Иқтисодий ишлар бўйича судлар судьялари кенгашиб олди
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг форуми бўлиб ўтди. Унда иқтисодий ишлар бўйича судлар судьялари иштирок этди.
Маълумки, Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клуби амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган тузилма бўлиб, жамоатчилик асосида фаолият юритади.
Замонавий ахборот технологиялари имкониятларидан унумли фойдаланиш қандай самара беришини Судьялар клуб фаолияти мисолида кўриш мумкин. Яъни, Судьялар клубининг асосий иш фаолияти унинг электрон платформаси ҳисобланиб, қайси судьяда иш юзасидан қандай савол туғилса, ўша заҳоти (электрон платформага) ёзиши мумкин. Масала онлайн муҳокама этилади. Айни жараёнда масалага ойдинлик киритилиши бир фойда бўлса, муҳокамада иштирок этган (ёки кузатаётган) бошқа судьялар учун тажриба мактабини ўташи - иккинчи фойдадир.
Таҳлилларга кўра, Судьялар клубининг онлайн-форумида иқтисодий ишлар бўйича суд амалиётида учраётган муаммолар ҳамда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш юзасидан 5994 та мавзу муҳокама қилинган. Муҳокамаларнинг салмоқли қисми тўловга қобилиятсизликка оид низолар кўриб чиқилишига боғлиқ бўлиб, бу борадаги қонунларни қўллаш, уларга Олий суд Пленуми доирасида тушунтириш берилиши заруриятини келтириб чиқармоқда.
Бўлиб ўтган форумда тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиётида вужудга келаётган муаммолар ва уларни ҳал этишнинг процессуал воситалари хусусида фикр алмашилди, Клубнинг масъул аъзолари томонидан тавсиявий тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, айрим ҳуқуқий нормаларини такомиллаштириш, Олий суд Пленуми қарори шаклида тушунтириш беришга заруриятига доир масалалар ҳам муҳокама қилиниб, тегишли таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.