Сарҳисоб: Кенгаш мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди

20 Февраль 2025 15:13 464 Чоп этиш

Бугун Президент Админстрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг 2024 йилдаги фаолияти сарҳисобига доир матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда янада мустаҳкамлаб қўйилганидек, Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи бўлиб, у судьялар корпусининг шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлайди.

Айтилдики, 2024 йилда Кенгаш томонидан судьялик лавозимига танлаш ва тайинлаш бўйича ўтказилган очиқ танловлар натижасида 783 нафар  номзод (умумий номзодларнинг 84,2 фоизи)  тавсия этилган лавозимга муносиб, деб топилди. Уларнинг 142 нафари судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига, 146 нафари ўн йиллик муддатга, 5 нафари муддатсиз даврга, 250 нафари ваколати муддати даврига қайта тайинланган. Судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланганларнинг барчаси Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби битирувчилари ҳисобланади.

Тавсия этиган номзодларнинг 65 нафари (ёки 6.8 фоизи) судьялик лавозимига номуносиб деб топилган бўлса, 102 нафарига (ёки 10.7  фоизи)  нисбатан ваколати муддати даврига қайта тайинлаш рад этилган.

Маълумки, 2025 йилнинг 1 январидан суд тизимида янги институт – жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида тергов судьялари иш бошлади. Шунга мувофиқ, 2024 йилда ушбу лавозим учун 240 та тайинлов ҳам амалга оширилди.

2025 йилнинг 20 февраль ҳолатига тизимда 1518 нафар судья фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 500 нафари (32,9 фоиз) ушбу лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик, 964 нафари (63,5 фоиз) ўн йиллик муддатга, 54 нафари (3,6 фоиз) муддатсиз даврига тайинланган (сайланган).

Судьялар корпусини шакллантиришда гендер тенгикни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2024 йилда аёл судьяларнинг 34 нафарга  кўпайиб, жами 225 нафарга етди (15 фоиз). Уларнинг 22 нафари раҳбар судьялик лавозимларига тайинланган. Аёл судьяларимизнинг 3 нафари  Халқаро аёл судьялар ассоциацияси аъзоси ҳисобланади.

Кенгаш фаолиятида раҳбар судьялик лавозимларига номзодларни шакллантириш масаласи ҳам устувор аҳамият касб этмоқда. Шу мақсадда 2024 йилда 200 нафар судья тест синовларидан ўтказилиб, энг юқори балл олган 60 нафари туманлараро, туман (шаҳар) суди раиси ва раис ўринбосари лавозими учун захирага олинди. Улар учун  икки ойлик қайта тайёрлаш курслари ташкил этилди.

2024 йилда 40 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилди.  Уларнинг 19 нафари ўз аризасига кўра, 11 нафари судьялик қасамёдини, 10 нафари Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани учун лавозимидан озод қилган.

Судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашувлар бўйича Бош прокуратурага  5 та тақдимнома киритилди. Бунинг натижасида 3 та жиноят иши қўзғатилди, 2 ҳолат ўрганилмоқда. Шунингдек, 10 нафар судьяга нисбатан етарли асосларсиз қўлланган интизомий жазо чораларини бекор қилиш  юзасидан тегишли малака ҳайъатига  тақдимнома киритилди.

2024 йилда Судьялар олий кенгаши фаолиятида халқаро ҳамкорлик алоҳида кўзга ташланади. Бу даврда ўзбек судьялари ҳамжамияти вакиллари Испания қироллигининг Судьялар бош кенгаши ҳамда Судьялар мактаби фаолияти билан яқиндан танишди, судьялик лавозимларига номзодлар тайёрлаш, судьялар корпусини шакллантириш ҳамда уларнинг узлуксиз таълими бўйича тажриба алмашилди. Шу баробарида Туркия, Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаларининг Судьялар кенгашлари вакилларидан иборат делегация мамлакатимизга ташриф буюриб, юртимизда изчил амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, айни жараёнда суд мустақиллиги, судьялар дахлсизлигини самарали таъминлаш, судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, лавозимга танлаш ва тайинлаш бўйича жорий этилган янги тартиблар билан яқиндан танишди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ва Қозоғистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.

Яна бир эътиборли воқелик:ўтган йилнинг ноябрь ойида Сингапурда бўлиб ўтган Суд бошқаруви халқаро ассоциацияси (IACA) конференциясида Судьялар олий кенгаши ушбу халқаро ташкилот аъзолигига қабул қилинди. Шу тариқа Ўзбекситон Судьялар олий кенгаши аъзо бўлган халқаро ташкилотлар сони яна биттага кўпайди. 2022 йилнинг октябрь ойида  Кенгаш Судьялар малакасини ошириш халқаро ташкилоти (IOJT) аъолигига қабул қилинган эди. 

Судьялар фаолияти самарадорлигини очиқ ва шаффоф баҳолаш бўйича миллий электрон рейтинг баҳолаш дастури янада такомиллаштирилди. Анъанага мувофиқ, энг юқори рейтинг-баллга эга судьялар “Ибратли судья” мукофоти билан тақдирланиб келинмоқда.  2024 йил натижаларига кўра,  18 нафар судья ушбу мукофотга лойиқ, деб топилди.  Фаолиятида алоҳида намуна кўрсатиб келган судьяларнинг ота-оналарини  Кенгашнинг эсдалик совғаси ва “Ташаккурнома” билан тақдирланиш анъанаси ўтган йили ҳам давом этди.

Рейтинг кўрсатгичлари паст судьялар фаолияти таҳлилий ўрганилиб, уларнинг малакасини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. 

 Судьяларнинг касбий фаолиятини амалга оширишида риоя қилиши шарт бўлган ахлоқ-одобига оид талабларни аниқлаштириш, амалдаги қонунчиликда мавжуд бўлган нормаларнинг такрорланишига чек қўйиш ҳамда янгиланган Конституцияга мувофиқлаштириш мақсадида Судьялар одоби кодекси янги таҳририда қабул қилиниб, уч тилда нашр этилди. Мазкур ҳужжатда акс этган қоидаларни кенгроқ тушунтириш, ҳуқуқий, ижтимоий, маърифий аҳамиятини изоҳлаш мақсадида  “Судьялар одоби кодексига шарҳлар” номли яна бир китоб ҳам босмадан чиқди.

 Ўтган йили “Ибрат мактаби” туркумидаги яна икки китоб нашр этилди ва тақдимоти ўтказилди: “Шарафли йўл соҳиби”  ва “Дарёдай тошқин, саҳродек сокин..” китобларида тизимда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб келаётан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Мирзо-Улуғбек Абдусаломов ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган юрист Парахат Айтниязовнинг ибратли ҳаёт йўли  ҳақида ҳикоя қилинади. Бу борадаги ишларнинг изчил давоми сифатида 20 нафар зиёд суд фахрийлари таҳсил олган ўрта мактабларга Кенгашнинг ташаккурномаси акс этган пешлавҳалар тайёрланиб, етказилди.

 Матбуот анжуманида Кенгаш мутасаддилари томонидан журналист ва блогерларнинг қатор саволларига жавоб берилди.

 

 Судьялар олий кенгаши

матбуот хизмати

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech