Бунга фақат таассуф дейиш мумкин

9 Сентябрь 2024 15:08 1597 Чоп этиш

Буям ижтимоий тармоқлардаги кунлик юзлаб хабарлардан биттаси, аслида: “Қўқон судида ишлаётган икки нафар судья ишдан бўшатилмоқда!”.  Бироқ унинг ғайриоддийлиги шундаки, бирор судьянинг лавозимидан озод этилганига оид хабарни мамнуният билан кўчириб босадиган ахборот ресурсида эълон қилиниб, қатор саволлар қўйилганида: “нега айнан мана шу судьялар ишдан кетиши керак? Кимга ёқмай қолди улар?”. Ғайриоддийлик хабарнинг судьяларга нисбатан интизомий жазо қўллаш тартибига доир қисмида ҳам кўринади. Яъниким, судьяларга нисбатан жойлардаги судлар судьялари малака ҳайъати (муайян ҳолатларда Судьялар олий малака ҳайъати қарори билан) қарори билан интизомий жазо қўлланиши тўғри. Илло, “бу масалада якуний қарор қабул қилиш учун Судьялар олий кенгашига тақдимнома” киритилмайди. Аксинча, малака ҳайъатлари қарорлари, шикоятга асосан, аввал Судьялар олий малака ҳайъатида, ана ундан  кейингина Судьялар олий кенгашида кўриб чиқилади. Тўғри, орада тўрт соат ўтиб, мазкур канал маъмури икки нафар судьядан бирига (аёл) нисбатан  қабул қилинган қарор Судьялар олий малака ҳайъатида кўрилиб, интизомий жазо ўзгартирилгани маълум қилди. Бироқ бу пайтга келиб, жамоатчилик чалғиган, ҳатто тармоқдаги айрим каналлар ҳолат бўйича турли тахмин ва башоратларга берилиб бўлганди: эмишки, бу “ўта ноодатий ҳолат”, “улар ё ўта оғир жиноят содир қилган ёки кимнингдир ноқонуний буюртмасини бажармаган” ва ҳоказо, ҳоказо...

Судьялик лавозимига тайинловлардан тортиб, турли асосларга кўра лавозимидан озод этилаётганигача очиқ ахборот бериб келинмоқда. Демак,  “ўта ноодатийлик” йўқ. Иккинчидан, бирор жиноят содир этганликда гумонланаётган судьянинг масаласи жойлардаги малака ҳайъатида эмас,  тегишли тақдимномага асосан, тўғридан тўғри Кенгашнинг ўзида кўрилиб, хулоса берилади. “Кимдирнинг буюртмасини бажармаганлар” эса таъқиб эмас, аксинча,  ҳимоя  қилинадики, бу Кенгаш   фаолиятида устувор аҳамият касб этади.

Хабарларда иддао қилинаётган “судьянинг юқори рейтинги ва тажрибаси”  йўл қўйган хатолари (узрли сабабсиз ишни ўз вақтида кўрмаслик, суд ҳужжатлари вақтида ёзилмагани ва бунинг оқибатида тарафларнинг сарсон бўлиши ва ҳоказо...) учун имтиёз ҳисобланмайди. Қандай интизомий чора кўрилиши, юқорида айтилганидек, жойлардаги судлар судьялари малака ҳайъатлари ваколатига тегишли масала. Бу борада қабул қилинган қарорлар (шикоятга асосан) Судьялар олий малака ҳайъати, кейинчалик Судьялар олий кенгашида кўрилиб, ўзгаришсиз қолдирилиши ёки ўзгартирилиши эҳтимолдан ҳоли эмас.  Шу нуқтаи назардан,  турли ҳудуд  судлар судьялари малака ҳайъати қарорлари билан айрим судьяларга қўлланилган интизомий жазо чораларини шунчаки тасаввур билан бир-бирига таққослаб, хулоса ва иддао қилиш шошма-шошарлик белгисидир.

Яна икки оғиз гап.

Барча соҳалар қатори суд тизимида ҳам холис, малакали ва масъулиятли кадрларга эҳтиёж доим бўлиб келган. Бугунга келиб, айни эҳтиёж ортгани ҳам сир эмас. Шу боис илгари судья лавозимида ишлаб, ўз хоҳишига кўра тизимдан кетган (ёки судьялик лавозимида бўлишнинг навбатдаги муддатига тайинланмаган) айрим кадрларга мазкур лавозимга танлаш ва тайинлашга доир очиқ танловларда иштирок этиш имконияти берилаётир. Танловдан муваффақиятли ўтганлар эса тизимда фаолиятни давом эттирмоқда.

Эътиборлиси, интизомий жазоси ўзгартирилгани айтилаётган аёл судья ҳам мазкур имконият натижасида лавозимга тайинланганлардан бири ҳисобланади.  

Интизомий жазо масаласида юридик ёрдам сўраб, адвокат(лар)га мурожаат қилгани - унинг ҳуқуқи, албатта. Бироқ асосий вазифаси фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳақ-ҳуқуқини тиклаш орқали ижтимоий адолатни таъминлаш бўлган судьянинг ўзи юридик ёрдамга эҳтиёж сезиши, бундай "кўмак" ижтимоий тармоқлар орқали бир ёқлама хабарлар сиздирилишидан иборат бўлаётгани эса, наинки суд ҳокимияти нуфузига салбий таъсир кўрсатиш эҳтимолини, балки унинг касбий салоҳиятига нисбатан шубҳалар ҳам пайдо қилмоқдаки, бунга фақат таассуф дейиш мумкин.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech