Сабаб, асос ва оқибат

30 Октябрь 2024 18:45 1427 Чоп этиш

“Daryo”нинг “YouTube”даги каналида эълон қилинган собиқ судья билан суҳбат жорий йилнинг ўтган даврида неча нафар судья қандай асосларга кўра лавозимидан озод этилганига оид маълумотлар билан бошланади. Расмий манбага таяниб, тилга олинган рақамлар Кенгаш фаолияти натижаси экани рост, айни пайтда улар оммага мамнуният эмас, оғриқ билан билдирилишига таъкид шарт. Чунки, катта ишонч билан лавозимга тайинланган айрим судьяларнинг ваколатларини маълум асослар билан муддатидан илгари тугатиш, юмшоқ айтганда, ёқимсиз . Жиззах туманлараро иқтисодий суди собиқ судьяси М. Юлдашевнинг ушбу лавозимдаги фаолияти тўққиз ойда якунлангани хусусида ҳам  гап шу.

 Мулоқот жараёнида М. Юлдашев фаолияти мобайнида маълум хато ва камчиликларга йўл қўйганини инкор этмайди, аммо унинг бадали лавозимидан озод этиш даражасида эмаслигини иддао қилади. Асосий урғу эса  укасига доир жиноят ишидаги иштирокига берилади.

Оға-инилардан бирининг оёғига тикон кирса, бошқасининг жони оғришини тушуниш мумкин. Бироқ судьялик шундайки, ушбу лавозим эгаларига нисбатан наинки хизмат пайтида, балки хизматдан ташқари вақтда ҳам маълум чекловлар жорий қилинган. Чекловлар кийинишидан тортиб, маълум тадбирларда иштирокигача, муомала маданиятидан оилавий муносабатлар, ҳатто дўст танлашда эҳтиёткор бўлишгача қамраб олинган. Хусусан, судья нафақат муайян суд иши бўйича ҳуқуқий маслаҳат беришга ва ўз фикрини билдиришга, шунингдек судда кўрилган ёки суд иш юритувидаги ишларни хизматдан ташқари ҳолатда муҳокама қилишга ҳақли эмас. Шундан келиб чиқилса, М. Юлдашевнинг укасига оид жиноят ишидаги иштироки унинг хизматдан ташқари ҳолатда  суд иш юритувидаги ишларни муҳокама қилишига олиб келган ва бу Судьялар одоби кодекси қоидаларига зид экани  ҳаракат экани ўз-ўзида маълум.

Таъкид шартки, М. Юлдашевнинг лавозимидан озод этилиши унинг укасига доир жиноят ишидаги (у фирибгарлик, шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш жиноятларини содир қилишда айбдор деб топилиб,  тегишли жазога тортилган, ҳукм айни пайтда қонуний кучда) иштироки билангина боғлиқ эмас. Унинг мавжуд тартибларга риоя этмай  апрель ойи бошида  рухсатсиз Жиззахдан  Наманганга кетиб,  етти кун  иш жойида бўлмагани меҳнат интизоми бузилишидан ташқари судга мурожаат қилган тарафларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига ҳам таъсир қилгани кўринади. Айни шу ойда судга тақдим этилган 60 та ариза қонунда белгиланган муддатда суднинг иш юритувига қабул қилиш масаласини ҳал қилмаган бўлса, 38 та иш бўйича уларни кўриб чиқиш муддатлари бузилган. Бундан ташқари кўриб чиқилган юздан ортиқ ишларни вақтида архивга топшириш чоралари ҳам кўрилмаган. Энг ёмони, тўққиз ойлик фаолияти давомида у кўриб тамомлаган ишлар бўйича 13 та ҳал қилув қарори юқори суд инстанцияларида тўлиқ бекор қилинган бўлса, 18 таси ўзгартирилган.

Бу давр мобайнида М. Юлдашевнинг суд мажлиси жараёнидаги хатти-ҳаракатлари бўйича шикоят тушгани,  ўтказилган хизмат текширувида (2024 йил, февраль) ундаги важлар қисман тасдиғини топгани, бироқ тизимнинг янги вакили экани инобатга олинган ҳолда (хизмат текшируви натижалари) муҳокама қилиш билан чекланганини айтиб ўтиш ортиқчалик қилмайди.

Жиззах вилояти судлари судьялари малака ҳайъати томонидан ўтказилган кейинги хизмат текшируви хулосаси муҳокамасида М. Юлдашевнинг судья сифатида нафақат  укасининг ишидаги иштироки, балки  қисқа фаолиятида йўл қўйган бошқа хато-камчиликлари ҳам эътиборга олиниб, уни Жиззах туманлараро иқтисодий суди судьяси лавозимидан озод этиш ва ваколатларини муддатидан илгари тугатиш ҳақида қарор қабул қилинган.  Мазкур қарор унинг шикоятига асосан аввал Судьялар олий малака ҳайъатида, сўнг Судьялар олий кенгашида кўриб чиқилиб, ўзгаришсиз қолдирилган.

Кўринадики, Жиззах вилоят судлари судьялари малака ҳайъатининг қарори бир эмас, икки босқичда коллегиал кўриб чиқилган, демак, уни гўёки “йўлдан олиб ташлаш мақсадида” лавозимидан озод этилганига доир  иддаоларида асос йўқ. Унинг шу мазмундаги важлари алоҳида ўтказилган хизмат текширувида ҳам тасдиғини топмаган.

Юқорида катта ишонч билдирилиб, лавозимга тайинланган айрим судьяларнинг ваколатини (етарли асослар бўлса-да) муддатидан илгари тугатиш ёқимсиз экани айтилди. Лавозимидан озод этилганидан кейин  кенг оммага изоҳ беришга тўғри келаётгани ҳам мамнунлик бахш этмайди. Чунки, маълум доирада муҳокама қилиниб, кўпчилик овоз билан қабул қилинган қарор тафсилотлари (шундоғам тафсилотларнинг оммага ошкор қилиш мумкин бўлган жиҳалатлари қаламга олинди) уни қабул қилган органдан кўра, шунга мажбур қилган шахс ҳақидаги дастлабки тасаввурларни ўзгартириши эҳтимоли йўқ эмас. Таассуф, унинг тармоқдаги чиқиши бошқа чора қолдирмади.

 Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech