Холисликнинг ҳикмати кўп...

15 Октябрь 2024 11:25 649 Чоп этиш

 Ушбу воқелик “суд қароридан сўнг муҳтож оилага уй-жой берилди” мазмунидаги одатий гаплар билан баён қилинса, масала моҳияти тугал очилмайди. Бундай усул хўп айтилса-да, кўпинча у қулоқдан кириб, бунисидан чиқиб кетаётган Холисликнинг маъноси-ю ҳикмати ҳамда амалдаги ифодаси ҳақида мухтасар мулоҳаза юритиш имкониятини чеклаб қўяди. Чунки, “Yuristkadr” каналида эълон қилинган қисқагина хабарда атрофдагиларга беғараз, чин дилдан, самимий яхшилик қиладиганларга бежиз айни сифат берилмаслиги ва унинг (холисликнинг) амалдаги натижасини ҳам яққол кўриш мумкин.

...Тошпўлатовлар ижтимоий ҳимояга муҳтож оила. Ота - ногирон, фарзанд бемор, бундай вазиятдаги онанинг ҳолатини тасаввур қилиш қийинмас. Устига устак, оила узоқ йиллардан бери ётоқхонада яшайди. Катта умидлар билан туман ҳокимлигига мурожаат қилишганди, турар-жой ажратиш ва рўйхатга олишни сўраб, бироқ кутилган натижа бўлмади: мурожаат рад қилинди. Шундай пайтда кўпчиликнинг хаёлига келадиган гап шундай: “қани, битта холис одам бўлсаю...”.

Холислар топилди: “Yuristkadr” адвокатлари томонидан оилага бепул юридик ёрдам кўрсатишга қарор қилиниб, туман ҳокимлигига нисбатан туманлараро маъмурий судига ариза киритдилар: “Иш холис кўрилса, ютамиз!”

Судга киритилган ариза судья О. Ҳакимов чекига тушди. Ва холис кўрилиши натижасида адолатли, қонуний ва асосли қарор қабул қилинди: ҳокимликнинг ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилиб, Тошпўлатовлар оиласини турар-жой учун рўйхатга киритиш мажбурияти юклатилди.

Шу ўринда “Нима, судлар бошқа ишларни холис кўрмайдими?” дейишга бироз шошмайсиз. Судда тарафлар низолашар экан, ютқазган томон суд қароридан норози бўлиши, юқори суд инстанцияларига шикоят киритиши  табиий. Эътиборлиси, уларнинг аксариятида шундай гаплар учрайди: судья холислик қилмади, ишни бир томонлама кўрди ва ҳоказо, ҳоказо...

Беш бармоқ барбар эмас, тўғри, қуйи суд қарорлари юқори суд инстанцияларида бекор бўлиши ёки ўзгариши эҳтимоли инкор қилинмайди. Бироқ бу - уларнинг ҳаммаси суднинг нохолислиги оқибати, дегани ҳам эмас. Суд қарорларининг юқори суд инстанцияларида ўзгариши ёки бекор бўлишининг асослари кўп, бироқ ҳозир гап бунда эмас. Масала судда ютқазган томоннинг суд қарорига холис назар билан қарашига ҳам боғлиқдай. Туман ҳокимлиги суд қарорига нисбатан шикоят қилмади, балки ижро учун қабул қилгани -   яна бир холисдан  дарак.

Мана,  натижаси: куни кеча Тошпўлатовлар оиласига икки хонали уй берилибди. Буни мамнуният билан каналда эълон қилган “Yuristkadr” маъмури судьяга алоҳида ташаккур айтибди.

Адвокатларнинг нияти холис эди – бепул хизмат кўрсатилди.

Судья ишни холис кўрди: ҳокимликка мажбурият юклатилди.

Ҳокимлик ҳам масалага холис нигоҳ билан қаради - яқиндаги умидсизликнинг берк кўчасига кириб қолган оиланинг энди бошпанаси бор.

Холисликнинг ҳикмати шу эмасми?

Энг муҳими, буларнинг замирида  иш бўйича тарафлардан бирининг судга ишончи, иккинчисининг ҳурмати ётибди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech