Расмий баёнот

14 Январь 2025 15:16 1782 Чоп этиш

“Kun.uz” электрон-нашри ва ижтимоий тармоқлардаги қатор ахборот манбаларида Наманган вилоят судининг судьяси А. Инамов “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирлангани айтилар экан,  айни шу судья томонидан жиноят содир қилган мансабдорнинг ўғлини “қамоқдан озод қилгани” ҳамда ушбу суд ҳужжати юқори суд инстанциясида бекор қилинганига (аслида ўзгартирилган) алоҳида  урғу берилмоқда.

Эътирофга муносиб топилган ҳар қандай касб эгасининг фаолияти битта мезон билан ўлчанмайди. Қайд этиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига (2020 йил, 7 декабрь) асосан, Кенгаш томонидан судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг орқали баҳолашнинг аниқ мезонлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этиб келинмоқда. Ушбу электрон тизим инсон омилини кескин чеклайди ҳамда судьялар фаолиятини шаффоф ва холис баҳолашга  имконият беради.

Судьялар фаолияти самарадорлигини баҳолашда суд қарорлари сифати, судьянинг одоби ва масъулияти (интизоми) асосий мезонлар ҳисобланади. Бундан ташқари ярашув институтини самарали қўллаш,  иш ҳажми ва фаоллиги бўйича қўшимча рейтинг балл бериш ҳам назарда тутилган.

 Наманган вилоят судининг судьяси А. Инамов 2024 йилда апелляция ва кассация инстанцияларида жами 589 та жиноят, 77 та маъмурий ҳуқуқбузарликка доир иш ҳамда 87 та материал бўйича маъруза қилган.  Унинг маърузачи судья сифатида иштирокидаги қабул қилинган суд  ҳужжатларининг фақат биттаси юқори суд инстанциясида ўзгартирилган. Шунингдек, нафақат 2024 йилда, балки 8 йиллик судьялик фаолиятида иш сифати юқорилиги, бу давр мобайнида  бирор марта интизомий жазога тортилмагани ҳам инобатга олинса, суд тизимида самарали фаолият юритиб, одил судловни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани ойдинлашади ва турли асоссиз шубҳаларга ўрин қолдирмайди.

Суд қарорининг юқори суд инстанциясида ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши судьянинг рейтинг балларига таъсир этиши бор гап. Бироқ юқори суд инстанциясида ўзгартирилгани айтилаётган жиноят иши бўйича суд ажрими судья А. Инамов томонидан якка тартибда эмас, судлов ҳайъати томонидан қабул қилганини эътибордан соқит қилмаслик  лозим.  Шундай бўлса-да, судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг натижаларига кўра, унинг 2024 йилдаги фаолияти 112 (бир юз ўн икки ) балл  билан баҳоланган.

 Ушбу натижа Наманган вилояти судьялари орасида энг юқори кўрсаткич ҳисобланиб, А. Инамов ҳақли равишда “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланганини  кўрсатади.

 Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech