Баҳор байрам билан бошланади

6 Март 2025 22:01 463 Чоп этиш

Бугун Судьялар олий кенгашида Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Баҳор фасли расман 1 мартдан, амалда эса 8 мартдан бошланади. Эътиборлиси, айни шу санада Халқаро хотин-қизлар куни нишонланади. Шунинг учун ҳам Баҳор ва Аёл тушунчалари уйғун бўлиб, бир-бирини тўлдиради, дейилишида муболаға йўқ.

Таъкид этилдики, одил судловни амалга оширишда аёл судьяларнинг ўрни алоҳида. Кейинги тўрт йилда аёл судьяларнинг сони қарийиб юз нафарга ошди, айни пайтда 227 нафар опа-сингилларимиз тизимда меҳнат қилмоқда.. Уларнинг 22 нафари раҳбар судьялик лавозимига тайинланган бўлса, 3 нафари Халқаро аёл судьялар ассоциацияси аъзоси ҳисобланади.

 Суд тизимида гендер тенгликни таъминлаш стратегиясига кўра, 2030 йилга бориб, хотин-қизлар улушини 30 фоизга етказиш назарда тутилган. Демак, бу борада амалга оширадиган ишлар кўп. Жорий ўқув йилида Кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактабининг судьялик лавозимига номзодлар тайёрлаш курсида 39 нафар хотин-қизлар таҳсил олмоқда, уларнинг яқин келажакда судьялар ҳамжамияти аъзолари қаторидан ўрин олишидан умид катта.

Тадбирда аёл судьяларнинг меҳнатлари яна бир бор эътироф этилди. Айтилдки, судьяликда жинсга қаралмайди: аёлдир ё  эркакдир – талаб битта: енгилми ё мураккабми — чекига тушган «иш»ни  қонуний кўриши лозим. Шундан келиб чиқилса, лавозим мажбуриятлари билан бирга бекалик ва оналик вазифларини сидқидилдан адо этиб келаётгани учун ҳам эътибор ва эътирофга лойиқдирлар.

Шунингдек, давлат раҳбари ташаббуси билан изчил давом этиб келаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, бу жараёнда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш устувор аҳамият касб этаётгани, хусусан, «Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан одил судловни амалга оширишда юқори рейтинг кўрсаткичга эга судьяларни рағбатлантириш мақсадида «Ибратли судья» мукофоти,  узоқ йиллар самарали меҳнат қилганлар учун «Суд фахрийси» кўкрак нишонини таъсис этилгани  алоҳида қайд этилди.

Тадбирда самарали фаолияти учун беш нафар тизим вакиласига “Суд фахрийси” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди, шу тариқа ўтган тўрт йилда ушбу эътирофга сазовор бўлганлар сони 244 нафарга етди.

Бундан ташқари яна бир гуруҳ аёл судьяларга Кенгашнинг “Фахрий ёрлиғи”,  анъанага мувофиқ эса, алоҳида фаоллик кўрсатган опа-сингилларимизнинг ота-оналарига “Ташаккурнома” ва эсдалик совғалари тақдим этилди. 

Сенат аъзолари ва Хотин-қизлар қўмитаси вакилалари иштирок этган тадбирда  бир гуруҳ судьяларга парламент юқори палатаси "Ташаккурнома"лари ҳам топширилди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, суд фахрийси Муҳаббат Ходжаева ҳаёти ва фаолиятидан ҳикоя қилувчи “Умрим сабоқлари” номли китоб тақдимоти  тадбирнинг алоҳида безагига айланди, дейиш мумкин.

Мазкур китоб “Ибрат мактаби” туркумидаги навбатдаги тўплам бўлиб, тизимнинг фидоий вакиласи тимсолида судьялик лавозимининг  кўпчиликка номаълум қирралари ва  машаққатлари ҳақида  кенг тасаввур беради.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech