Очиқ дарс: тил, тавсия ва кулгидан олинмаган завқ...

27 Сентябрь 2024 15:10 413 Чоп этиш

Бошқа-бошқа соҳа вакиллари жам бўлган тадбир бирданига қизиб кетмайди. Бу сафар ҳам шундай манзара кузатилди. Аввалига бироз тортиниш, бироз эҳтиёткорлик, иштирокчиларга зимдан қараб, мавзу улар учун нечоғли қизиқарли бўлаётганини чўтлаб-чамалаб, шунга монанд гап оҳангини ўзгартиришдан бошланган тадбир тезда қўр еди (яъниким, қизиб кетди). Қизиганики, нақ икки ярим соат давом этиб, ҳазил-хузул, енгил-енгил кулгилар билан ниҳоясига етди.

 Мавзу тил ҳақида эди,  янаям аниқроғи (ва бироз расмийроқ номи), одил судловни амалга оширишда тилнинг ўрни ва аҳамияти.

Меҳмон – таниқли адабиётшунос, педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев.

“Тадбир” дейилаётгани аслида очиқ дарс бўлиб, Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчилари учун тез-тез уюштириб турилади. Очиқ дарслар мавзуси Судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш курси ўқув дастурига расман киритилмаган. Бироқ бўлажак судьялар учун тизим фахрийлари, ҳуқуқшунос олимлар қатори маънавият фидоийлари, таниқли адиблар, адабиётшунослар иштирокида ҳам очиқ дарслар ўтказиб келинмоқда ва фойдадан холи бўлаётгани йўқ. Бугунги мавзу ҳам бундан мустасно эмас.

Айтилдики, миллатнинг маънавий ва ахлоқий қиёфасини белгиловчи омилларидан бири – тил. Шиддат билан ўзгараётган давр, турли мафкуралар ўртасидаги кураш катта-кичик миллатларнинг миллий маънавиятига таъсир кўрсатиш эҳтимоли тобора ошиб бораётган экан, бунинг аччиқ ҳосиласи  аввало тилда кўринмоқда. Шундай экан, ҳар бир миллат ўз тилининг жозибаси-ю жилоси билиши ва  муҳофаза қилиши шарт.  Келажак авлодга озод ва обод ватан  билан бирга соф ўзбек тили ҳам қолиши керак.

 Жонли мулоқотда  одил судловни амалга оширишда тилнинг аҳамияти қисқа ва лўнда ифода қилинди: миллатнинг қиёфаси тилда намоён экан, унинг суддаги акси суд ҳужжатларида кўринади. Ҳукм ва қарорларнинг тушунарли ва равон ёзилишига, иш бўйича ҳар бир ҳолат, айниқса, тарафларнинг важларига берилган ҳуқуқий баҳонинг ҳужжатдаги ифодасига қараб, судьянинг тил  бўйича саводи ҳақида бемалол тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Бундан ташқари суд қарорларини тарафларга тушунтириш жараёнида қонуннинг “қаттиқ тили”  судьядан содда баён талаб этадики, ўзбек тилини чуқур билиш ва унинг имкониятларидан самарали фойдаланиш  шунинг учун ҳам керак.

Ўзбек тилининг  жозибаси бадиий асарларда яққол кўринади.  Бу эса китобхонлик тизимда эҳтиёж эмас, заруриятга айланиши лозим эканини  кўрсатади.  Қолаверса,  адабиёт наинки одоб фани, таъбир жоиз бўлса, адолат фани ҳамдир. Негаки, нафақат бадиий, тарихий, ҳатто фантастик асарларда ҳам ижтимоий адолат тараннумини кўриш мумкин.  Қайси китобни қўлга олманг, уларда ижтимоий адолат, маънавий-ахлоқий покликка даъват кўринади. Шундан келиб чиқилса, нафақат судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлашда, балки суд тизимида китобхонликни тарғиб этиш орқали кадрларнинг маънавиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Зотан,  давлат раҳбари  айтганидек,  адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмайди.

Дарвоқе, қизғин ўтган очиқ дарс, хусусан, савол-жавоб жараёнида тилимизга ёт, аммо ўзимизга ёд бўлиб кетган сўзлар (беихтиёр) айтилгани, уларга ҳурматли меҳмоннинг беозор “тузатиш”ларидан бир неча марта енгил кулгилар кўтарилди. Аммо бундан завқ туюлгани йўқ, аксинча, хижолатга тушилди. Шунинг ўзиям очиқ дарс мавзуси долзарблигини яна бир бор кўрсатди-қўйди.  

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech