Ҳуқуқнинг мажбурияти ҳам бор
Хоразм вилоят суди апелляция инстанциясида кўриб чиқилаётган Т. Жуманиёзовга оид жиноят иши “Effect.uz” сайтида астойдил ёритилмоқда. Мавзуга доир биринчи чиқишида сайт ходими суд мажлиси белгиланган вақтдан аввалроқ бошланганини эътироф этди. Шунингдек, суд процессини видео тасвирга олиш ҳақидаги илтимосномаси рад этилгани, жараён суднинг ташаббуси билан аудио шаклда ёзиб олинаётганини ҳам маълум қилди. Бундан ташқари журналист судга киритилган (жараённи тасвирга олиш ҳақидаги) илтимосномаси давлат айбловчиси томонидан судга нисбатан босим, дея талқин этганидан таажжуб билдиради.
Дарҳақиқат, таажжуб ўринли: журналистнинг (блогернинг) суд жараёнини тасвирга олиш ҳақида судга илтимоснома киритишининг ўзи босим дегани эмас. Борди-ю илтимоснома (тарафларнинг фикридан келиб чиқиб) қаноатлантирилмаса, бу журналист (блогер) суд залини тарк этиши шарт эканини ҳам англатмайди. Улар эркин тарзда ёзма қайдлар қилишлари, стенограмма юритишларига-да монеълик йўқ. Шунингдек, жараён ҳақида ахборот характеридаги материаллар тарқатиш ҳам мумкин. Фақат, ахборот холис, судга муайян босим пайдо қилиши ёки иш ҳақида турли башоратлардан иборат бўлмаслиги лозим.
Гап “босим” ҳақида кетар экан, “Effect.uz”нинг мазкур жиноят иши бўйича эълон қилаётган хабар ва лавҳаларнинг ўзидан етарлича мисол топиш мумкин. Хусусан, сайт ходимлари ушбу жиноят иши гўёки “Заказной дело” эканини очиқ-ойдин овоза қилмоқда. Шунинг ўзи ахборот тарқатишда холислик мезони бузилаётгани, фақат бир тарафнинг фикри билан чегараланиб қолинаётганини кўрсатади. Судланувчининг яқини номидан эълон қилинган “Азоб кунлар...” сарлавҳали кейинги материалда ишни биринчи инстанцияда кўриб чиққан судья гўёки лавозимига доғ туширгани, унга нисбатан хизмат текшируви ўтказилиб, вазифасидан озод қилиш лозимлиги ҳақидаги мурожаат хусусида ҳам шу гап.
Судланувчининг яқинларини тушуниш мумкин, ҳибсдаги оила бошлиғининг хонадонида хотиржамлик бўлмаслиги рост, лекин улар ҳам тушунишлари лозимки, тарафларнинг важларига тармоқда эмас, судда ҳуқуқий баҳо берилади. Сайт ходимларининг турли шакл ва оҳангдаги пешма-пеш чиқишлари эса жиноят иши ҳақида тасаввури бўлмаган тармоқ фойдаланувчилари ўртасида турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқдаки, бу ҳол судга ижтимоий босим эҳтимоли ва бир тарафлама ахборот тарқатиш орқали таъсир ўтказишга уриниш аломатларини юзага келтирмоқда. Ваҳоланки, ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган, иш апелляция инстанциясида кўриб чиқилмоқда.
Шундай экан, такрор эслатишга тўғри келади: судга таъсир ўтказишга уриниш қонун билан бежиз таъқиқланмаган, бунинг учун жавобгарлик мавжудлиги боиси ҳам шунда. Мазкур норма сўз эркинлиги ҳуқуқ экани баробарида унинг мажбурияти ҳам борлигини англатади.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати