РАСМИЙ БАЁНОТ

17 Сентябрь 2024 16:33 2409 Чоп этиш

Даъвогар Б. Қодировнинг жавобгарлар – Жўраевларга нисбатан “оталик фактини белгилаш”га доир фуқаролик низоси бўйича суд жараёни бошланганидан то ҳал қилув қарорига қабул қилингунича керагидан ортиқ муҳокамалар бўлди. Ижтимоий  тармоқдаги муҳокамалар суд қарори қабул қилинганидан кейин ҳам давом этиб,  энсани  қотирадиган даражага етдики, бу ҳақда икки оғиз гап айтишнинг ўзи ортиқча, аслида.

Бироқ суддан кейин тарафлар ва уларга хайрихоҳлар ўртасидаги “виртуал мусоҳабаларда” ишни  биринчи босқич судида кўриб чиққан судья шаънига номаъқул ва асоссиз таъналар айтиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Хусусан, блогер Ж. Ҳамраев  ижтимоий тармоқ орқали чиқишида даъвогар  “қўли узун экани” ҳақидаги гапини эслатиб, гўёки “...унинг узун қўллари  судьягача етиб боргани”ни очиқ иддао қилган. Бундан ташқари судья томонидан марҳум санъаткор вафоти санасини нотўғри айтилгани-ю суд қарорини ўқиш пайтидаги бироз ҳаяжонини “бу не кўргулик?!” деб,  вазиятни бўрттиришга урингани кўринади. Энг ёмони, унинг иддаолари иш бўйича жавобгар тарафнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифа ва каналларида тарқатилаётгани натижасида судьянинг холислиги борасида турли шубҳалар эҳтимолини пайдо қилмоқда.

Бир неча ой давом этган процесс, бу даврда тармоқлардаги адоқсиз муҳокамалар, уларда ҳатто тор доирада айтилиши мумкин бўлмаган гаплар баралла айтилиб, кенг оммада турли қарашлар шакллантиришга қаратилган ҳаракатлар судга нисбатан ижтимоий босим пайдо қилиб бўлганди. Шундай  вазиятда  кенг жамоатчилик эътиборидаги фуқаролик низосини кўриб чиқиш айтишга осон. Шу маънода судьянинг бир неча камералар қаршисида қарор ўқиши жараёнида битта санани нотўғри айтиши ёки ундаги бироз ҳаяжонга тушуниш билан муносабатда бўлиш мумкин. Аммо, Судьялар олий кенгаши, кимнингдир гўёки “узун қўллари судьягача етиб борган”ига оид таъна ва иддаоларга ҳуқуқий баҳо беришга эҳтиёж мавжуд, деб ҳисоблайди ҳамда бу борада ваколати доирасида лозим чоралар кўрилади.

Якунда алоҳида таъкид этиладики, ушбу баёнот қабул қилинган суд қарори бўйича Кенгаш нуқтаи назари ҳисобланмайди. Шунингдек, ундан (суд қароридан) норози тарафнинг юқори суд инстанциясига шикоят беришига ҳам монеълик қилмайди.

 

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech