Ишчан учрашув, самимий мулоқот, ҳамкорлик истиқболи: Ўзбекистон ва Қозоғистон Судьялар олий кенгашлари ўртасида муҳим ҳужжат имзоланди

19 Июль 2024 19:52 731 Чоп этиш

Бугун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашида Қозоғистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раиси Денис  Шипп бошчилигидаги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Айтилдики, икки қардош давлат ўртасидаги алоқаларнинг жадал ривожи барча жабҳаларда ўз аксини топмоқда. Айни жараён судьялар ҳамжамиятлари ўртасидаги фаол ҳамкорлик икки томон учун ҳам фойдадан ҳоли эмас.

Учрашувда қардош халқ судьялар ҳамжамияти вакилларини юртимизга ташрифи билан қутлаб, мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, хусусан, профессионал судьялар корпусини шакллантириш, судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, уларни танлашлаш ва лавозимга тайинлаш бўйича жорий этилган очиқ ва шаффоф тизим, уларнинг ҳуқуқий асослари ва амалий натижаларида ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек,амалиётга муваффақиятли жорий этилган судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш тизими, унинг мезонлари, Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клуби , айниқса, клуб электрон платформасининг судьялар фаолияти самарадорлигини янада оширишдаги аҳамияти ва афзалликлари билан яқиндан таништирилди.

Дўстона ва конструктив ўтган учрашувда меҳмонлар яқиндагина Қозоғистон Одил судлов академияси ушбу мамлакатнинг Олий суди таркибидан Судьялар олий кенгаши юрисдикциясига ўтказилганини маълум қилиб, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби фаолияти, хусусан, судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш борасидаги тажрибалари билан яқиндан танишишга катта қизиқиш билдирди. Мазкур йўланиш нафақат бугунги ташриф, балки ўзаро ҳамкорликнинг истиқболида устувор аҳамият касб этиш алоҳида таъкидланди.

Шу куни қардош халқ судьялари ҳамжамияти вакиллари Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабига ташриф буюриб, ушбу ихтисослашган давлат таълим ва илмий тадқиқот муассасаси фаолияти билан танишдилар.

Якунда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Қозоғистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжатда дўстона муносабат ва ҳамкорликни янада чуқурлаштириш, судьялар мустақиллиги ва дахлсизлигини такомиллаштириш, судья кадрларни тайёрлаш бўйича умумий фаолиятга доир ўқув дастурларни амалга ошириш,  қўшма тадқиқотлар ўтказиш, тажрибалар ҳамда ахборот алмашиш, семинар ва форумлар ташкил қилиш ва бошқа қатор масалалар қамраб олинган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech