Аралашувлар аниқланмади, важлар тасдиқланмади
Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг ер майдонини аукционга чиқариш тўғрисидаги тегишли қарорининг бир қисмини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги низо пойтахт маъмурий судларининг учта инстанциясида кўриб чиқилган. Арз қилинган талабни қаноатлантириш ҳақидаги биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори иш бўйича учинчи шахс - “Techno-Crusher Stone” МЧЖ шикоятига кўра, Тошкент шаҳар маъмурий судининг аввал апелляция, сўнг тафтиш инстанцияларида кўрилиб, ўзгаришсиз қолдирилган.
Ер майдони ажратишда қонун ҳужжатлари бузилгани аниқлангани натижасида судлар томонидан вазирликка нисбатан хусусий ажрим чиқарилган, шунингдек, прокуратурага хабарнома юборилган.
“Techno-Crusher Stone” МЧЖ вакиласи Г. Маҳмудова ижтимой тармоқ орқали ҳиссиётли чиқиш қилар экан, суд ишлари гўёки босим остида кўрилиб, масала аризачи фойдасига ҳал қилингани, бунинг ортида айрим мансабдорлар турганини иддао қилади.
Кенгаш томонидан ҳолат ўрганилганда судьяларга босим ёки суд ишларига аралашувлар аниқланмади. Шунингдек, кўриб чиқилган иш ортида қандайдир мансабдор турганига оид иддаолар ҳам тасдиғини топмади.
Суд қароридан норози тарафнинг тегишли тартибда шикоят қилиш ҳуқуқи мавжуд.
Шу ўринда судьялар мустақил экани, уларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши, судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмаслиги Конституция даражасида белгиланганини эслатиш ўринлидир.
Якунда таъкидланадики, тарафларга минбар бераётган муҳтарам блогерлар фақат бир томоннинг фикри билан чегараланмаслиги, иш бўйича бошқа тарафларга ҳам шундай имконият тақдим қилиш орқали холисликни таъминлаши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати