Кенгаш вакиллари IOJTнинг Сеулда бўлиб ўтаётган навбатдаги конференциясида иштирок этмоқда

6 Ноябрь 2024 11:26 367 Чоп этиш

Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилотининг (IOJT) навбатдаги конференцияси бўлиб ўтмоқда. Дунёнинг 70 дан ортиқ давлат вакиллари жамланган мазкур тадбирда Ўзбекистон  Республикаси Судьялар олий кенгаши аъзолари Хуршид Содиқов ва Ҳусниддин Камолов иштирок этмоқда.

Конференциядан кўзланган мақсад – судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар корпусини шакллантириш ҳамда судьяларнинг малакасини ошириш масалаларида  фикр алмашиш бўлиб, ҳар бир давлат вакиллари миллий тажрибаларини тақдим қилмоқда. Жумладан, Судьялар олий кенгаши котиби Хуршид Содиқовнинг Кенгаш томонидан ташкил этилган Ижодкор судьялар клуби фаолияти тўғрисидаги маърузаси ҳамда судьяларнинг малакасини оширишга доир ўқув дастурларига уларнинг маънавиятини юксалтириш билан боғлиқ масалаларни киритиш борасидаги таклифлари конференция иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

 Шунингдек,  судлар фаолиятига сунъий интеллектни жорий этиш масалалари конференция муҳокама марказида бўлди. Бу борада вакилларимиз илгари сурган концепция асосида Ўзбекистон, АҚШ, Хитой, Сингапур, Бразилия ва Жанубий Корея делегациялари томонидан халқаро ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.

Эслатиб ўтамиз, Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилоти (IOJT) 2002 йилда ташкил этилган. Айни пайтда 77 мамлакатнинг судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш ва судьялар малакасини оширишга ихтисослашган 125 та ташкилот ҳамда таълим муассасалари мазкур халқаро ташкилот аъзолари ҳисобланади.

2022 йил ноябрь ойида Канаданинг Оттава шаҳрида бўлиб ўтган конференцияда Судьялар олий кенгаши ушбу халқаро ташкилот аъзолигига қабул қилинган.

Шу муносабат билан вакилларимиз  халқаро ташкилотнинг Сеулда бўлиб ўтаётган ассамблеяси кун тартибидаги масалалар бўйича овоз бериш жараёнида тўлақонли аъзо сифатида иштирок этди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech