Важлар аввал ҳам ўрганилган, хизмат текшируви ўтказишга асос йўқ
“Techno-Crusher Stone” МЧЖ вакиласининг ижтимоий тармоқдаги ҳиссиётли чиқишига нисбатан Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати аввал ҳам муносабат (06.12. 2024 й.) билдириб, мазкур хўжалик юритувчи субъект тараф сифатида иштирок этган суд ишларига аралашувлар ёки судьяларга босим, шунингдек, иш ортида қандайдир мансабдор турганига оид иддаолар тасдиғини топмагани билдирилган эди.
Жорий йилнинг 6 январь куни Ғиждувон туманлараро иқтисодий судида Шофиркон туман ҳокимлигининг “Нурли боғ 2020” МЧЖга нисбатан тарафлар ўртасида тузилган ер ижара шартномасини бекор қилишга доир даъво аризаси муҳокама қилиниб, якунда суд кўрмасдан қолдириш ҳақида ажрим чиқарилган.
Бундан ташқари судга мурожаат этишда қонун талабларига риоя қилинмагани бўйича Шофиркон туман ҳокимлигига нисбатан хусусий ажрим ҳам чиқарилган.
Мазкур суд иши кўрилишида низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилмайдиган учинчи шахс сифатида жалб этилган “Techno-Crusher Stone” МЧЖ вакиласи “Effect.uz” электрон-нашрига берган интервьюсида суд ажримидан норозилигини билдириши баробарида яна гўёки “кўринмас кучларнинг қудрати” ҳақида иддао қилади. Унга хайрихоҳлигини очиқ билдирган мухбир эса (мазмунан) Судьялар олий кенгаши судьяга нисбатан лозим чоралар билдирилиши лозимлиги хусусида фикр билдиради.
Кенгаш матбуот хизмати такрор маълум қиладики, “Techno-Crusher Stone” МЧЖ вакиласининг шу мазмундаги иддаолари аввал ҳам ўрганилган ва (юқорида қайд этилганидек) ушбу хўжалик .юритувчи субъект тараф сифатида иштирок этган суд ишларига аралашувлар ёки судьяларга босим, шунингдек, иш ортида қандайдир мансабдор турганига оид иддаолари мутлақо асоссиз экани аниқланган.
Суд ҳужжати қонуний кучда. Шундан келиб чиқилса, мухбирнинг важлари хизмат текшируви ўтказишга асос бўла олмайди.
Суд ҳужжатларидан норози тарафлар тегишли тартибда шикоят бериши мумкин ва бунга ҳеч қандай монелик йўқ.
Якунда таъкидланадики, тарафларга минбар бераётган оммавий ахборот воситалари вакиллари фақат бир томоннинг фикри билан чегараланмаслиги, иш бўйича бошқа тарафларга ҳам шундай имконият тақдим қилиш орқали холисликни таъминлаши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати