Китобхонлик нега муҳим?

4 Март 2025 17:28 312 Чоп этиш

Қайси мавзуда бўлмасин, ҳамкасблар бир-бирини яхши тушунади. Шу маънода Тошкент туманлараро иқтисодий судининг судьяси Шоира Эрметованинг Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби иқтисодий ҳуқуқ йўналиши тингловчилари билан ўтказган амалий машғулоти ўзгача кечгани рост.

Мавзу: китобхонлик.

Танланган мавзу ҳуқуқ соҳасидан узоқдай кўрингани билан ғоятда муҳим аслида. Муҳимлиги шундаки, жамиятда китобхонлик маданиятини шакллантириш давлат сиёсати даражасидаги масала бўлиб,бундан ҳеч қайси тизим четда эмас.  Зеро, жамият ҳаётида эзгу қадрият ва анъаналар қарор топиши, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, дунёқараши юксалишида китобхонлик маданиятини ошириш алоҳида аҳамият касб этади. Дунёга машҳур адиб “Ўзимдаги барча яхши хислатлар учун китобдан миннатдорман”, деб бежиз айтмаган.

Қолаверса, суд тизимида “судьянинг ички ишончи” деган гап борки, у бирорта ҳуқуқий-норматив ҳужжатларда акс этмаган. “Ички ишонч” - билим, савия, малака, ўзлаштирилган кўникма асосида виждон ва сезгининг адолат тарозисига солиб туриб чиқариладиган қарор, тўхтамдир, дейди ҳуқуқшунос олимлар. Бунинг учун мутолаа муҳимдир. Чунки энг нозик туйғулар, сезимлар мутолаа орқали шаклланади.

Юқоридаги фикрлар бўлиб ўтган амалий машғулотда у ёки-бу шаклда айтилди. Шунчаки айтилмади, балки судья томонидан бўлажак ҳамкасбларига ўзларининг тили ва оҳангида айтилди. Нега “ўзларининг тили ва оҳангида” айтилганига урғу бериляпти? Юқорида бжиз таъкид этилгани йўқ: қайси мавзуда бўлмасин, ўзаро мулоқотда ҳамкасблар бир-бирини яхши тушунади.   “Судьяни судья  ўқитади” тамойилининг туб мағзи ҳам шунда.

Машғулот якунида мавзу юзасидан савол-жавоблар бўлди, мутолаа учун яхши-яхши асарлар тавсия қилинди, энг кўп китоб ўқиган тингловчиларга  мударрис ўз китобидан совға қилди.  Чунки, Шоира Эрметова нафақт судья, балки таниқли ижодкорлардан ҳам. Қатор китоблар муаллифи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech