Суд ҳокимияти мустақиллиги: зарурият, масъулият ва мажбурият

10 Март 2025 16:00 343 Чоп этиш

Куни кеча бўлиб ўтган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида мамлакатимиз Президенти Ш. Мирзиёев айрим идоралар томонидан судга таъсир ўтказишга уринишлар ҳали-ҳануз давом этаётганини таъкидлаб, “Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш одил судловга соя солиш, деб баҳоланади. Бу бўйича сўров ҳам, жавобгарлик ҳам қаттиқ бўлади” деб, барча раҳбарларни қаттиқ огоҳлантирди.

Дарҳақиқат, Янги Ўзбекистон тараққиётининг дастлабки беш йилик даврида суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида катта ишлар амалга оширилди. Бу йўналишдаги устувор масалалар юзасидан ўтган йилларда 50 га яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

Эслайлик: давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 декабрь куни Олий Мажлисга тақдим этган илк Мурожаатномасида суд идоралари ҳали-ҳамон адолат қарор топадиган масканга айланмаганини оғриқ билан қайд этган эди. Бу мамлакатимиз етакчисининг иқтидорга келган биринчи кунлардан бошлаб коррупция иллатига ўта муросасиз бўлгани  ва судлар мустақиллигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратганларини кўрсатади. Айнан шунинг учун ҳам Янги Ўзбекистонда энг аввало судлар мустақиллигини таъминлаш ва шу орқали суд тизимини коррупциядан холи соҳага айлантириш борасида улкан ишлар олиб борилди.

Орадан етти йилдан кўпроқ вақт ўтди. Ўтган қисқа даврда судлар мустақиллигини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар амалда ўзининг самарасини бера бошлади.

Судларнинг асосий вазифаси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳисобланади. Бунда судьяларни мустақил бўлиши ниҳоятда муҳимдир. Мамнуният билан таъкидлаш жоизки, бугунги кунга келиб, судлар томонидан оқланган шахслар юзасидан статистик маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги етти йилда жами оқланган шахслар 4000 дан зиёд кишини ташкил этмоқда.

Ушбу кўрсаткичлар суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллиги ошганлигининг реал маҳсулидир. Чунки, давлат раҳбари таъкидлаганидек: ”Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Акс ҳолда, буюк немис файласуфи Иммануил Кант айтганидек, “Адолат йўқолган пайтда, ҳаётнинг қадрини белгилайдиган бошқа ҳеч нарса қолмайди”...

Одил судлов самарадорлиги бир қанча омилларга боғлиқ. Хусусан, бунда унинг (одил судловни амалга оширишнинг) ташкилий-ҳуқуқий механизми қанчалик такомилашгани, суднинг давлат ҳокимияти бошқа органлари билан муносабати алоҳида аҳамият касб этади. Демокчимизки, суд ҳокимиятининг том маънодаги мустақлигини таъминлашда давлат ҳокимияти тизимининг муҳим тармоғи бўлган қонун чиқарувчи ҳокимият билан ўзаро муносабатларини замон талаблари даражасида ташкил этиш лозим. Чунки, мамлакатда қонун чиқарувчи ҳокимият - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси мамлакатимиз суд ҳокимияти тизимининг қонунчилик асосларини ишлаб чиқади, уни шакллантиришда бевосита иштирок этади. Суд ҳокимияти эса ўз навбатида, Конституция ва қонун устуворлигини таъминлайди, парламент қонун ижодкорлигида иштирок этади, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилади. Президент таъбири билан айтганда, судларнинг асосий вазифаси - адолатни қарор топтириш. Қолаверса, давлат ҳокимиятининг бу икки мустақил тармоғи ўзаро муносабатлари ижтимоий адолатни таъминлаш жараёнида барқарор мувозанатни сақлашда муҳим аҳамият касб этади. Демак, булар ўртасидаги самарали ҳамкорликни таъминламасдан туриб, дунёнинг ривожланган мамлакатларида бўлгани каби қонун устуворлигини таъминлашда ва инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда кутилган натижаларга эришиб бўлмайди. 

Ўзбекистон Республикаси янги таҳрирдаги Конституциясининг 136-моддасида белгиланганидек, “Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар дахлсиздир. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисоботдор бўлмайди. Айнан шунинг учун ҳам юқоридаги йиғилишда Президентимиз томонидан сўнгги йилларда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича катта ислоҳотлар амалга оширилгани, лекин судьяларни мажлисга чақириш, уларга ваколатига кирмайдиган вазифаларни юклаш ҳолатлари ҳам учраб тургани қайд этилди. 

Шу ўринда судьяларга айрим чекловлар фақат конституциявий даражада ўрнатилганлигини унутмаслик керак. Масалан, судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши, сиёсий партияларга аъзолик, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин эмас.

Кейинги йилларда судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг муҳим органи - Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг фаолияти мунтазам равишда такомиллаштирилмоқда. Яъники, Конституциянинг 135-моддасида қайд этилганидек: “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг мустақил органи бўлиб, у судьялар корпусининг шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлайди”.

Кенгаш зиммасига судьялик лавозимларига номзодларни энг малакали ва масъулиятли мутахассислар орасидан танлов асосида танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек раҳбар судьялик лавозимларига номзод тавсия этиш орқали судьялар корпусини шакллантириш, уларнинг дахлсизлиги бузилишининг ва  одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашувдан самарали ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар кўриш ва бошқа қатор вазифалар юклатилди.

Энг муҳими, судьялар мустақиллигини том маънода таъминлашнинг муҳим шарти бўлган, уларни ваколат муддатини янги тартиби жорий қилинди. Бугунги кунда халқаро тажриба инобатга олинган ҳолда судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий қилинди. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг алоҳида мақоми эътиборга олиниб, унинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланади. Буларнинг барчаси судлар мустақиллигини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар сарасига киради.

Юқоридагилардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида белгиланган давлат ҳокимиятининг тизими ҳокимиятлар бўлиниши принципига асосан, суд ҳокимияти давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатида конституцявий даражада ўз ўрнини топган.

Ушбу мақом суд ҳокимиятининг қонун чиқарувчи ҳокимият билан ўзаро муносабатларини таҳлил қилиш заруратини ва уни янада такомиллаштиришда нималарга эътибор қаратиш кераклигини кун тартибига қўяди. Айниқса, бугун шиддат билан олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида давлат ҳокимияти тармоқларини ўзаро муносабатларини янги босқичга кўтариш жуда муҳимдир. Чунки, давлат ҳокимияти тизими бўлиниши принципи - бу ҳокимиятлар ваколатларни тенг тақсимлаш эмас, балки давлат ҳокимиятини бошқаришда бир-бирларининг ваколатларини ўзлаштириб олмаслик, аксинча, ҳамкорликда фаолият юритишлари тушунилади.

Мамлакатимизда парламент ва суд ҳокимияти фаолиятига оид қонун ҳужжатларида уларнинг ўзаро муносабатларининг шакли ва йўналишлари турлича. Уларнинг энг муҳимлари қаторида парламент томонидан суд ҳокимияти органлари ва ваколатларининг белгиланиши, парламентнинг юқори палатаси - Сенат томонидан Конституциявий суд ва Олий суд аъзоларини сайланиши, суд ҳокимиятининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эканлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида, шунингдек уларнинг органлари мажлисларида Конституциявий суд ва Олий суд раисларининг иштироки, Конституциявий суд ишлари юритилаётганда Қонунчилик палатаси Спикери, Сенат раисининг иштироки ва бошқаларни кўрсатиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси устуворлигини таъминлашда мамлакатимиз Конституциявий судининг алоҳида ўрни борлигини эътироф этиш зарур. Бу Конституциявий суднинг алоҳида мақомга эга суд ҳокимияти эканлигини кўрсатади. Масалан, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради, Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади ва ҳоказо.

Конституциявий суд юқоридаги ваколатларни амалга ошириш баробарида Конституция устуворлиги таъминлайди ва айрим норматив-ҳужжатларда учраши мумкин бўлган, аниқроғи келиб чиқиши мумкин бўлган корруция ҳолатларини ҳам олдини олади.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринли бўлади, Конституциявий суд чиқарган ҳужжатнинг ўзига хос жиҳати шундаки, у қатъий ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.

 Конституциявий суднинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Олий Мажлис палаталари қарорлари устидан конституциявий назоратни амалга ошириши, яъни уларнинг Конституцияга мослигини аниқлаш ваколати билан таъминланганлиги давлат ҳокимияти тизимида мувозанатни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устуворлигини кафолатлашнинг муҳим воситаси эканлигидан келиб чиққан, десак хато бўлмайди.

Кейинги йилларда давлат раҳбари ташаббуси билан олиб борилган конституциявий назорат институтини такомиллаштиришга оид ислоҳотлар натижасида ҳали кучга кирмаган қонун ҳужжатларини Конституцияга мувофиқлигини кўриб чиқиш амалиёти ҳам қонунчиликда жорий қилинди. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 133-моддаси, 2-бандига мувофиқ, Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди. Демак, бундан хулоса қиладиган бўлсак, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳам дастлабки, ҳам кейинги шаклда Конституцияга мувофиқлигини аниқлаш ваколатига эга бўлди.

Юқорида судлар мустақиллигини таъминлаш борасида олиб борилган ислоҳотлар кўлами жуда кенг. Бироқ шундай бўлсада, бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар оз эмас.Қолаверса, Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг коррупциянинг олдини олиш бўйича ишлар натижадорлиги ва келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган кенгайтирилган йиғилишидан хулоса қиладиган бўлсак, судлар мустақиллигини таъминлаш шахсан мамлакат Президент эътиборида экани ва бу борадаги ислоҳотлар келгусида ҳам изчил давом этитиши кўрсатади. Мақсад, инсон қадрини улуғлаш, инсонни рози қилиш, қолаверса, уларни конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини самарали таъминлашдир.

Абдуманноб  Раҳимов,

Рахат Исмайлов,

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий суди 

судьялари

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech