Мукаммалликка даъво йўқ, бироқ нохолисликка ҳам тоқат қилинмайди

6 Февраль 2025 21:49 2946 Чоп этиш

Гапни “кириш”сиз бошлаймиз: “Effect.uz” электрон-нашрида чиққан  ушбу мақола бирёқлама ва етарли асосларга эга бўлмаган ҳиссиётли мулоҳазалардан иборат бўлиб, судьялар ҳамжамияти фаолияти,  раҳбарияти ва аъзоларини обрўсизлантириш мақсадида ёзилган, дейишга тўла асослар бор.

Мақолада гап асосан икки нуқтада айланади:

1. Судьялик лавозимига тайинловларда нохолислик бор, бу жараёнда Кенгаш раҳбарияти хоҳиш истаги муҳим аҳамият касб этади.

2. Тайинловларда холислик бўлмагани учун ҳам фалон-фалон судьялар жиноий жавобгарликка тортилган.

Энди шу иддаолар  асоссиз экани ҳақида  бироз батафсилроқ.

1. Конституцияга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи бўлиб, у судьялар корпусининг шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлайди. Кенгаш фаолияти алоҳида қонун билан тартибга солинган бўлиб, судьялик лавозимларига номзодларни энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан танлов асосида танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига кўрсатиш учун тавсия этиш орқали судьялар корпусини шакллантириш устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

 Мамлакатимизда изчил амалга ошириб келинаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари натижасида судьялик лавозимларига тайёрлаш, танлаш ва тайинлашнинг мутлақо янги тартиблари жорий этилди. Улар фаолияти  самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш тизими яратилди. Жорий тартиблар инсон омилини  кескин чеклаши баробарида судьялик лавозимига танлаш ва тайинлашда очиқлик ва шаффофликни ҳам таъминлаётгани нафақат кенг жамоатчилик, балки яқин ва узоқ хориж давлатлари мутахассислари ҳақли эътироф қилинмоқда. Хусусан, ўтган  йилнинг ўзида Қирғизстон, Қозоғистон ва Туркия давлатларининг Судьялар олий кенгши вакиллари мамлакатимизда бўлиб, судьялик лавозимига танлаш ва тайинлаш бўйича Ўзбекистон тажрибаси билан яқиндан танишди. Қардош Қозоғистон Республикаси Судьялар олий кенгаши билан ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Булар баландпарвоз гаплар эмас, балки Кенгашнинг жорий таркиби  томонидан амалга оширилган реал ишлардир. Модомики, жараён рақамлаштирилиб, очиқлик ва шаффофлик таъминланаётган экан,  танлаш ва тайинлашда  кимдирнинг хоҳиш-истаги гўёки “устувор аҳамият касб этиши”га  оид иддаолар ўз-ўзидан кучини йўқотаверади.

Бунга яна бир асос шуки, судьялик лавозими учун тайинловлар бир эмас, уч босқични талаб қилади. Яъниким, номзод, аввало, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар судьялари малака ҳайъати томонидан тавсия этилади. Иккинчи босқич - тавсия этилган номзод бўйича Судьялар олий малака ҳайъати хулосаси шарт.

 Ниҳоят, учинчи босқич -  Кенгаш ва Судьялар олий малака ҳайъатининг очиқ танлов шаклидаги қўшма йиғилиши бўлиб, унинг якуни  бўйича тегишли қарор  коллегиал қабул қилинади.

Энди савол: шунча чиғириқлардан иборат жараёнда кимдирнинг хоҳиш-истаги устувор аҳамият касб этадими ёки номзоднинг салоҳиятими?

Жавоб ҳар кимнинг ўзига тан.

2. Мақолада судьялик қасамёдини ва одил судловни амалга оширишда қонунийиликни бузгани учун жавобгарликка тортилган айрим собиқ судьяларнинг номи келтирилиб, улар ҳозирги раҳбарият томонидан лавозимга тайинлангани таъкидланади.

 Мукаммалликка даъво йўқ. Шунинг учун ҳам ишонч билдирилган айрим судьялар лавозимни имтиёз билиб, “оёғи ердан узилгани” ва бунинг аччиқ оқибатларини оғриқ билан қайд этамиз. Кенгаш масъулиятни зиммасидан соқит қилмагани учун ҳам қандай асосларга кўра тизимдан четлатилган собиқ судьялар ҳақида жамоатчиликка мунтазам ахборот бериб келмоқда.

Мақолада номи тилга олинган собиқ судьялар ҳақида ҳам биринчи манба сифатида Кенгаш ўз ахборот ресурси орқали маълум қилинган ва бу тизим фаолиятида очиқлик ҳамда шаффофликни изчил таъминлаб келинаётганини кўрсатади.

... “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисда”ги қонунга кўра, Кенгаш фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, коллегиаллик, холислик, ўз аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги ва очиқликдан иборат. Шунингдек, мазкур қонунда Кенгаш   ўз фаолиятини очиқ тарзда ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда амалга ошириши ҳам белгиланган.

 Ўз навбатида қайд этиш жоизки, “оммавий ахборот воситалар билан ҳамкорлик” деганда – Кенгаш фаолияти медиа майдонларда баланд пардаларда ёритилиши лозим, деган фикр тушунилмайди. Танқид холис ва  ҳаққоний бўлса, муаммо йўқ, тоқат етарли.

 Бироқ очиқлик, шаффофлик ва сўз эркинлиги каби омилларни очиқ суиистеъмол қилиш, бир тарафнинг манфаатида суд органларига турли шаклда босим ўтказишга уриниш, бунинг оқибатида аҳолида судьялар ҳамжамиятининг конституцион органи ҳамда тизимга нисбатан ишончсизлик эҳтимолини юзага келтирилаётган ҳолатга ҳам тоқат қилиб бўлмайди.

 Демак, оммавий ахборот воситасидаги бундай “сенсацион” чиқишга ҳуқуқий баҳо бериш эҳтиёжи юзага келган.

Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech