Тавсия: “Жараён” ни ўқиш керак

20 Ноябрь 2024 17:59 445 Чоп этиш

 "... Эҳтимол бизнинг барчамиз ҳам ҳудди шундай, у даражада золим кишилар эмасдирмиз ва ҳар бир кишига астойдил ёрдам бермоқни истаймиз, бироқ суддан бўлганимиз боисми, енгил-елпилик билан булар золим, баттол кишилар, ҳеч ҳам кўмак бермайдилар, деб ўйлайдилар. Мен бундан чунонам изтироб чекаман".  (Франц Кафка, “Жараён” романидан)  

 Австриялик адиб Франц Кафка қисқа умр кўрган (1883-1924) бўса-да, бироқ баракли ижод қилган. Адибдан бир неча роман, кўплаб ҳикоялар  қолган. Унинг  кўп асарлари вафотидан кейин эълон қилингани айтилади. Асарлари дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган, ижоди ҳақида  баҳслар кўп.

Заҳматкаш ўзбек ёзувчиси ва адабиётшуноси Хуршид Дўстмуҳаммаднинг Кафка ижодига берилган таърифи менда унинг асарларига қизиқиш уйғотди. Ижодкор асарлари билан таниша туриб, унинг “Жараён” романи эътиборимни тортди.

Кимдир ҳибсга олиндими, демак, ҳадемай суд жараёни бошланади. Суд жараёни асносида, жиноят ишидаги ҳолатларга ойдинлик киритилади. Асарнинг номланиши ўқувчини биринчи навбатда шундай хаёлга ундайди. У ўзини суд жараёни тафсилотларни ўқишга чоғлайди.

Бироқ ...

Ҳеч кимга ёмонлик қилмаган, бирон-бир ножўя иш содир этмаган асар бош қаҳрамони Йозеф К. нинг ҳибсга олиниши ҳамда унинг бошидан кечган воқеалар баёнида шахснинг ички руҳий кечинмалари, ўша даврдаги суд идоралари, адвокатлар ва жиноят ишини юритишга масъул бўлган бошқа шахсларнинг инсонларга нисбатан бўлган муносабатлари кўз олдингизда намоён бўлади. Бироқ асар мутолааси оғир, жумлалар қатига сингдирилган фикрларнинг мағзини чақиш ҳам осон эмас.

Асар мутолааси худдики судья худди чекига тушган жиноят ишининг синчиклаб ўрганишига  ўхшайди.  Судланувчининг изтироби, яқинларининг безовталиги, адолат пешволарининг хатти-ҳаракатлари... ҳамма-ҳаммаси кўз олдингизда гавдаланади, бу судьяларнинг кунлик иши жараёнларини ёдга солади, бироқ уларда  биз билмаган жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Шу боис асардаги воқеалар ривожи ўқувчини шошмасликка,  сабр билан ўқишга мажбур қилади.

Ҳаётда шундай ҳолатлар юз берадики, инсон ўзи дуч келган муаммоларнинг асл сабабларини ташқаридан ёки ўзгалардан эмас, ўзидан, ўз қалби ва онгининг шу вақтга қадар назар ташлаб кўрмаган, назар ташлашга юраги бетламаган туб қатламларидан излаб топгиси келади. Лекин уммон қаърига шўнғийдиган ғаввосликнинг ўзига яраша асбоб-анжоми, маҳорат сирлари бўлгани каби ўз қалбининг нигоҳ илғамас пучмоқларига сафар қилиш учун ҳам махсус анжомлар, услублар, воситалар даркор, дейди китобга сўзбошиси муаллифи. “Жараён” сингари романлар, Франц Кафка тоифасидаги адиблар яратган боқий асарлар эса ҳудди шундай маънавий сафар анжоми, воситаси вазифасини ўтайди. Ҳар қандай миллий адабиётнинг нуфузи “Жараён” ўша тилга ўгирилган-ўгирилмаганлиги билан ҳам белгиланади, жаҳон адабиёти тарихи Франц Кафкагача ва ундан кейинги даврга бўлинади.

Таниқли ўзбек ҳуқуқшунос олими, академик Акмал Саидов томонидан “Эврилиш” ҳамда “Кафка-юрист” каби китоблар нашр қилгани Франц Кафканинг ижоди ҳуқуқшуносларга яқинликни кўрсатади. Демак, қанчалар мураккаб,  унинг ижоди билан танишиш фойдадан холи бўлмайди.

Жумладан, адибнинг “Жараён” романини ўқиган  ҳар бир судья ўзига улкан маънавий озуқа олиши мумкин.

                                                                                                                                                                                                                                                  Асқар Мамараимов,

 Сурхондарё вилоят

судининг судьяси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech