Матбуот котиблари бевосита, суд раислари масофадан...

17 Ноябрь 2024 11:15 433 Чоп этиш

Кеча вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг матбуот котиблари учун “Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари ходимлари билан ишлаш: муаммо ва ечимлар” мавзусида семинар бўлиб ўтди. Судьялар олий кенгаши ва Олий суд ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда матбуот котибларидан ташқари вилоят ва унга тенглаштирилган судлар раислари масофадан иштирок этди.

Тадбирлар, катта ё кичикроқми, мутасаддилар иштирокисиз ўтмайди. Бироқ бу гал бироз бошқача йўл тутилди. Семинарнинг биринчи қисмида тизим раҳбарияти иштирок этмади, шу тариқа матбуот котибларига мавзу юзасидан бемалол ва эркин мулоқот қилиш, мавжуд муаммо ва уларнинг ечимлари бўйича ўзаро фикр алмашиш имконияти ҳавола этилди (раҳбар минг очиқ бўлмасин, ҳаммаям унинг олдида ўз фикрини бемалол айта олмаслиги бор гап). Бунинг натижасида судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш, тизим ҳақида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлардаги танқидий чиқишларга тезкор муносабат билдириш, медиа вакиллари билан сифатли мулоқотни йўлга қўйиш борасидаги ишлар таҳлил қилинди, муайян камчиликлар, уларнинг  сабаб ва ечимлари очиқ, аччиқ ва ошкора муҳокама қилинди.

 Ўзаро мулоқотда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда тизим фаолияти бўйича қонунга хилоф ва асоссиз эълон қилинаётган чиқишлар судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлигига таъсирига алоҳида эътибор қаратилди. Ахборот хуружларига объектив ва тезкор муносабат билдиришнинг турли услуб ва шакллари, ахборот технологиялари имкониятларидан унумли фойдаланиш бўйича таклифлар ўртага ташланди.

Шунингдек, судьяларнинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигига доир Судьялар одоби кодекси қоидалари, бу жараёнда матбуот котибларининг вазифалари хусусида гапирилди. Алоҳида қайд этилдики, аҳолини судга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судьялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш тизим олдидаги устувор вазифа экан, бунда жамоатчилик билан алоқаларга масъул бўлган матбуот котиблари зиммасидаги вазифалардан келиб чиқиб, уларга лозим шароитлар яратишдан ташқари жойлардаги айрим суд раҳбарлари ахборот сиёсати масаласида қарашларини ўзгартириши лозимлиги ҳам очиқ айтилди.

 Тадбирнинг иккинчи қисмида тизим мутасаддиларидан ташқари оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этди.  Улар иштирокида матбуот котиблари фаолияти юзасидан эътироф ҳам айтилди, эътирозлар ҳам билдирилди. Шунингдек, уларнинг малакаси ва фаолиятини самарадорлигини янада ошириш,  судлар фаолиятига доир сўровлар ва уларга жавоб бериш, бу борада юзага келаётган айрим тушунмовчиликлар, тизим фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари, ҳуқуқий тартибларига эътибор қаратилди. Бундан ташқари оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерларнинг ихтисослашуви зарурияти, “суд мухбирлари” корпусини шакллантириш эҳтиёжи, бу  борада суд органлари томонидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш масалалари ҳам семинар ишининг асосий мавзуларидан бўлди.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech