Бир модданинг иккита қисми ёки қонун олдидаги тенглик
Бир пайтлар биз ишонмаган инсон ҳуқуқлари, унинг қадрини юксалтириш борасидаги суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланди.
Эндиликда “қонун устувор”, “одил судлов” тушунчалари билан бирга “адолат” сўзи, тушунчаси ҳам тилга олинмоқда. Бугун Конституциявий ҳамда фуқаролик ҳуқуқининг муҳим тамойилларидан бўлган адолат ва одиллик тамойиллари суд қарорларида ҳам қайд этилмоқда.
Қонун (норма) ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш ҳамда суд амалиёти борасидаги ислоҳотлар тизимли равишда, прогрессив кўринишда давом эттирилиб, ортга қайтмас жараёнга айланади.
Судда аввало, қонун ва қонун устуворлиги адолатдир. Бу аксиома. Судларнинг қарори қонуний ҳамда қонун нормасига асосланган бўлиши шарт. Шундагина қонун устуворлиги, қонунийлик, қонун олдида тенглик таъминланади.
Аммо яна бир мунозарали мушоҳадаки, буни ҳазм қилиш доим ҳам осон бўлавермайди. Бунинг учун креатив ёндашув, янгича фикрлаш, демократик – халқпарвар қонунлар асосида яшашга ўрганиш даркор. Эски жамият қобиғидан чиқиб кетишга журъат топа билиш, инсон азиз, адолат эса олий қадрият деб қарашга, шундай фикрловчиларнинг фикрига кўникиш учун киши ўзида журъат топа билишига тўғри келади.
“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддаси саккизинчи қисмига кўра, даъвогар томонидан даъво талаблари камайтирилган тақдирда, тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди. Тўққизинчи қисмида эса, даъво суммаси кўпайтирилган тақдирда, давлат божининг етишмаётган суммаси даъвонинг кўпайтирилган суммасига мувофиқ тўланади, деб белгиланган.
Энди мушоҳада қилайлик: битта модданинг иккита қисмида адолат тамойили нечоғи акс этган? Яъни, даъво суммаси кўпайтирилган тақдирда, давлат божининг етишмаётган суммаси даъвонинг кўпайтирилган суммасига мувофиқ даъвогар томонидан тўланади, даъво талаби камайтирилса эса, тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди, яъни даъвонинг камайтирилган қисми бўйича ҳам давлат божи даъвогар зиммасида қолади?!
Демак, ушбу мисол доирасида иқтисодий суд адолат устувор даргоҳ бўлиши учун “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддаси саккизинчи қисмидаги, “чиқилмайди”,- деган сўздан “м” ва “й” ҳарфларини олиб ташлаб, “чиқилади” шаклида ўзгартиб қўйиш”;
вгар қонун ижодкорлиги юридик техник жиҳатдан тўғри бўлсин десак, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддаси биринчи қисмини қўйидаги 16- банд шаклида тўлдиришга (“16. Даъво талаблари камайтирилган тақдирда; “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддаси саккизинчи қисмини чиқариб ташлаш” ) эҳтиёж бордай.
Бу нима беради дейсизми? Аввало, ушбу норманинг адолатли норма бўлишини таъминлайди. Негаки, ҳар бир ҳуқуқий ёки қонун нормаси қонун бўлиши билан бирга унда албатта, адолат тамойили бўлиши муҳимдир.
Шу асосда ушбу таклиф “давлат ғазнасига тушган пул қайтмайди”, – деган нотўғри фикр, хулосани йўқотади. Давлат ва тадбиркорлик субъектларининг тенглигини таъминлайди, даъво талабининг мазмунан кўрилмаган қисми бўйича, яъни даъвогар томонидан “йўқ менга ортиқча даъво керакмас”,деган қисм бўйича адолатсиз бож ундиришга чек қўяди.
Энди мавзунинг “иқтисодий судда қонун асос” деган қисмига оид яна бир мисолга эътибор қаратайлик. Ўзбекистон Республикаси ИПК 3-моддасига кўра, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун иқтисодий судга (судга) ушбу Кодексда белгиланган тартибда мурожаат қилишга ҳақлидир. Шу кодекснинг 148-моддасида иқтисодий судларда, манфаатдор шахсларнинг, прокурорнинг, давлат органлари ва бошқа шахслар, юридик шахслар ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини, субъектларига нисбатан даъво билан чиқиши мумкин, деган таклифларни қонунчилик ташаббуси субъектларига бериб кўрарсиз, агар шундай бўлса, бу таклифга қўшиламан.
Негаки, бирор низоси мавжуд бўлган тадбиркорларга, уларнинг у ёки бу шартномадан келиб чиққан ҳуқуқий муносабатларини ечими жараёнида муросаю-мадорага чақириш, оғирини енгил қилиш учун тўғри йўл кўрсатиш, уларнинг қимматли вақти ҳамда осон топилмаган маблағини тежаш кўникмаларини шакллантиришга ўргатиш, шартномалар – бу улар ўртасида имзоланган қонун эканлигини уқтириш, низоларни судгача ҳал этишга кенг чорлаш нафақат ваколатли ташкилотлар, уюшма ва бирлашмалар вазифаси балки, бозор иқтисодиётига асосланган тамойиллар амалда бўлган ҳар бир давлат ва жамиятнинг функцияларидан бири, яъни бу барчамизнинг масъулиятимиздир.
Мақсадимиз ҳам айнан тенг ҳуқуқли тадбиркорлик субъектларидан бирига аъзолик бадали тўлаганлиги боис иккинчиси олдида (судларга мурожаат қилишда) имтиёзли ё афзалроқ ҳуқуқ ва шароит қилиб қўйиш – бу адолат тамойилларига кўп ҳам мос келавермаслигига чуқур таҳлил ва асосларга таянган, ҳақли ҳамда бунга эҳтиёж сезаётган эътиборни қаратишдир.
Табиийки, баъзан қонунлар ва адолатни теппа-тенг қўллаб бўлмайди. Баъзи бир қонунлар ёки уларнинг айрим нормаларида адолат тамойили бир оз чекиниб қолиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20-моддасида инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир ҳамда улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас, дейилган.
Нуриддин Муродов,
Сариосиё туманлараро иқтисодий суди раиси
(Манба: Uza. uz)