Тушуниш, лозим топилса, тушунтириш лозим

28 Ноябрь 2024 11:35 537 Чоп этиш

Аччиқ ё нордондир, адвокат-блогернинг ёзганларини ёппасига инкор қилиш қийин. Дарҳақиқат, Тошкент шаҳар судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида суд мажлислари вақтида бошланмаслик ҳолатлари бор. Бунинг сабаблари, муаллиф таъкид этганидек, биргина иш ҳажмига боғлиқ эмас. Тўғри, айни омилнинг таъсири алоҳида, бироқ  тарафлардан бирининг белгиланган вақтда судда ҳозир бўлмаслиги ёки  бир суд мажлисининг (объектив сабабларига кўра) мўлжалдагидан узоқроқ давом этиши ва унинг кейингисига таъсири каби бир қанча бошқа сабабларни ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди. Ишларни тўғри ташкил қилишга қанчалар ҳаракат қилинмасин, суд мажлиси қанча вақт давом этишига немисча ҳисобни жорий қилиш иложсиз экани амалиётдан маълум. Аммо бу – судья (судлов ҳайъати) ишни хоҳланганича бошқа кунга қолдириши мумкинлигини билдирмайди. Чунки,  қонунда ишларни  судда кўриб чиқилишининг аниқ муддатлари  белгиланган. Муддат бузилиши эса судьяга нисбатан интизомий чора қўллаш эҳтимолини келтириб чиқаради. Яъники,  ишларни вақтида ўтказиб, белгиланган муддатда якунига етказиш  биринчи навбатда судьянинг ўзи учун муҳим.

Ушбу муносабат билан суд мажлислари вақтида ўтказилмаслиги оқлаш учун ёзилаётгани йўқ. Бу борада  муаммо йўқми?  Бор. Уларнинг ечими учун реал чоралар кўрилмоқдами? Ҳа! Буни муаллифнинг ўзи ижтимоий тармоқдаги кейинги чиқишида  билвосита эътироф этиб ўтибди. Аммо бунгача судьяларга “Ачинайми ё танқид қилайми?” дейдики, бунинг замиридаги  бироз  тушуниш  ва бироз куйинишни  эътироф этамиз. Саволдан келиб чиқилса, танқид қилиш – ҳуқуқингиз, асосли бўлса, бош устига. Аммо суд учун  шафқат эмас, тармоқда бонг уришдан аввал ҳолатни янада теран тушуниш  ва (лозим топилса) бошқаларга ҳам тушунтириш муҳимроқ. Чунки, бугунга келиб, ахборот қуролга айланиб бўлган. Дейлик, маълум сабабларга кўра бошқа кунга қолдирилган суд мажлисини “чала-чулпа ва сифатсиз суд бўлди” қабилида талқин қилиниши жамоатчиликда ҳали ниҳоясига етмаган суд иши бўйича аввалдан муайян тасаввур ва судьяларга нисбатан асоссиз шубҳалар пайдо қилиши мумкин. Ваҳоланки, суд мажлиси бошқа кунга қолдирилгани “суд сифатсиз бўлгани”ни билдирмайди, сифат - қабул қилинган суд ҳужжатига қараб   белгиланади. Бу борада Тошкент шаҳар суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати фаолиятини тармоқларда ёзилаётганидай “қўрқинчли” деб бўлмас. Ўтган тўққиз ойда ушбу суднинг апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларида кўрилган жами уч минг уч юздан ортиқ ишларнинг 0,2 фоизи (8 та суд ҳужжати) Олий судда ўзгартирилган ёки бекор қилган. Бунга  изоҳ шарт  эмас, фақат таъкид шартки, айни рақам суд ишларига Кенгаш баҳоси эмас, балки ахборот тариқасида келтирилмоқда.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech