Судьялар фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш миллий тизими: тажриба, таҳлил, таклиф

6 Январь 2025 15:57 946 Чоп этиш

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли Фармонига асосан Судьялар олий кенгаши томонидан судьялар фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш миллий тизими ишлаб чиқилди.

(Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2021 йил 6 декабрдаги 1646-сонли қарори билан тасдиқланган “Судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисида” Низомга мувофиқ, суд қарорларининг сифати (50 балл), судьянинг одоби ва масъулияти (45 балл), чет тилларини билиши (5 балл) уларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолашда асосий мезонлар ҳисобланади).

Мазкур баҳолаш тизимини миллий деб таъкидлаш бежизга эмас. Чунки бу тизим хорижий давлатларда жорий этилган баҳолаш тизимларидан катта фарқ қилади.

Энг муҳим фарқларидан бири бу - судьялар фаолиятининг самарадорлигини баҳолаш инсон омилисиз ва аралашувисиз амалга оширилишида.

Тўғри, электрон рейтинг дастурига (матнда бундан кейин “Дастур” деб юритилади) ҳар ой якунида тегишли маълумотлар масъул ходим томонидан киритилади, лекин судьянинг рейтинг баҳоси Дастурга киритилган маълумотлар асосида автоматлаштирилган тарзда шаклланади.

Суд қарорларининг сифати мезони бўйича судья томонидан чиқарилган суд қарорининг юқори инстанцияларда бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши Дастурга киритилган жарима баллари асосида баҳоланади.

Дастурга суд қарорларининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши оқибатидан келиб чиқиб, 74 та ҳолатда жарима баллари белгиланган.

Мисол учун, апелляция инстанциясида айблов ҳукми тўлиқ бекор қилиниб оқлов ҳукми чиқарилиши 8 балл, ҳал қилув қарори тўлиқ бекор илиниб янги ҳал қилув қарори чиқарилганда 6 балл, ишни тугатиш ажрими тўлиқ бекор қилинганда 2 балл қилиб белгиланган.

Судьянинг қарори бекор қилинганда, масъул ходим бу ҳақида Дастурга маълумот киритади, Дастур қарорнинг бекор қилиниши сабаби ва оқибатидан келиб чиқиб белгиланган жарима балини судьянинг жами балидан айиради.

Судьяга суд қарорларининг сифати мезони бўйича жами 50 балл берилган бўлиб, у суд қарорлари барқарорлигини таъминлаган ҳолда шу баллни сақлаб қолиши керак.

Суд қарорининг сифати фақатгина унинг бекор қилинганлиги ёки ўзгартирилганлиги билан эмас, балки тўғри расмийлаштирилганлиги, матнда хатолик йўқлиги ҳамда асослантирилганлиги билан баҳоланиши мумкин.

Бироқ суд қарори матнини баҳолашни инсон омилисиз ва аралашувисиз амалга ошириб бўлмайди. Бу ўринда баҳоловчининг савияси, суд қарорини танлаш услуби турли хил ёндашувга олиб келиши ва натижада адолатсиз баҳо қўйилишига сабаб бўлиши мумкин.

Шу сабабли Ўзбекистонда судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш миллий тизими инсон омилисиз ва аралашувисиз амалга оширилиши тамойили асосида ишлаб чиқилди.

Бу борада тажрибаси ўрганилган барча ривожланган хорижий давлатларда судьянинг фаолияти самарадорлиги бир гуруҳ судьялар томонидан муҳокама қилиниб баҳоланиши, яъни баҳолаш натижаси субъектив хулосалардан келиб чиқиши аниқланди.

АҚШда судьялар фаолияти шу масалага масъул қилиб белгиланган суд ходимлари томонидан баҳоланади, Буюк Британия ва аксарият Европа давлатларида эса судьялар фаолиятини баҳолаш суд ходимлари томонидан эмас, балки мустақил комиссиялар томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистонда судьянинг фаолиятини судья, суд ходими ёки бошқа шахслар баҳоламаслиги, балки балки баҳолаш жараёнлари инсон омилисиз ва аралашувисиз амалга оширилиши электрон рейтинг баҳолаш миллий тизимининг холислиги ва адолатлилигини таъминлайди.

Суд қарорларининг сифати мезони бўйича баҳолашнинг яна бир жиҳати –  судьянинг айби бўлмаган ҳолатда суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши баҳолашда инобатга олинмайди.

Шунингдек, апелляция ва кассация ажримлари бекор қилинганда ёки ўзгартирилганда жарима баллари ҳайъатнинг барча аъзоларига таъсир қилади. Бунда ҳайъатда маърузачи судьянинг рейтинг баҳосидан тўлиқ жарима баллари айирилади, ҳайъатда раислик қилувчи ва ҳайъат аъзосидан жарима балларининг ярми айирилади.

Бу ўз навбатида ишларнинг юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқилишида судлов ҳайъати барча аъзоларининг масъулиятини оширади.

Судьянинг одоби ва масъулияти Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисидаги” Қонунининг 74-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар хизмат текшируви хулосаси билан тасдиғини топиб, интизомий жазо қўлланилган қонунбузарлик, интизомсизлик, қоидабузарлик, ҳуқуқбузарлик, шунингдек, Судьялар одоби кодекси талабларига риоя этмаслик ҳолатлари билан баҳоланади.

Судьянинг одоби ва масъулиятини баҳолаш мезони бўйича Дастурга хизмат текшируви хулосаси ҳамда интизомий жазо қўллаш тўғрисида малака ҳайъатининг қарори киритилган ҳар бир ҳолат бўйича судьянинг жами балидан 15 балл айирилади.

Судьянинг иш ҳажми катталиги, коррупцияга қарши курашишда фаоллиги, Судьялар клуби онлайн форумидаги фаоллиги, илмий даражага эгалиги, судьяларнинг касбий малакасини оширишда қатнашганлиги ҳамда ишдаги тарафларнинг ярашувига (келишувига) эришганлиги қўшимча баҳолаш мезонлари ҳисобланади.

Иш ҳажмининг катталиги суд қарорларининг сифатига таъсир қилишида ва судьянинг масъулияти ва ижтимоий фаоллигини рағбатлантиришда қўшимча баҳолаш мезонлари мувозанатни таъминлайди.

(Маълумот учун: Рейтинг баҳолаш тизими – судья томонидан охирги ўн икки ой ичида қабул қилинган қарорлари сифати, интизомий жавобгарликка тортилганлиги, шунингдек, қўшимча баҳолаш мезонларида назарда тутилган фаолиятини 100 баллик баҳолаш)

Электрон рейтинг баҳолаш миллий тизимининг яна бир муҳим жиҳати - баҳолаш натижалари таҳлил қилидан келиб чиқиб, тегишли чора-тадбирлар кўрилишида.

Судьяларнинг баҳолаш кўрсаткичлари таҳлил қилиниши қандай оқибат келтириб чиқаради?

  1. Судьялар олий кенгаши фаолияти қониқарсиз баҳоланган судьялар бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан Судьялар малака ҳайъатларига ёки Судьялар олий малака ҳайъатига муносабат билдиради.
  2. Судьяларнинг малака ҳайъати фаолияти қониқарсиз деб баҳоланган ҳар бир судья учун алоҳида комплекс чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқади, зарур ҳолларда аниқланган ножўя хатти-ҳаракатлар юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш масаласини кўриб чиқади.

Рейтинг кўрсаткичи пастлигининг ўзи судьяни интизомий жавобгарликка тортишга сабаб бўлмайди.

(Маълумот учун: Судьянинг фаолияти самарадорлиги: 86 дан 100 баллгача – “намунали”; 71 дан 85 баллгача – “яхши”; 56 дан 70 баллгача – “қониқарли”; 55 баллгача – “қониқарсиз” деб баҳоланади)

  1. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва раис ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари раислари ва раис ўринбосарларининг фаолияти самарадорлиги шу ҳудуд, суд ва ихтисосликда ишлаётган судьялар рейтинг балининг ўртача миқдори ҳисобида баҳоланади.

Суд раислари ўзлари раҳбарлик қилаётган суд ва ҳудуддаги судьяларнинг фаолияти самарадорлигини баҳолаш рейтинг кўрсаткичлари билан танишиб боришлари мумкин.

Бу ўз навбатида суд раисларининг масъулиятини ошириб, ҳар бир суд ва ҳар бир ҳудуд рейтингини аниқлашга имкон беради.

  1. Судьялар Кенгашнинг ахборот тизимида рўйхатдан ўтиб, ўзининг фаолиятини баҳолаш рейтинг натижаси, жумладан, умумлаштирилган маълумотларни кўрсатувчи титул варағи ҳамда ҳар бир мезон бўйича дастурга киритилган маълумотлар билан танишиб бориши мумкин.

Бу судьяга ўз фаолиятини танқидий таҳлил қилиб, хато ва камчиликлари устидан ишлашга имкон беради.

  1. Судьялар олий кенгаши судьялик, айниқса, раҳбарлик лавозимларига тайинлашда муқобил номзодларнинг рейтинг кўрсаткичларини инобатга олган хулоса қилишга имкон беради.
  2. Йил якуни бўйича энг юқори рейтинг кўрсаткичига эга судьялар “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланади.

Судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш миллий тизими халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий давлатлар мутахассислари томонидан юқори эътироф этилмоқда.

Судьялар олий кенгаши томонидан ишлаб чиқилган мазкур электрон рейтинг баҳолаш миллий тизими сунъий интеллект технологияси ҳисобланадими?

(Маълумот учун:Сунъий интеллект – маълумотларни тўплаб, муайян қоидаларга риоя қилган ҳолда таҳлил қилиб, инсон омилисиз ва аралашувисиз сўровларга жавоб берадиган ва маълумот берадиган компьютер дастури)

Электрон рейтинг баҳолаш миллий тизими қайд этилган белгиларга кўра, сунъий интеллект технологияси ҳисобланади:

  1. Маълумот тўплаш: Дастурга баҳолаш мезонлари бўйича маълумотлар киритилади. Яъни бекор қилинган ёки ўзгартирилган суд қарорлари, қарорни чиқарган судьялар, судьяга нисбатан ўтказилган хизмат текшируви ва интизомий жавобгарликка тортилганлиги тўғрисида маълумотлар, чет тилини билишини тасдиқловчи ҳужжатлар, иш ҳажми тўғрисида статистик маълумотлар киритилади.
  2. Муайян қоидаларга риоя қилган ҳолда маълумотларни таҳлил қилиш: Дастурга киритилган маълумотлар муайян қоидалар, яъни жарима баллари, баҳолаш мезонлари бўйича рағбатлантириш балларини инобатга олган ҳолда рейтинг кўрсаткичи шакллантирилади.
  3. Инсон омилисиз ва аралашувисиз сўровларга жавоб берадиган ва маълумот бериш: Судьяларнинг рейтинг кўрсаткичлари бўйича фильтр қилиш, яъни турли хил сўровлар бериш имконияти мавжудлиги, ҳудудлар кесимида, судлар кесимида ва суд ихтисослиги кесимида судьялар кўрсаткичлари рўйхатини шакллантириш, уларнинг рейтинг кўрсаткичи титул варағининг автоматик тарзда шаклланилиши, рейтинг кўрсаткичи энг яхши ва қониқарсиз бўлган судьялар рўйхати шакллантирилади.

Юқорида қайд этилган белгиларга кўра, электрон рейтинг баҳолаш миллий тизими, тўлиқ ва кучли бўлмаса-да, шартли равишда сунъий интеллект ҳисобланади.

Электрон рейтинг баҳолаш миллий тизимини ҳақиқий сунъий интеллект технологиясига айлантириш учун қуйидагилар таклиф этилади:

  1. Дастурни Олий суднинг ахборот тизимига интеграция қилиш орқали маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш. Бунда Дастурга маълумот масъул ходим томонидан киритилмасдан, тўғридан-тўғри Олий суд ахборот тизимидан олинади.
  2. Суд қарори тўғри расмийлаштирилганлиги, матнда хато бўлмаслиги ёки асослантириб ёзилганлиги ҳам унинг сифатини белгилайди, лекин бу сифатни инсон омилисиз баҳолаш қийин.

Бу борада сунъий интеллект технологияларини қўллаш орқали суд қарори матни ва тузилмасини махсус дастурда текшириб, хато ва камчиликларини аниқлаш ва баҳолаш мумкин.

  1. Дастурга тегишли қоидаларни киритган ҳолда суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишида судьянинг айби йўқлигини автоматик тарзда аниқлаш ва баҳолашда инобатга олинмаслигини таъминлаш.
  2. Бекор қилинган ёки ўзгартирилган суд қарори бўйича иш тоифасининг мураккаблигига қараб жарима балларини белгилаш. Яъни оғир тоифадаги ишлар бўйича жарима балини камайтириш, қисқа вақт ичида бир тоифада бир нечта суд қарорлари бекор қилинган ёки ўзгартирилганда жарима балини умумлаштириб ҳисоблаш.
  3. Судьянинг рейтинг кўрсаткичидан келиб чиқиб аниқланган хато ва камчиликлар билан ишлаш бўйича индивидуал чора-тадбирлар режасини автоматик тарзда шакллантириш.

 

Хуршид Содиқов,

Судьялар олий кенгаши котиби

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech