 дан ортиқ Олий суд Пленуми қарорлари лойиҳаларига таклифлар, 80 дан ортиқ қонун лойиҳаларига хулосалар ишлаб чиқилиб, 30 дан ортиқ Давлат дастурлари ва бошқа норматив ҳужжатлар ижросини таъминлаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилган.

Судьялар олий мактаби ташкил этилгани мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида алоҳида ўрин тутади. Бўлажак судьяларнинг назарий билимларини ошириш ва амалий кўникмаларини шакллантириш, судьялар ва суд ходимларининг мунтазам малакасини ошириб боришнинг янги тизими халқаро стандартларга тўлиқ мос бўлиб, унинг самараси ва ижобий натижаси Судьялар олий мактабининг беш йиллик фаолияти мисолида ўз аксини топмоқда. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини судларда ишончли ҳимоя қилиш, суд ҳокимияти нуфузини ошириш, энг муҳими, аҳолининг судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.

Дилшод Арипов,

Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги

Судьялар олий мактаби

директори маслаҳатчиси,

юридик фанлар доктори

Манба: Uza.uz

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech