Судьялар одоби кодекси учта тилда нашр этилди
Жорий йилнинг май ойида Судьялар олий кенгаши қарори билан судьяларнинг касбий фаолиятини амалга оширишида риоя қилиши шарт бўлган ахлоқ-одобига оид талабларни аниқлаштириш, амалдаги қонунчиликда мавжуд бўлган нормаларнинг такрорланишига чек қўйиш ҳамда янгиланган Конституцияга мувофиқлаштириш мақсадида Судьялар одоби кодекси янги таҳририда қабул қилинганди.
Кенгаш ташаббуси билан янги таҳрирдаги Судьялар одоби кодекси ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этилди.
Судьялар одоби кодексининг янги таҳририда БМТнинг “Суд органлари мустақиллигининг асосий тамойиллари”, “Судьяларнинг хулқ-атворига оид Бангалор принциплари”, “Судьяларнинг умумжаҳон хартияси”да назарда тутилган тавсиялар, яқин ва узоқ хориж давлатлари тажрибаларини ўрганиш натижалари акс этган бўлиб, бунинг натижасида ҳужжат 21 та моддадан 18 та моддага ихчамлаштирилди, зарур бўлган аниқ қоидалар билан тўлдирилди.
Судьялар одоби кодекси судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида, шунингдек хизматдан ташқари вақтда амал қилиши лозим бўлган одоб-ахлоқ, хулқ-атвор қоидалари мажмуи ҳисобланади.
Шу ўринда яна бир маълумот: ҳужжатдаги қоидаларни кенгроқ тушунтириш, уларнинг нафақат ҳуқуқий ва ижтимоий, балки маърифий аҳамиятини изоҳлаш мақсадида Кенгаш томонидан “Судьялар одоби кодексига шарҳлар” китоби ҳам нашрга тайёрламоқда.