Суд этикаси бўйича амалий семинар бўлиб ўтмоқда
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида “Суд этикаси: миллий тажриба ва халқаро меъёрлар” мавзуида амалий семинар бўлиб ўтмоқда. Икки кунга мўлжалланган тадбир Судьялар олий кенгаши ташаббуси ва АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) “East-west management institute” ННТ Ўзбекистондаги филиалининг “Суд тизимини мустаҳкамлаш” (JSSA) қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Суд этикаси бўйича халқаро эксперт Инга Тодрия иштирок этаётган тадбирда Судьялар олий кенгаши аъзолари, жойлардаги судлар судьялари малака ҳайъатлари ҳузуридаги Судьялар одоб комиссияси вакиллари қатнашмоқда.
Тадбирнинг биринчи кунида суд этикаси бўйича халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари, уларнинг аҳамияти ва миллий қонунчиликдаги ифодалари хусусида сўз юритилди.
Таъкидландики,одил судлов Конституция ва қонун талабларига қатъий риоя қилинган ҳолда қарорлар қабул қилиш билангина чегараланмайди. Суд ҳокимиятининг обрў ва нуфузи судьяларнинг профессионал салоҳиятидан ташқари юксак одоби ва маънавиятига ҳам боғлиқдир. Шу боис ҳам судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини белгиловчи алоҳида ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилган бўлиб, унга риоя этиш мажбурият сифатида қайд этилган. “Судьялар одоби кодекси” номини олган мазкур ҳуқуқий ҳужжатда судьяларнинг нафақат ўз касбий фаолиятини ошириш чоғида, балки хизматдан ташқари вақтда амал қилиши шарт бўлган қоидалар ҳам белгиланганки, судья ҳар қандай вазиятда суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.
Тадбирда яқинда янги таҳрирда қабул қилинган “Судьялар одоби кодекси”, халқаро меъёрлардан келиб чиққан ҳолда унга киритилган янги қоидалар мазмун-моҳияти хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтилди. Шунингдек, Судьялар олий кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатлари ҳузуридаги Судьялар одоб комиссияси фаолияти самарадорлигини янада оширишга доир масала ҳам муҳокама қилиниб, қатор таклиф ва мулоҳазалар ўртага ташланди.
Маълумот учун: Судьялар одоб комиссиялари 2021 йил январида ташкил этилган бўлиб, судьяларнинг одоби ва аҳлоқига доир мурожаатлари ҳамда шу мазмундаги оммавий ахборот воситаларида, интернет тармоғида эълон қилинган хабар ва маълумотларнинг ўз вақтида холис ўрганишга масъул жамоатчилик асосидаги тузилма ҳисобланади. Унинг асосий фаолияти Судьялар одоби кодекси қоидалари бузилишининг олдини олишдан иборат.
Семинар эртага ўз ишини якунлайди.