Изоҳга ҳожат йўқ аслида...
Исмини сир тутилган суд ходими ижтимоий тармоқ орқали Кенгашдан изоҳ cўрабдики, мазмуни шундай: қўшимча квота орқали Судьялар олий мактабига қабул қилинганлар, таҳсил тугагач, нега ўз вилоятига ишга юборилмаяпти, улар ўз ҳудудларида кадрларга бўлган эҳтиёж туфайли (қўшимча квота асосида) ўқишга кирмаганмиди? Устига устак, уларнинг айримлари бошқа йўналиш ихтисослиги бўйича судьялик лавозимига тайинланаётгани-чи?
Изоҳга ҳожат йўқ, аслида. Чунки, ҳаммаси очиқ-ойдин: бўш судьялик лавозимлари учун очиқ танлов эълон қилинишидан тортиб, танлов жараёнлари ҳамда натижалари ҳақида муттасил ахборот бериб борилмоқда. Очиқ танлов жараёнларини кузатиш учун оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар, ҳатто судьялик лавозимига номзодларнинг яқин қариндошларига имконият яратилган.
Модомики, очиқ танловлар бўш судьялик лавозими учун ўтказилар экан, унда иштирок этиш ҳуқуқига эга номзодлар ихтиёрий равишда ҳужжат топширади. Қўшимча квота асосида Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабида таҳсил олган номзодлар хусусида ҳам шу гап. Яъниким, улар доимий истиқомат қилаётган ҳудудида бўш судьялик лавозими йўқ экан, бошқа вакант лавозимлар учун очиқ танловда иштирок этишига чеклов ҳам йўқ. Тўғри, айрим ҳудудларда судья кадрларга эҳтиёж мавжуд. Гап шундаки, ўша ҳудудлардаги бўш судьялик лавозимлари раҳбарлик (туман, туманлараро суд раиси) ёки вилоят даражасида бўлиб, уларга қўшимча квота асосида таҳсил олган номзодларни тайинлашга жорий тартиб изн бермайди. Чунки, илк бор судьялик лавозимига тайинланаётган ўз фаолиятини биринчи инстанция судларида бошлайди. Вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялиги эса, қоида тариқасида, камида икки йиллик тажриба (стаж) талаб этади.
Айрим номзодлар бошқа ҳудудлардаги туман (шаҳар) судлари судьялигига тайинланаётгани ҳам бор гап. Бу янгилик эмас, чунки, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида айни амалиёт кенг қўлланиб келинади, жумладан, суд тизимида ҳам. Судьяни уй-жой билан таъминлаш ёки турар-жой ижарасига доир масалалари қонун (“Судлар тўғрисидаги” қонун, 83-модда) даражасида тартибга солингани сабаби ҳам шунда. Энг муҳими, бундай тайинловлар судьянинг (судьялик лавозимига номзоднинг) розилиги билан амалга оширилади.
Айрим номзодлар, хусусан, маъмурий ёки иқтисодий ҳуқуқ йўналиши бўйича таҳсил олганлар фуқаролик суди судьялигига тайинланаётганига келсак, бунда уларнинг хоҳиш-истагидан аввал салоҳиятига қаралади. Судьялик – шунчаки лавозим эмас. Шу боис ҳам ушбу лавозимга муносиблар очиқ танлов ва муқобиллик асосида асосида танланади, тайинлов тўғрисидаги қарор эса Кенгашнинг йигирма бир нафар аъзоси томонидан коллегиал тартибда қабул қилинади.
Судьялар олий кенгаши
матубот хизмати