Хизмат текширувига асос топилмади, аммо тавсияга эҳтиёж бор
Ижтимоий тармоқдаги ҳар чиқишини “қуёш юртнинг қалби қуёш инсонлари”, дея бошлайдиган блогер О. Тўхтаназаровнинг фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро судидан тайёрлаган “махсус репортажи” алоҳида муносабат талаб қилади.
Блогерга кўра, ушбу суд судьяси гўёки “сўз эркинлигига қарши”, иш бўйича бир тарафга йўналтирувчи саволлар бериш орқали иккинчи тарафга босим ўтказмоқда, суд жараёнини тасвирга олишни рад этишидан ташқари процессда ёзма қайд қилишни ҳам таъқиқлади, унга нисбатан хизмат текшируви ўтказилиши керак!
Суд мажлиси жараёнини тасвирга олиш масаласи кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда тез-тез муҳокама марказига айланаётгани рост. Айрим журналист ва блогерларнинг бу борадаги илтимосномаси суд томонидан рад этилаётгани очиқликдан чекиниш, ҳатто нохолислик сифатида талқин қилинмоқда.
Жорий тартибга кўра, суд мажлисини тасвирга олишга доир илтимоснома - фуқаролик судларида тарафларнинг розилиги, жиноят ишлари бўйича судларда эса уларнинг фикрини эшитиб, раислик этувчи томонидан мустақил ҳал қилинади.
Шу мазмундаги аксарият чиқишларда айнан фуқаролик судларида иш бўйича тарафнинг қаршилиги сабаб илтимоснома рад этилаётгани эътибордан четда қолдирилмоқда. Хусусан, О. Тўхтаназаров ҳозир бўлган суд процессида иш бўйича тарафлардан бири наинки жараённи тасвирга олишга, ҳатто блогернинг иштирокига ҳам норозилик билдирган. Шундан келиб чиқиб, унинг илтимосномаси рад этилган, бироқ низо очиқ суд мажлисида кўриб чиқилаётгани боис кузатувчи сифатида иштироки чекланмаган.
Муаллифнинг гўёки судья йўналтирувчи саволлар бериш орқали иккинчи тарафга босим ўтказаётганига доир иддаоси ҳам асоссиз кўринади. Чунки, низо бўйича ҳали якуний қарор қабул қилингани йўқ. Демак, тарафларнинг важларига ҳали ҳуқуқий баҳо берилмаган.
Бундан кўринадики, муаллиф томонидан масала моҳиятини етарлича тушунмай қилинган мазкур чиқишининг ўзи судга нисбатан ижтимоий босимни пайдо қилмоқда. Ҳолатни ўта бўрттириш, етарли асосларга эга бўлмаган иддаолар, айниқса, “махсус репортаж”да тизим раҳбарлари суратлари акс эттирилишида қуйи суд ишларига жамоатчилик эътиборини тортиш орқали таъсир ўтказишга уриниш, шунингдек, муаллиф таъбири билан айтилганда, “қуёш юртнинг қалби қуёш инсонларини” чалғитиш аломатлари ҳам мавжуд. Шу боис бундай хатти-ҳаракатлар ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланишига сабаб бўлиши эслатилишини таҳдид эмас, ахборот сифатида қабул қилиш керак.
Холислик юзасидан айтиш керакки, очиқ суд мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этаётган блогер ёки журналист эркин тарзда ёзма қайдлар қилиши ёки стенограмма юритишига чеклов йўқ. Бу ўринда муаллиф ҳақ. Айни ҳолат хизмат текшируви ўтказилишига етарли асос бўлмаса-да, мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, Кенгаш томонидан тегишли малака ҳайъатига суд муҳокамаси ошкоралиги ҳамда судлар фаолиятига доир ахборот олиш амалиётини таҳлилий ўрганиш орқали лозим чоралар кўриш тавсия қилинди.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати