Судьялар ҳамжамиятининг икки вакиласи АҚШда бўлиб ўтган халқаро тадбирда иштирок этди

26 Октябрь 2024 13:37 487 Чоп этиш

АҚШ Аёл судьялар ассоциациясининг йиллик конференцияси бўлиб ўтди. Калифорния штатининг Сан-Диего шаҳрида ташкил этилган тадбирда дунёнинг йигирма икки мамлакати аёл судьялари вакилалари, жумладан, Ўзбекистондан Судьялар олий кенгаши шўъба раҳбари Нодира Бобохонова ва Олий суд судьяси Муҳаббат Рабиева иштирок этди.

“Одил судлов: ўтмиш, бугун ва келажак – уйғунлик сари” мавзусида ўтган конференцияда одил судловни амалга оширишда гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларнинг суд тизимидаги ролига доир масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, озодликдан маҳрум этилган хотин-қизларни жамиятга муваффақиятли қайтариш бўйича илғор тажрибалар ўрганилди. Турли давлат аёл судьялари ўртасидаги самарали ҳамкорлик хусусида сўз юритилди.

 Бундан ташқари  одил судловни амалга оширишда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, бу жараёндаги юзага келадиган муайян муаммолар ва уларнинг ҳуқуқий ечимлари бўйича фикр алмашилди. Судьялар хавфсизлигини самарали таъминлаш, иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатни сақлаш бўйича тажрибадан ўтган қоидалари юзасидан жонли мулоқотлар қилинди.

Шунингдек, тадбир доирасида суд биноларига танишув ташрифлари амалга оширилиб, федерал ва штат суд жараёнларида иштирок этилди, америкалик аёл судьялар билан учрашувлар ўтказилди.

Маълумот учун: АҚШ аёл судьялари Миллий Асоссциацияси (National Association of Women Judges, NAWJ) 1979 йилда йилда ташкил этилган. Суд тизимида аёлларни қўллаб-қувватлаш ва одил судловни амалга оширишда тенглик ва ижтимоий адолатни таъминлаш мақсдида тузилган ушбу ассоциациянинг 200 нафардан ортиқ аъзоси бор.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech