Расмий ахборот (ва унга икки оғиз илова)
“Эзгулик” жамияти раисининг ижтимоий тармоқда эълон қилган жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судидаги ҳолат бўйича хизмат текшируви тайинланди. Тошкент вилоят суди судьялари малака ҳайъати томонидан ўтказиладиган хизмат текшируви натижаси юзасидан қўшимча ахборот берилади.
Шу билан мазкур ахборотга нуқта қўйиш мумкин эди. Бироқ тармоқдаги бошқа каналлар ҳам юқоридаги нордон писанда ва тагдор қочиримларга тўла хабарни мамнуният билан кўчириб босиши натижасида юзага келган муҳокамалар икки оғиз қўшимча изоҳга эҳтиёж пайдо қилмоқда.
Албатта, ҳар ким ўз фикрини эркин билдириш ҳуқуқига эга. Танқидлар ҳам бош устига, бироқ эркин фикр айтишда усул ва оҳангнинг меъёри ҳам бўлиш керак. Муаллиф судьянинг мантиясиз суд мажлиси ўтказганига билдирилган эътироздан сўнг жараён рисоладагидек қайта ўтказилганини “қабиҳлик” деб баҳолабди. Буниси энди жуда ортиқча. Унда ҳақорат учқунлари ҳам борки, муаллиф ҳолатга баҳо беришда яхшигина ҳаяжонланган кўринади. Бунинг сабаби ҳам бордай: “Эзгулик”нинг бир вакили суд жараёнида маҳкумлардан бирининг ҳимояси учун ҳозир бўлганди. Бироқ унинг судга киритган илтимосномаси ваколатли шахс томонидан берилмагани сабаб рад қилинган.
Қармоқ кўтариб дарёга борган одамнинг балиқсиз қайтиши ёқимсиз бўлганидек, алоҳида тайёргарлик билан судга келган шахснинг муроди ҳосил бўлмаслиги ҳам шундай. Балиқчи аламини қармоғидан олмайди, муаллиф эса аламини қаламидан кўпроқ олган кўринадики, у тарқатган ахборотда холислик мувозанати бузилгани кўриниб турибди. Холисликдан чекинилган жойда самимиятга ҳам путур етиб, адоват кучайиши мумкин. Адоват билан эса адолатни англаш қийин: барибир нимадир камдек туюлаверади, кўринаверади...
Ҳолат юзасидан хизмат текшируви тайинлангани (унинг натижасига қараб) тегишли шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиши эҳтимоли юзага келаётганини англатади. Ахборотга илова тарзида ёзилаётган ушбу мулоҳазалар масаланинг ҳуқуқий эмас, маънавий-ахлоқий жиҳатига боғлиқ. Зотан, ҳусн – тўйда, одоб кунда керак.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизимати