Важлар қисман тасдиқланди, мурожаат ортида бошқа мақсадлар борлиги ҳам кўринади

23 Январь 2025 17:33 981 Чоп этиш

Хабар берилганидек, “YouTube”даги “Зохид Джумаев” каналида  баён қилинган ҳолат Судьялар олий кенгаши томонидан ўрганилди.  Ўрганиш жараёнида Жиззах вилоят суди судьяси Ш. Худаяров томонидан бошқа судья раислигида З. Джумаевга (мурожаат муаллифи ва  “YouTube”даги шу номдаги канал маъмури) оид жиноят иши бўйича ўтказилаётган суд мажлиси тартиби бузгани ҳолати тасдиғини топди. Судьянинг хатти-ҳаракатлари суд ҳокимияти нуфузи, шунингдек, ҳамкасбининг обрўйига салбий таъсир этганидан келиб чиқиб, ўрганиш хулосаси тегишли қарор қабул қилиш учун Судьялар олий малака ҳайъатига юборилди. Унинг процесс иштирокчиларига қўпол муносабатда бўлгани ва вилоят суди раиси фуқароларни қабул қилмаётганига доир важлар эса тасдиғини топмади.

Бугунги кунда блогерликни касбга айлантирганлар етарли.  Муаллиф ҳам шу соҳада ўзини синаб келаётганлардан бири. Ўзининг  “YouTube”даги “Зохид Джумаев” каналида турли муаммоларни кўтариб чиқаётгани ҳам чин. Бошқа соҳаларга доир чиқишлари ҳақида фикр билдирмаймиз, бироқ судлар ва судьялар фаолияти хусусидаги танқидий материалларида нохолислик, шахсни қасддан обрўсизлантириш, муайян жиноятда айблаш, энг ёмони, инсон шаъни ва қадр-қимматини камситиш каби ҳолатлар учрамоқда. Илгари бир неча бор жавобгарликка тортилганига (айримларида судланган, айримларида жазодан ва жавобгарликдан озод қилинган) қарамай айни пайтда туҳмат, ҳақорат  ва бошқа жиноятларда айбланаётгани унинг “адолат учун курашиши” замирида адоват борлиги ҳам ойдинлашиб қолмоқда. Танқид холис ва ҳаққоний бўлса, муаммо йўқ – юқоридаги мисол бунга яққол далил:  қайд этилганидек, суд мажлиси тартибини бузиб, тарафларнинг ҳақли эътирозига сабабчи бўлган судьяга нисбатан интизомий жазо масаласи кўриб чиқилади.

Бироқ ўзига нисбатан кўриб чиқилаётган жиноят ишига таъсир ўтказиш илинжида ижтимоий тармоқ орқали такрор ва такрор чиқишлар қилиб, ихтиёридаги ахборот ресурсидан қурол сифатида фойдаланишга уринаётганини оқлаб бўлмайди. Хусусан, вилоят суди раҳбариятини фуқароларни қабул қилмасликда айблаш бугунги кунда наинки мантиқ, балки тасаввурга сиғмайди.

Барча вилоят ва унга тенглаштирилган судларда бўлгани каби  Жиззахда ҳам суд раҳбарларининг қабул вақти ҳақида бино остонасини хатламаёқ маълумотга эга бўлиш мумкин. Бундан ташқари жойларда сайёр қабуллар ташкил қилиниб, шу орқали фуқароларнинг узоғи яқин қилинмоқда. Шунингдек, Жиззах вилоят судида ҳар куни (дам олиш кунларидан ташқари) соат 9:00 дан 18:00 га қадар жисмоний ва юридик шахс вакиллари қабули тегишли тартибда ўтказиб келинаётганлиги ҳам  ҳақиқат. Буларни кўриш ва эътироф этиш учун кўп нарса талаб қилинмайди: холислик бўлса, кифоя.

 Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech