Маълумот яширилгани йўқ, аммо ҳолат изоҳ талаб қилади
Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман суди раиси ва судьясига нисбатан интизомий жазо қўлланилганига доир Кенгаш ахбороти ижтимоий тармоқдаги қатор каналларда эълон қилинар экан, унга "маҳкум озодликка чиқарилгани" ҳам қўшимча қилинмоқда. Натижада жамоатчиликда гўёки қонунга зид суд ҳужжати қабул қилган-у унинг бекор бўлиши ортидан бир маҳкум озодликка чиқиб, айни шу судьянинг интизомий жазога тортилишига сабаб бўлган, мазмундаги фикр ва тасаввурлар пайдо бўлмоқда. Устига устак, “йўқ, бу жараёнда маҳкумга оид иш мазмунан кўриб чиқилмаган, масала бунгача етиб бормаган”, маъносида берилган изоҳ эса “нега суд маълумотни яширяпти, маҳкум жазодан озод қилинган-ку?” деган навбатдаги саволларни келтириб чиқармоқда.
Дарҳақиқат, ҳолат юзасидан изоҳга эҳтиёж бор.
Ижтимоий тармоқларда яхшигина шов-шувга сабаб бўлган жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судидаги ҳолат бўйича хизмат текшируви тайинлангани ва унинг натижасидан жамоатчиликнинг хабари бор. Таъкидлаш керакки, хизмат текшируви судьянинг хатти-ҳаракатлари доирасида бўлиб, бунда суд ҳужжатининг қонунийлиги кўриб чиқилмайди. Суд ҳужжатларининг қонунийлигига фақат юқори суд инстанцияси ҳуқуқий баҳо бериш ваколатига эга.
Мавжуд ҳолатлар келсак.
...Маҳкум И.К.га нисбатан ўталмай қолган жазони енгилроғи билан алмаштириш тўғрисидаги судга илтимоснома киритилган бўлиб, масала уни (илтимосномани) умумий асосларда кўриб чиқишгача етиб бормагани тўғри. Яъни, илтимоснома ваколатли шахс томонидан берилмагани сабабли суд томонидан рад қилинган (2024 йил, 8 октябрь).
Мазкур ажримга нисбатан берилган шикоят Тошкент вилоят суди кассация инстанциясида кўрилиб, қаноатлантирилмаган. Шунингдек, жиноят ишлари бўйича туман судининг ажрими ҳам бекор қилинган (2024 йил, 15 октябрь).
Нега?
Кассация инстанцияси биринчи инстанция судининг “илтимоснома ваколатли шахс томонидан берилмагани” ҳақидаги хулосасига қўшилган. Бироқ бундай ҳолатда илтимосномани рад қилиш ҳақида эмас, балки уни қабул қилишни рад қилиш тўғрисида ажрим қабул қилиниши лозим, деган хулоса келган. Илтимоснома қабул қилинишигача етиб борилмаган экан, ундаги важлар муҳокама қилинмаслиги, демакки, жазони ўзгартириш-ўзгартирмаслик ҳақида суд ажрими чиқарилмаслиги ўз-ўзидан равшан. Шундан келиб чиқилса, ижтимоий тармоқлардаги “...юқори инстанция суди маҳкум И. К.нинг ишини қайта кўриб чиқиб, уни озодликка чиқарди”, дейилган ахборотлар нотўғри экани ойдинлашади.
Бугунги келиб, маҳкумга тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилгани ҳам рост. Бу алоҳида суд жараёнининг натижаси бўлиб, юқоридаги суд процессларига боғлиқлиги йўқ.
Гап шундаки, тегишли илтимоснома ваколатли шахс томонидан берилмаган сабаб уни қабул қилиш рад қилганидан кейин айни ҳужжат ваколатли шахс (адвокат) томонидан судга қайта киритилган. Илтимоснома жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судида кўрилиб, қанотлантирилтирилган (18 октябрь, 2024 йил). Суд ажримига кўра, маҳкум зиммасидаги ўталмаган 2 йил, 11 ой, 10 кунлик озодликдан маҳрум қилиш жазоси (шу муддатга) ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолиш шарти билан ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилган.
Кўринадики, шу ишга оид бирорта маълумотнома яширилгани йўқ. Мавзуга доир расмий ахборот турли талқинлар билан турли манбаларда эълон қилиниши, шу жараёнда қўшиб-чатиб семиртирилиши калаванинг учини йўқотишгача олиб келган бўлиши мумкин ва бу мутлақо табиий. Чунки, шугина масала бўйича озмунча ахборот хуружи бўлгани йўқ ва давом этмоқда ҳам. Давом этаётгани шуки, енгилроғи билан алмаштирилган “ахлоқ тузатиш жазоси”ни тушуниб-тушунмай “жазодан бутунлай озод қилинди”, дея бонг ураётганлар ҳам бор.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати