Ворислик ҳуқуқи: мавжуд заруриятларга айрим таклифлар

4 Январь 2025 12:07 412 Чоп этиш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармойиши (2019 йил, 5 апрель, Ф–5464-сон) билан маъқулланган  “Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси”да Фуқаролик кодекси ва бошқа фуқаролик қонун ҳужжатларидаги атама ва тушунчаларнинг ҳуқуқий маъноларини аниқ таърифлаш ва бир хилда қўллаш орқали такомиллаштириш зарурати ҳам назарда тутилган. Шундан келиб чиқилса, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг (ФК) “Ворислик ҳуқуқи”га оид айрим нормаларини такомиллаштиришга эҳтиёж бор.

Аввало, “ворислик” тушунчасига таъриф бериш, фикримизча, уни қуйидагича мустаҳкамлаш зарур: вафот этган шахс (мерос қолдирувчи) ҳуқуқ ва мажбуриятларининг (мероснинг) бошқа шахсларга (меросхўрларга) ўтиши ворислик ҳисобланади.

Ворислик ҳуқуқига эга бўлган шахс, меросхўр ҳисобланади”.

“Ворислик” ва “меросхўр” тушунчаларга таъриф берилиши уларнинг аниқ моҳиятини очади ва шунга оид нормаларни бир хилда тушунилишига ёрдам беради ҳамда амалиётда қўллаш ишини осонлаштиради. Бундай амалиёт МДҲ давлатлари, хусусан, Россия, Беларусь ҳамда Латвия мамлакатларида, қолаверса Чехия ФКнинг 1475-моддасида  мавжуд.

Фуқаролик Кодексининг 1112-моддасида ворислик асослари назарда тутилган бўлиб, унга асосан ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.

Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек ФКда белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

“Фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси”да  “мерос шартномасига асосан меросни қабул қилиш” институти киритилиши назарда тутилаётганлиги сабабли,  қайд этилган 1112-модда  қуйидагича таҳрир қилиниши лозим: “Ворислик  мерос хақидаги шартнома, васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Бу асослар бир вақтнинг ўзида ҳам ҳаракат қилиши мумкин.

Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёки мерос хақидаги шартнома ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилади”. Чунки, Концепциядан келиб чиқиб,  ворисликни амалга оширишнинг яна бир асоси “мерос шартномасига асосан меросни қабул қилиш” вужудга келади. Мерос шартномаси бўйича меросни қабул қилиш бошқа асосларга кўра устунликка эга бўлади”.

 ФКнинг 1113-моддасида “мерос таркиби” назарда тутилган бўлиб, унга асосан, мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киритилган. Фикримизча, ушбу моддада “Мерос таркибига мерос қолдирувчининг унинг вафотига қадар расмийлаштирилмаган ёки вужудга келмаган мулкий ҳуқуқлари, шу жумладан уларни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқини расмийлаштириш учун зарур бўлган ҳуқуқлар ҳам кириши мумкин”лиги мустаҳкамлаб қўйилиши лозим. Чунки, амалиётда мулкий ҳуқуқлар ёки мол-мулк мерос қолдирувчига унинг вафотидан кейин ҳам тегишли бўлиши, мол-мулк сотиб олиб (автомототранспорт, турар жой ва бошқалар), бироқ мол-мулкни расмийлаштириш жараёни унинг вафоти сабабли амалга оширилмаган ёки якунланмаганлиги ҳолатлари учраб туради. Қонундаги бундай бўшлиқ эса меросхўрларнинг манфаатларига путур етиш эҳтимолини юзага келтиради. Шундай экан, ҳақиқатдан қабул қилинган эгалик ҳуқуқини мерос таркибига киритиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Ушбу ҳолатда низо вужудга келса, манфаатдор шахслар суд орқали мазкур ҳуқуқни ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлади.

 Яна бир муҳим масала борки, у ҳам бўлса ФКнинг 1113-моддасида мерос қолдирувчининг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар назарда тутилган бўлиб, булар  мерос таркибига киритилмаган. Аммо айнан мана  шу мерос таркибига кирмайдиган асослар қаторидан “эр (хотин)дан бири вафот этганда, уларнинг умумий биргаликдаги мол-мулкидаги улуши”га бўлган ҳуқуқ ҳам жой олиши лозим. Чунки, Оила кодексининг 37-моддасига асосан эр-хотиндан бирининг вафоти (ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши) оқибатида никоҳ тугайди. Иккинчидан, “Нотариат тўғрисида”ги қонуннинг 62-моддасига асосан нотариус эр-хотиннинг ёзма аризасига кўра (ҳаётлигида), улардан бирига ёки ҳар иккисига никоҳ давомида орттирилган мол-мулкига гувоҳнома беради. Эр-хотиннинг умумий биргаликдаги мол-мулкидан улуш ажратиш, уларнинг мутлақ ҳуқуқи бўлиб, фақат уларга тегишлидир. Бунга эр-хотиннинг шахси билан чамбарчас боғлиқ бўлган ҳуқуқ сифатида  қараш керак. Эр-хотиннинг мулкини ажратиш уларнинг ҳуқуқи бўлиб,  қонун билан мажбурий характерга эга эмас.

 Эр (хотин)нинг биргаликдаги мол-мулкидан улуш ажратиш  уларнинг мақоми билан боғлиқ бўлиб, улардан бири вафот этган тақдирда, бу мақом тугайди.

Эр-хотин ҳаётлик даврида бу ҳуқуқдан фойдаланмаганлиги, улардан бири вафот этганда, бу ҳуқуқдан бошқа меросхўрларнинг фойдаланиши мумкинлигини англатмайди. Чунки ушбу мол-мулк эр-хотиннинг умумий мулки бўлиб, бири бўлмагандагина мутлақ ҳуқуқ иккинчисига ўтиши мумкин. Эр-хотиндан бири вафот этган тақдирда  ушбу мол-мулк тақдири ворислик қоидалари асосида ҳал этилади.

Бундан ташқари, Фуқаролик кодексининг 1140 (1)-моддасига кўра, меросхўрнинг мероснинг бир қисмини мажбурий улуш сифатида қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг меросхўрларига ўтмайди, деб белгиланган.

Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига мерос қолдирувчининг меҳнатга лаёқатсиз биринчи навбатдаги меросхўрлари, шу жумладан эри ёки хотини эга бўлиши мумкин.

Шунга кўра, ФКга эр (хотин)дан бири вафот этганда, уларнинг умумий никоҳи давомида орттирилган биргаликдаги мол-мулкидаги улуши (вафот этган эр ёки хотиннинг) меросхўрларига ўтмаслиги тўғрисидаги қоидани мустаҳкамлаб қўйиш лозим. Бу ўз навбатида ҳаётда учрайдиган турли амалиётига чек қўйган бўлур эди.  Бунда  мажбурий улуш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр вафот этган тақдирда унга тегиши лозим бўлган улуш унинг меросхўрларига ўтмаслиги ҳақидаги қоидадаги  аналогиядан  фойдаланиш мақсадга мувофиқ.

Шунингдек, ФКнинг 1117-моддасида мустаҳкамланган  “мероснинг очилиш жойи”га оид норма ҳам такомиллаштирилиши лозим.  Амалдаги таҳрирда “мерос қолдирувчининг охирги доимий  жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланиши” назарда тутилган. Аммо бу қоида амалиётда турли талқинларга сабаб бўлаётганлиги инобатга олиб, мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаш жойи бўйича уни рўйхатга олинган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланиши лозим. Чунки, “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига асосан Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш факти доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги белгининг мавжудлиги билан тасдиқланади. Қолаверса, бундай таҳрир қонунни бир хилда қўллаш имкониятини яратади.

Яна бир масала, ФКнинг  “Меросхўрлар” деб номланган 1118-моддасида “мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар” васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкинлиги тўғрисида сўз боради. Фикримизча, юқоридаги жумла “мерос очилгунга қадар тузилиб бўлинган” жумлалар билан алмаштирилиши ва “агар мерос очилгунга қадар юридик шахслар ихтиёрий тугатилган ёки суд томонидан тугатилган деб эълон  қилинган пайтдан бошлаб меросхўр бўлмасликлари” тўғрисидаги қоидалар билан тўлдирилиши  керак. Бунда юридик шахсларни меросхўр сифатидаги иштирокига аниқлик киритилган ва  турли талқинларни олдини олган бўлур эди. Бундай қоидага ўхшаш норма Қозоғистон Республикаси ФКининг 1044-моддасида ва Латвия Республикаси ФКнинг ворисликка оид нормаларидан жой олган.

Маълумки, Ўзбекистон ФКнинг 1119-моддаси гарчи “нолойиқ меросхўрларни меросдан четлатиш”, деб аталсада, аммо бу норма меросдан четлатиш тушунчасини тўлиб очиб бермайди. Шу сабабли мазкур моддада “меросдан четлатиш деганда,  мерос қолдирувчи вафот этган тақдирда, унинг хоҳиш-иродаси асосида қонун бўйича мерос олиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг меросхўр бўлишига тўсқинлик қилиш тушунилиши”га оид норма мустаҳкамлаши лозим. Шу билан бирга мерос қолдирувчи ўзининг охирги хоҳиш-иродасини амалга оширишига қасддан тўсқинлик қилганлар билан бир қаторда  “бошқа меросхўрларни мавжудлигини билган холда яширган”  ва шу орқали ўзларининг ёки ўзларига яқин шахсларнинг  (ёхуд мероснинг ўзларига ёки ўзларига яқин шахсларга тегишли улуши) кўпайтирилишига имкон яратган шахслар ҳам (васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам) мерос олиш ҳуқуқига эга бўлмасликлари лозим. Амалиётда  меросхўрларни атайин яширилиши натижасида нотариуснинг мерос гувоҳномаси ва кейинги битимлар  ҳақиқий ҳисобланмаяпти. Меросхўрларга нисбатан жавобгарликни бу тарзда кучайтирилиши  меросхўрлар манфаатига хизмат қилади.

 Қолаверса, ворисликдан четлатилган шахс (нолойиқ меросхўр) мерос таркибидан асоссиз равишда қабул қилиб олган барча мол-мулкларни қайтариб бериши шарт бўлиб ҳисобланади. Ворислик мулкини қайтариш имконияти мавжуд бўлмаса, нолойиқ меросхўр унинг ҳақиқий қийматини тўлаши лозим. Бу ҳақдаги  қоида ҳам айнан шу моддада мустаҳкамлаб қўйилмоғи лозим.

  “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш Концепцияси”да (II бўлими 11-банд) эр-хотиннинг биргаликдаги васиятномаси ва мерос шартномасига оид қоидалар киритилиши ҳам белгиланган. Бу эса ФКнинг 1120-моддаси тубдан янгиланиб, янги таҳрирда қабул қилиниши тақазо этади.

Бундан ташқари ворислик ҳуқуқи ҳақида гап кетар экан, меросни қабул қилиш институти тубдан такомиллаштирилишига ҳам эҳтиёж бор. Хусусан,  ФКдан  меросни қабул қилиш муддатига  ёки  ундан воз кечишга оид нормаларга ўз вақтида асоссиз киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар туфайли ворислик институти нормаларини қўлловчилари ва ворислик ҳуқуқи субъектларига қатор ноқулайликлар юзага келтирмоқда. Меросни қабул қилиб олишни таъминлаш мақсадида ФКга меросни қабул қилиб олиш, унинг тартиби, усуллари ва муддатлари, шунингдек белгиланган муддатларда ёки ундан сўнг меросни қабул қилиб олиш масаласини ҳал қилишда муҳим ҳисобланган меросни амалда қабул қилишга оид қоидаларни киритиш  жудаям муҳим масала ҳисобланади. ФКда меросни қабул қилиб олиш усулларинининг мавжуд эмаслиги ўзига тегишли мерос улушини қабул қилиб олишни хоҳламайдиган ва ундан воз ҳам кечмайдиган, маълум вақт ўтгандан сўнг меросга бўлган ҳуқуқини талаб қиладиган виждонсиз меросхўрларга “кенг йўл” очади. Натижада, мероснинг маълум бир улуши очиқ ва ҳал этилмасдан қолиб кетади. Бу эса, меросни амалда қабул қилиб олган, ундан фойдаланаётган, мерос мол-мулкига харажатлар қилаётган  виждонли меросхўрлар манфаатига кескин зарар етказади. Қолаверса, бу ҳолат мерос мулки ҳисобидан манфаати қаноатлантирилиши лозим бўлган  кредиторларнинг  турли тўсқинликка учрашига сабаб бўлмоқда. Чунки меросни қабул қилмаслик инсофсиз меросхўрга жудаям “қулай” ва “манфаатли” ҳисобланади. Фикримизча, энг асосийси,  бундай ғирромликка ФК тезроқ  ечим бермоғи керак. Қолаверса фуқаролик ҳуқуқи амалга оширилишининг энг муҳим тамойилларидан бири  ҳуқуқий муносабат иштирокчиларининг ҳалол, оқилона ва адолат билан ҳаракат қилишларини тақозо этади.

 

Илҳом Насриев,

 Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби фуқаролик

ҳуқуқи кафедраси мудири, юридик фанлар доктори, профессор

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech