Очиқ, жиддий, аммо самимий - Тошкент шаҳри ва вилояти судларининг аёл судьялари иштирокида очиқ мулоқот бўлиб ўтди

27 Январь 2025 16:20 548 Чоп этиш

Бугун Судьялар олий кенгаши ташаббуси ва Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг Аёл судьялар жамоаси ҳамкорлигида очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Тошкент шаҳри ва вилояти судларида фаолият кўрсатаётган аёл судьялар иштирокида бўлиб ўтган тадбирда  одил судловни амалга оширишда аёл судьяларнинг ўрни, тизимда гендер тенгликни таъминлаш, бу борада амалга оширилаётган ишлар ҳамда  яқин истиқболдаги вазифалар хусусида  сўз юритилди.

Қайд этилдики, бугун жамиятнинг бирор-бир жабҳасини фаол хотин-қизларсиз тасаввур қилиш қийин. Жумладан, одил судловни амалга оширишда аёл судьялар муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

2024 йилда аёл судьяларнинг сонида 34 нафарга кўпайиб, жами 225 нафарга етди. Уларнинг 21 нафари раҳбар судьялик лавозимида фаолият кўрсатмоқда. Аёл судьяларимизнинг 3 нафари Халқаро аёл судьялар ассоциацияси аъзоси ҳисобланади. Айни пайтда Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг Судьялик лавозимига тайёрлаш курсида 39 нафар хотин-қизлар таҳсил олмоқда.

Барча судья бир хил мақом ва мажбуриятга эга экани эътиборга олинса, тизимдаги хотин-қизларнинг жамиятда қонунийлик ва ижтимоий адолатни таъминлашда эркак ҳамкасблари билан баробар меҳнат қилаётгани ойдинлашади. Ваҳоланки, уларнинг зиммасида одил судлов фаолиятини самарали амалга оширишдан ташқари саранжом уй бекаси, меҳрибон она сифатида фарзанд тарбиясидек қатор  масъулиятлар  ҳам бор. Шундан келиб чиқиб,  тадбирда аёл судьяларнинг зиммасидаги масъулият ва мажбуриятлари билан бирга ижтимоий муҳофазаси билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борда  бир қатор таклифлар ўртага ташланди.  

Шунингдек, аёл судьяларнинг психологик ҳолати, айниқса, судда стрессларни енгиш, иш ва шахсий ҳаётида ўртасидаги мувозанатни  таъминлаш, Судьялар одоби кодекси қоидаларига риоя этиш ҳамда тизимда коррупциянинг барвақт олдини олиш каби масалалар хусусида ҳам ҳар доимгидек  очиқ, жиддий, аммо самимий оҳангда гаплашиб олинди.

 Кенгаш ҳузуридаги Ўзбекистон Судьялар клубининг Аёл судьялар жамоаси томонидан шундай тадбирлар жойларда ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech