“Ибрат мактаби” туркумидаги икки китоб тақдимоти бўлиб ўтди
Маълумки, Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан тизимда узоқ йиллар самарали фаолият кўрсатган фахрийларнинг намунали ҳаёт йўли ҳақида “Ибрат мактаби” туркумидан китоблар нашр қилиниб келинмоқда.
Яхши анъананинг узвий давоми сифатида кеча шу туркум доирасида босмадан чиққан яна иккита китоб тақдимоти бўлиб ўтди.
Китоб қаҳрамонлари элнинг суюкли фарзандлари, суд тизимининг шубҳадан холи дарғаларидир. “Шарафли йўл соҳиби” китобида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, таниқли давлат ва жамоат арбоби Мирзо-Улуғбек Абдусаломовнинг ҳаёти ва серқирра фаолияти қаламга олинган бўлса, “Саҳродай кенг, дарёдай тошқин” китобида Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган юрист Парахат Айтниёзовнинг умр йўли ҳақида ҳикоя қилинади.
Ҳар икки китоб муаллифи журналист, “Одиллик мезони” журнали бош муҳаррири Арслон Эшмуродов.
Тадбирда алоҳида қайд этилдики, ҳар бир инсон ҳаётида Устозларнинг ўрни катта. Ким ҳаёти ва фаолиятида нималарга эришган бўлса, уларда устозларнинг алоҳида ҳиссаси бор. Шубҳасиз, китоб қаҳрамонлари суд тизимида кўпларнинг устози ҳисобланади, айримлар бевосита уларнинг қўл остида ишлаб, касб сир-асрорларини ўрганган бўлса, яна кўплар серқирра фаолиятига ҳавас қилиб, намуна олишга олишга ҳаракат қилгани ҳам рост.
Мамлакатимиз ҳуқуқий тараққиётига муносиб ҳисса қўшган устозларнинг намунали ҳаёти ва фаолиятини ҳақли эътироф этмоқ шогирдлар бурчидир. Ҳазрат Навоий айтганларидек, “ҳақ йўлида ранж ила” сабоқ берган устозлар ҳақида китоб нашр этилиши шогирдларнинг лоақал “бир ганж ила” миннатдорлигининг ифодасидир.
Тадбирда иштирок этган парламентнинг ҳар икки палатаси аъзолари, Бош прокуратура, олий ўқув юртлари вакиллари, тизим фахрийлари, судьялар томонидан китоб қаҳрамонларининг осон бўлмаган ҳаёт йўли, машаққатли меҳнатлари ва уларнинг натижаларини аниқ мисоллар билан эътироф этдилар.
Тақдимотда Кенгаш қарори билан “Суд фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланганлар уларни (кўкрак нишонларини) тадбир қаҳрамонларининг қўлларидан олиш насиб қилганини эса ёқимли тасодиф дейиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Кенгаш ташаббуси билан бунгача “Ибрат мактаби” туркумидан “Уч машҳур ўзбек аёли”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юристлар Алишер Мардиев, Унсум Астанова ва Бахтиёр Мирбобоевларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида “Муносиб яшамоқ бахти”, “Матонатли аёл қиссаси”, “Одиллик ва оддийлик саодати” китоблари нашр этилган.
Бундан ташқари йигирма нафардан зиёд суд фахрийлари ҳақида пешлавҳа тайёрлаб, улар илк сабоқ олган ўрта мактабларга тақдим қилинди. Пешлавҳалар мактабларда ёш авлод учун ибрат тимсоли бўлиб турибди.