Қарор қатъий эмас, шикоятга ўрин бор. Бироқ...
Ўтган куни адвокат Комилова “Telegram” мессенжеридаги шахсий каналида битта жиноят ишининг судда кўрилиши билан боғлиқ иккита чиқиш қилди. Биринчиси тармоқларда яхшигина “айланди”, иккинчиси ҳам кўп куттирмади, натижада Наманган вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аъзолари қисқа фурсатда “тармоқ юлдузлари”га айланди, гўё...
Хусусан, муҳтарама адвокатнинг суд процессини видеотасвирга олиш ҳақидаги илтимоснома давлат айбловчисининг “формада келмагани” важи билан рад этилганига оид писанда ва иддаоси асл ҳолатни билдирмайди. Тегишли суд ажрими иш ҳолатидан келиб чиқиб қабул қилингани, бунда адвокатнинг илтимосномага илова тарзида (оғзаки) айтган “ўзи иштирок этган суд процесслари тасвирини “телеграм”даги каналига жойлаштириб бориши орқали шахсий архивини шакллантириб бориши” мазмунидаги шахсий истак-хоҳиши ҳам эътибордан соқит қилинмаганини биров билар, биров йўқ... Зотан, суд процессида шахсий хоҳиш-истаклар бирламчи аҳамият касб этмайди! Тарқатилган ахборотда айни ҳолат “парда ортида” қолдирилиб, иш бўйича тарафлардан бирининг “формасиз келгани” бўрттирилиши натижасида тармоқларда судьялар гўёки давлат айбловчисига “ўзгача ҳурмат бажо келтиргани” ҳақида бонг урилмоқда. Мана, бир томонлама тарқатилган хабарнинг оқибати!
Тушунарлики, ҳар бир адвокат судда ютишни хоҳлайди, эътироз йўқ. Бу борадаги ҳаракатлар жараёнида наинки қонун, балки касбий ахлоқ меъёрларига ҳам риоя этилиши шарт. Бўлиб ўтган суд якуни юзасидан муаллифнинг кейинги чиқишида шу меъёрлардан оғиш аломатлари кўринади. Яъниким, унинг “...Ҳайъат (судлов ҳайъати) ишнинг “ичига кирмади”, ёки “қонунга зид ҳолатларга билиб туриб кўз юмди”, “ҳолбуки, бу иш... “юмалоқ-ёстиқ” қилингани яққол кўриниб турибди”, “Кассация судлов ҳайъати... хусусий ажрим чиқарилишини айтди, аммо бунга ишонмаяпман, очиғи...”, “...ҳафсалам пир бўлди...” қабилидаги иддаоларидан суд ҳужжатидан норозиликдан ташқари аламзадаликни ҳам илғаш қийин эмас.
Суд ҳужжатидан норозиликликнинг қонуний йўли бор – шикоят қилиш, бу борада ҳеч қандай монеълик йўқ. Аммо аламзадалик шахсий-хусусий характерга эга бўлиб, бу - холисликка путур етишидан ташқари ўзига ортиқча баҳо бериш ва ўзгага беҳурматликни ҳам ифодалаб қўйиши мумкин. Тил – суяксиз экани рост, бироқ ўзиниям, сўзиниям ҳурмат қилган инсон оммага юзланар экан, билдираётган мулоҳазалари мижози манфаатларидан келиб чиқиб айтилаётган субъектив фикр эканини хаёлдан фаромуш қилмаслиги мақсадга мувофиқдир.
Суд ҳужжатидан норозимисиз, қарор қатъий эмас, шикоягат ўрин бор: шунинг ўзи “ҳафсала пир бўлмаслик” учун – кифоя. Судлов ҳайъати тегишли орган ходимлари хатти-ҳаракатига баҳо беришига ишонмаслик ҳам ноўрин: бу ҳақда прокуратурага тегишли хабарнома юборилган...
Пировардида таъкидланадики, одил судловни амалга оширишда адвокатура институтининг алоҳида ўрни бор. Соҳанинг айрим вакиллари профессионал фаолиятидан ташқари фаол блогерлик ҳам қилмоқдалар. Фикр айтмоқ – ҳуқуқингиз. Фақат суд мажлисида муҳокама қилиниб, ҳуқуқий баҳо бериладиган важларни омма билан ўртоқлашаётганда бундай шахсий-хусусий мулоҳазалар судга нисбатан ҳурматсизлик, ишончсизлик ва ижтимоий босим эҳтимолини юзага келтирмаса, бас.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати