Саволларга жавоб нақд!
“Effect.uz” электрон-нашрида чиққан ушбу мақола Судьялар олий кенгашига нисбатан навбатдаги ахборот хуружи бўлиб, буни сўз эркинлигининг амалдаги ифодаси деб бўлмайди. Чунки, сўз эркинлигининг бош мезони – холислик, тарқатилаётган ахборот учун масъулиятни зиммага олиш ва айбсизлик презумциясига қатъий риоя этиш ҳисобланади. Мақолада ушбу ҳуқуқий ва ахлоқий талабларнинг акси кўринади ва бу электрон-нашр фаолиятида ўз шиорига ( “Effect.uz – ҳақиқат учун!”) терс ҳолатлар ҳам кўзда ташланаётганини билдиради.
Номи номаълум муаллиф аввалги танқидига Кенгаш томонидан гўёки “шоирона" раддия билдирилганини писанда қилиб, юридик тилда гаплашмоқчи эканини таъкидлайди, бироқ гап бошидаёқ қовун туширганига нима дейсиз? Яъниким, сўзининг аввалида (ва мақоланинг бир неча ўрнида) “Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий малака ҳайъати” жумласини ишлатади. Доноликка даъвогар англаши керакки, Судьялар олий малака ҳайъати алоҳида орган ёки юридик шахс эмас. Балки жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи суд тизимидаги тузилма. Шу боис фаолияти алоҳида қонун билан эмас, Низом асосида тартибга солинган, демак, ушбу тузилма номи олдига “Ўзбекистон Республикаси” деб ёзишнинг ўзи юридик хато.
Иккинчидан, суд тизимидаги Судьялар малака ҳайъатларининг бирдан бир вазифаси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига унинг зиммасига юклатилган вазифаларни бажаришда кўмаклашишдан иборат. Кўмаклашувчи тузилманинг хулосаси тавсиявий харакатерга эга бўлиб, барча масалалар, хусусан, судьялик лавозимларига танлаш ва тайинлаш ҳам Кенгаш ва Судьялар олий малака ҳайъати аъзолари иштирокидаги очиқ танлов шаклидаги қўшма йиғилишида коллегиал ҳал этилади.
Шундай экан, Судьялар олий малака ҳайъатининг хулосаси билан судьялик лавозимига номуносиб деб топилган айрим номзодлар (ушбу лавозимга) тайинланганига оид иддао мавжуд тартибни билмаслик ва йўқ жойдан кўтарилган ваҳима, холос. Судьялар олий малака ҳайъати хулосасига кўра, судьялик лавозимига муносиб кўрилган номзод (Кенгаш ва ушбу тузилма қўшма йиғилишида) номуносиб деб топилиши ёки бунинг акси (номуносиб деб хулоса қилинган номзод лавозимга тайинланиши) судьялар корпусини шакллантириш жараёнининг ажралмас қисми бўлиб, пашшадан фил ясашга ҳожат йўқ. Янада соддароқ тушунтирилса, Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳар бир (илк бор судьялик лавозимига тавсия этилган, навбатдаги ваколат муддатига ёки раҳбар судьялик лавозимига кўрсатилган) номзод бўйича хулосаси (мазмунидан қатъий назар) Кенгаш таркибидаги тегишли тузилма (судьялар) томонидан ҳар томонлама, чуқур ўрганишилади, хулоса қилинади. Натижа эса барибир номзоднинг Кенгаш ва Судьялар олий малака ҳайъатининг очиқ танлов шаклидаги йиғилишидаги иштирокига боғлиқ: ўзи танлаган электрон шаклдаги билетдаги саволлар, шунингдек, Кенгаш аъзоларининг қўшимча саволларига жавоб бериш орқали профессионал салоҳияти ва профессионал лаёқатини намоён этиши керак.
Бундай тартиблар судьялар корпусини шакллантириш айримлар тасаввуридаги каби хамирдан қил суғургандек осон жараён эмаслигини, лавозимга танлаш ва тайинлаш жараёни рақамлаштирилиши натижасида инсон омили кескин чекланганини кўрсатадики, бир шахс хоҳиш-иродасининг таъсири йўқ даражада. Буни Кенгашнинг 21 нафар аъзосидан 7 нафари фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда ҳуқуқ соҳасидаги юқори малакали мутахассислардан иборат экани, уларнинг барчаси (жумладан, Кенгаш раиси ҳам) коллегиал қарор қабул қилишда битта овоз, бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятга эгалиги ҳам яна бир бор тасдиқлайди. Кенгаш фаолиятининг асосий принциплари бўлган қонунийлик, мустақиллик, коллегиаллик, холислик, ўз аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги ва очиқлиги ҳам шунда кўринади (“Ўзбекистон Республикаси судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонун, 4-модда).
Қуйи ва ўрта бўғин судлар судьялиги тайинловлар билан Олий суд судьялигига сайланиш ўртасида фарқни ҳатто таққослаб бўлмайди. Мамлакат суд ҳокимиятининг олий органи аъзоси бўлиш ҳар бир судья учун катта шараф. Бундай шарафга Судьялар олий малака ҳайъати, сўнг Кенгаш томонидан муқобиллик асосида тавсия этилган номзодларнинг муносибигина лойиқ кўрилади. Чунки: “Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг тавсияси асосида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади” (“Судлар тўғрисида”ги қонун, 69-модда). Тирноқ орасидан кир қидириш шу даражадаки, мақолада Олий суд судьялигига сайланган бир мутахассис ҳам Кенгаш раҳбар номи билан боғланган. Бундай сунъий айблов замирида наинки Кенгаш, балки мамлакат олий давлат вакиллик органининг қарорига нисбатан ҳам жамоатчиликда асоссиз шубҳалар уйғотишга уриниш аломати кўринади.
Мамлакатимизда изчил давом этаётган кенг кўламли ислоҳотларининг катта қисми суд-ҳуқуқ соҳасига тааллуқли экани сир эмас. Бунда суд ҳокимияти мустақиллиги ва судьяларнинг дахлсизлигини самарали таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам маълум. Бундай чоралар янги Ўзбекистоннинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилгани билан эътирофга сазовор, шу билан бирга яқин-яқингача судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш масаласи муаммоли бўлганини ҳам билдиради.
Судьялар олий кенгаши конституцион орган сифатида ташкил этилгач, суд ҳокимияти мустақиллиги, судьялар даҳлсизлигини самарали таъминлаш, судьялар корпусини шакллантиришнинг янги ҳуқуқий тартиблари жорий этилди.
Кенгашнинг жорий таркиби саъй-ҳаракати билан ваколат муддати якунига етган судьяларнинг кейинги тақдири билан боғлиқ сунъий мавҳумликларга барҳам берилдики, бу турли суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга қаратилган кескин чоралардан бири, аслида?! Натижада ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда маълум вақт “мажбурий танаффус”да юрганлар учун судьялик лавозимга танлаш ва тайинлаш бўйича ўтказиладиган очиқ танловда иштирок этишга реал имкониятлар юзага келди. Нима дейсизки, мақолада айни имконият сабаб тизимга қайтган айрим судьялар тилга олиниб, уларнинг тайинлови шубҳа остига қўйилади. Нохолислик, масала моҳиятини тушунмаслик, қандайдир таъсирларга берилиб, ахборотдан қурол сифатида шу фойдаланиш эмасми?!
Энг ёмони, нотўғри талқин, ҳар нарсани калта қарич билан ўлчаш номи тилга олинганларнинг шаъни ва қадр-қиммати, ишчанлик обрўсига путур етказишдан ташқари дахлсизлик ҳуқуқига ҳам соя солади ва бу Кенгаш ваколати доирасида керакли чоралар кўришига оид масалани яна бир бор кун тартибига чиқаради.
...“Effect.uz”нинг саволларига жавоб шу! Кенгашга фаолиятига тааллуқли яна саволлар бўлса, эшиклар очиқ. Якунда эслатиш ортиқчалик қилмас: инсон (судья) шахси ва шаънига доир масалалар қанча нозик бўлса, шунча жиддий ҳисобланади.
Судьялар олий кенгаши
матбуот хизмати