Ўхшамаган “ўхшатиш” ёки отга урилган тўқим!

22 Ноябрь 2024 19:11 842 Чоп этиш

Адвокат Шамсиддиновнинг суд натижасидан мамнунлигини, мамнунлиги баробарида Тошкент шаҳар маъмурий суди тафтиш инстанцияси аъзоларига қилган лутфини тушуниш мумкин. Унинг ўзи тараф сифатида иштирок этган иш якуни бўйича қабул қилинган суд ҳужжатини “суд тизимидаги мустақиллик ва холислик принципларининг амалга оширилишига ёрқин мисол” дейишида ҳам хурсандлиги яққол кўринади.

Муҳтарам адвокат таассуротларини бироз ҳаяжон билан ижтимоий тармоқ орқали ўртоқлашар экан, бўлиб ўтган воқеликни “Қарға қарғанинг кўзини чўқиди” (?!) дейдики, унинг бундай ўхшамаган “ўхшатиши” суд ва судьялар шаънига айтган лутф-у эътирофидаги самимиятни йўққа чиқарибди.

Ўрта бўғин судларида ишлар кўриб чиқилишига оид  тартиб, хусусан,  тафтиш инстанцияси жорий этилгани бўйича баҳс-мунозаралар йўқ эмас.  Баҳс-мунозараларда апелляция ёки кассация суд инстанциясида қабул қилинган суд ҳужжатлари тафтиш тартибида холис кўриб чиқилишига шубҳалар билдирилгани ҳам рост. Ўрта бўғин судларида тафтиш инстанцияси жорий этилганига ҳали бир йил тўлгани йўқ, ўтаётган вақт баҳс-мунозараларда айтилган фикрлар нечоғли тўғри ёки нотўғри эканига тобора ойдинлик киритиб бормоқда.

 Жорий тартибда ишлар холис ва қонуний кўрилишига шубҳа билдирганлар ўз фикрларини ўта қўпол тарзда “Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди”, дея  асослашга уринган бўлса, бундай қарашлар  асоссиз эканини  амалда ва ўз амалиётида кўрган адвокатнинг “йўқ, чўқир экан” (?!), дея бонг уриши на оддий одоб меъёри, на касб этикасига тўғри келади?! Ваҳолангки, апелляция ёки кассация инстнцияларида қабул қилинган айрим суд қарорлари тафтиш тартибида кўрилганида ўзгартирилаётгани ёки бекор қилинаётгани ноёб ҳодиса эмас.

Ушбу муносабатни оғиздан чиққанини ёқага ёпиштириш ёки “судларни мақтаб ҳам балога қолишми?” қабилида тушунмаслик сўралади. Ким нима демасин, судлар ҳақида, судьялар ҳақида қандай фикр айтмасин (айниқса ҳуқуқшунос), сўзни ҳис қилиши ва касб этикасига риоя этиши керак. Акс ҳолда, баланд пардаларда айтилган эътирофнинг самимийлигига путур етиб, отга урилган тўқимдек хунук ва ёқимсиз  кўринади.

Судьялар олий кенгаши

 матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech