Тизим учун муҳим сана
Мамлакат ривожи, юрт тараққиёти ва жамият аъзоларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш алоҳида аҳамият касб этади. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 21 февралида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони нафақат суд тизими, балки мамлакат ижтимоий ҳаётида катта ўзгаришларга сабаб бўлган ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Ушбу Фармон билан:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси тугатилиб, судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди.
Натижада: судьялар корпусини шакллантириш, суддьялик лавозимларига номзодларни энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан танлов асосида танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятини бирон-бир тарзда аралашувдан самарали ҳимоя қилиш, тизимда аниқланган ҳар бир коррупция ҳолатини кўриб чиқиш ва принципиал баҳолаш, судьялар фаолияти самарадорлигини замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлашнинг янги тартиблари амалиёт фаол жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди бирлаштирилди.
Натижада: фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи -Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташкил этилди. Суд тизимини бошқариш вазифаларининг такрорланиши бартараф этилиб, ягона суд амалиётини шакллантириш имконияти яратилди.
Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни кўриб чиқишга ваколатли бўлган маъмурий судлари фаолияти йўлга қўйилди.
Натижада: давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлашга хизмат қиладиган янги тизим юзага келди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузурида Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ташкил этилди.
Натижада: суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига риоя қилиш, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш масалаларини мустақил ҳал этиш имконияти кенгайди. Шунингдек, судларни моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш, зарур шароитларни яратиш, судьялар ва суд аппарати ходимларини моддий ва ижтимоий таъминлаш сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.
Қисқаси, мазкур Фармон фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, уларнинг одил судловга эришиш даражасини, суд иш юритувининг самарадорлиги ва сифатини ошириш, судьялик лавозимига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим йўналишлари бўйича тарихий ўзгаришларга ҳуқуқий асос бўлди.