Кенгаш мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди
Бугун Президент Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Судьялар корпусини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, халқаро ҳамкорлик ва миллий тажрибалар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Айтилдики, янги таҳрирдаги Конституциямизда янада мустаҳкамлаб қўйилганидек, Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи бўлиб, судьялар корпусининг шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлайди.
Жорий йилнинг ўтган даврида Кенгаш томонидан судьялик лавозимларига танлаш ва тайинлаш (шу жумладан ваколати муддатига қайта тайинлаш) бўйича ўтказилган очиқ танловларда 503 нафар номзод муҳокама қилинди. Уларнинг 378 нафари (ёки 71.1 фоизи) судьялик лавозимига муносиб деб топилган, 52 нафари (ёки 10.3 фоизи) судьялик лавозимига номуносиб деб топилган бўлса, 73 нафари (ёки 14,5 фоизини) ваколати муддатига бошқа судьялик лавозимига қайта тайинлаш рад этилган.
Маълумки, шу йилнинг июль ойида Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Судьялик лавозимларига номзодларни тайёр курсини 153 нафар тингловчи тамомлади. Кейинги икки ойда давомида уларнинг 100 нафари (ёки 65 фоизи) очиқ танлов ва муқобиллик асосида судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланди. Мазкур жараён давом этмоқда.
2024 йилнинг 18 сентябрь ҳолатига кўра, тизимда 1490 нафар судья фаолият юритаётган бўлиб, шундан 209 нафарини (ёки 14 фоизи) аёл судьялар ташкил этди. Аёлларнинг 24 нафари раҳбар лавозимларга тайинланган.
Судьяларнинг 1309 нафари ёки 87,8 фоизи 50 ёшгача, 39 нафари 2,6 фоизи 60 ёшдан ошганлар ташкил этади.
Фаолият кўрсатаётган судьяларнинг 511 нафари (ёки 34,4 фоизи) судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига, 923 нафари (ёки 61,9 фоизи) ўн йиллик муддатга, 54 нафари (ёки 3,6 фоизи) муддатсиз даврига тайинланган.
Тизимда 25 нафар юридик фанлар номзоди илмий даражасига эга судьялар фаолият кўрсатади, 55 нафар судья давлат мукофотлари билан тақдирланган. Шунингдек, жорий йилда намунали фаолияти, ташаббускорлиги ва юқори рейтинг кўрсатгичларига эга 15 нафар судья Судьялар олий кенгаши қарори билан “Ибратли судья” мукофотига лойиқ кўрилди. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан тизимда узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган 32 нафар фахрийлар “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
2024 йилнинг ўтган даврида 32 нафар судьянинг ваколат муддати илгари тугатилган. Уларнинг 13 нафари судьялик қасамёдини, 6 нафари Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани, 13 нафари ўз аризасига кўра лавозимидан озод қилинди.
Жорий йилнинг ўтган даврида Судьялар олий кенгаши фаолиятида халқаро ҳамкорлик алоҳида кўзга ташланади. Шу даврда Иистанбулда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо мамлакатлар судьялари ҳамжамиятининг анжуманида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тақдимоти ўтказилди.
Шунингдек, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларининг Судьялар кенгашлари вакилларидан иборат делегация мамлакатимизга ташриф буюриб, юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, айни жараёнда суд мустақиллиги, судьялар дахлсизлиги самарали таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди, айниқса, судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, лавозимга танлаш ва тайинлаш бўйича жорий этилган янги тартиблари уларда катта қизиқиш уйғотди. Бу ташрифлар натижасида Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикалари Судьялар олий кенгашлари ўртасида ҳамкорлик меморадуми имзоланди.
Қирғизистон Республикаси билан судьялар корпусини шакллантириш юзасидан ҳамкорликни янги босқичга кўтариш бўйича келишувларга эришилди. Бундан ташқари ўзбек судьялари ҳамжамияти вакиллари Испания қироллигининг Судьялар бош кенгаши ҳамда Судьялар мактабида бўлиб, судьялар корпусини шакллантириш ҳамда уларнинг узлуксиз таълими бўйича тажриба алмашилди.
Яқин ва узоқ хориж давлатларнинг судьялар ҳамжамияти вакилларининг ташрифи, аввало – эътибор, ҳамкорликка оид таклифлари эса мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳақли эътирофи ҳисобланади.
Маълумки, 2025 йил 1 январида суд тизимида янги институт – тергов судьялари фаолият бошлайди. Айни пайтда ушбу янги лавозимга муносиб номзодларни танлаш ва тайёрлаш ишлари давом этмоқда. Бундан ташқари Кенгаш ҳамкор ташкилотлар билан жойларга чиқиб, жиноят ишлари бўйича судлар судьялари учун “Асосланган гумон: “қамоқ” эҳтиёт чорасини танлаш ва судгача ҳибсдан озод қилиш ҳамда бошқа процессуал чоралари қўллаш бўйича халқаро амалёт” мавзусида халқаро семинар ўтказиб келмоқдаки, бу фойдадан холи бўлмайди.
Судьялар олий кенгаши ташаббуси ва Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг профессор-ўқитувчилари саъй-ҳаракатлари билан “Судьялар дахлсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари”, “Иқтисодий судларга мурожаат қилиш тартиби”, “Фуқаролик ҳуқуқий фанлар бўйича тестлар” тўплами, “Суд тизимида манфаатлар тўқнашуви ва коррупцияга қарши курашиш” номли рисола ва ҳуқуқий қўлланмалар нашр этилди.
Яна бир муҳим маълумот: Судьялар олий кенгаши томонидан Судьялар одоби кодекси янги таҳрирда қабул қилинди. Айни пайтда “Судьялар одоби кодексига шарҳлар” китоби тайёрланиб, нашр этилиши арафасида. Мазкур тўплам ўзбек тилидан ташқари рус ва инглиз тилларига ҳам нашр этилиши кўзда тутилмоқда.
Матбуот анжуманида журналист ва блогерларнинг саволларига атрофлича жавоб берилди.