Малака ҳайъатлари форуми бўлиб ўтди
Бугун Судьялар олий кенгашида вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялари малака ҳайъатлари мутасаддиларининг форуми бўлиб ўтди. Кенгаш ташаббуси билан ўтказилган тадбирда малака ҳайъатлари раислари бевосита, вилоят (ва унга тенглаштирилган) судларнинг раислари масофадан иштирок этди.
Форумда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва одил судловни амалга оширишда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини кучайтириш, судьялар масъулиятини янада ошириш, уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига ноқонуний таъсирларнинг олдини олиш, Судьялар одоби кодекси қоидаларига риоя этилиши бўйича амалга оширилган ишлар ва яқин келажакдаги режалари муҳокама қилинди.
Қонунга кўра, судьялар малака ҳайъатлари Судьялар олий кенгашининг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришида унга кўмаклашади. Демак, судьялар корпусининг шакллантириш, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий приципларига риоя этилишини таъминлашда судьялар малака ҳайъатларининг алоҳида ҳиссаси бор. Айниқса, суд тизимидаги янги институт – тергов судьялари лавозимларига муносиб номзодларни танлаш ва тавсиялар беришда малака ҳайъатларининг уюшқоқ фаолияти алоҳида эътирофга молик. Бироқ тизимда ўтказилаётган изчил ислоҳотлар судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этишни талаб қилмоқда. Судьянинг интизомий жавобгарлиги, уларнинг дахлсизлигини таъминлаш, суд ишларига турли шаклда таъсир кўрсатишга уринишларнинг олдини олишда таъсирчан механизмларга эҳтиёж сезилмоқда.
Таҳлилларга кўра, судьяларга нисбатан хизмат текширувлар ўтказиш ҳолатлари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли камайган бўлса-да, уларнинг сифати, интизомий жазо чоралари қўллашга доир масалаларда маълум камчиликлар йўқ эмас. Судьяларга нисбатан қўзғатилган интизомий ишлар ўрганилганда айрим малака ҳайъатлари томонидан етарли асосларсиз тугатиш ёки муҳокама қилиш билан чекланган бўлса, баъзи малака ҳайъатлари қарори билан судьяларга асоссиз интизомий жазо чоралари қўлланилгани ҳам аниқланди. Кенгаш томонидан Судьялар олий малака ҳайъатига етарли асосларсиз судьяларга нисбатан интизомий жазо чораси қўллашга доир ўнга яқин қарорларни қайта кўриб чиқиш тавсия қилингани қайд этиб ўтилди.
Таҳлиллардан келиб чиқиб, малака ҳайъатлари фаолиятига доир ҳужжатларни сифатини ошириш, айниқса, интизомий иш юритиш бўйича ягона амалиётни шакллантиришда “Судьяларга нисбатан хизмат текширувларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга қатъий риоя этиш лозимлиги аниқ мисоллар билан кўрсатиб ўтилди.
Муҳокамаларда Судьялар одоб кодекси қоидаларига риоя этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Айтилдики, Судьялар одоби кодекси судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида, шунингдек хизматдан ташқари вақтда амал қилиши лозим бўлган одоб-ахлоқ, хулқ-атвор қоидалари мажмуи ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан унинг қоидалари бузилиши тизим обрўси ва судьянинг жамиятдаги мақомига салбий таъсир этиши ўз-ўзидан маълум. Бунинг самарали олдини олиш мақсадида миллий ва умуминсоний одоб-ахлоқ қадриятларини суд тизимида тарғиб қилиш юзасидан ўтказилаётган чора-тадбирларнинг мунтазамлигини таъминлаш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
Бундан ташқари вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялари малака ҳайъатлари ишини талаб даражасида ташкил этиш, ушбу тузилмалар раисларининг алоҳида қабул кунини йўлга қўйиш, судьяларнинг хатти-ҳаракатларига доир ҳар бир мурожаатлар ва уларнинг сабабларини таҳлил қилиб бориш, провардида, суд ва судьядан норозиликнинг олдини олиш масалаларига жиддий эътибор қаратиш хусусида ҳам жиддий гаплар айтилди.
Шунингдек, хизмат текширувлари сифатини яхшилаш, текширувларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис ўтказиш, интизомий иш юритиш ва интизомий жазо чораларини қўллаш тартибларини такомиллаштириш юзасидан меъёрий ҳужжатларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ҳам ўртага ташланди.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати