Суд мустақиллиги, судья дахлсизлиги ижтимоий адолатни таъминлашга хизмат қилади

11 Март 2025 15:25 329 Чоп этиш

Суд мустақиллиги, судья дахлсизлигини таъминлаш демократик жамиятда ҳуқуқий давлатнинг асосий принципларидан бири ҳисобланади. Бу борада олиб борилган ислоҳотлар бугун ўзининг натижасини бермоқда.  Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 21 февралида  фармони билан судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.  Судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятини бирон-бир тарзда аралашувдан самарали ҳимоя қилиш Кенгашнинг устивор вазифлариларидан бири сифатида белгиланди.

Орадан уч йил ўтиб, давлат раҳбарининг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони (07.12.2020 й.) қабул  қилинди. Ушбу ҳужжат билан Судьялар олий кенгаши таркибий тузилмаси такомиллаштирилиб, Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясини  тузилди.

Суд мустақиллиги, судья дахлсизлиги янгиланган  Конституцияда янада мустаҳкамланди. Бош Қонунимизнинг 136-моддасида судьяни муайян ишдан четлатишга, ваколатларини бекор қилишга ёки тўхтатиб туришга, бошқа лавозимга ўттказишга фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга йўл қўйилиши, суднинг қайта ташкил этилиши ёки тугатилиши судьяни лавозимидан озод этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмаслиги ҳақидаги нормалар киритилгани  суд мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминланишида муҳим омил бўлди.

Давлатимиз раҳбари Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича Республика миллий кенгаши йиғилишида яна бир бор суд мустақиллиги, судьялар дахлсизлигини таъминлаш, суд ишларига аралашмаслик масаласига тўхталганлари бежиз эмас.  Чунки, айни масала жамиятда барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учун энг зарур ва шарт бўлган омиллардан биридир.

 Қачонки, судья ишларни кўришда фақат қонунга асосланса, ҳокимият ёки бошқа кучларнинг таъсирига тушмаса, қонуний ва адолатли қарорлар қабул қилинади. Бу эса қонун устуворлиги таъминланиши ва алал-оқибат  фуқароларнинг судга ишончи ошишига  олиб келади.

Судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги уларнинг фақат қонунга ва ишнинг мазмунига қараб қарор қабул қилишини таъминлайди ва шунинг учун ҳам адолатга эришишнинг кафолати ҳисобланади. Шунингдек, давлат органлари ва бошқа манфаатдор шахслар томонидан судга босим ўтказилишининг олдини олади, шунингдек, амалдаги қонунларнинг бир хилда, тенг қўлланилишини таъминлайди.

 Мустақиллик ва дахлсизлик масалалари судьялар ҳамжамияти ҳамда бевосита судьялар олдига ҳам катта талабларни қўяди.

Хусусан, судья қачонки чуқур билим ва тажрибали бўлса, жамият ва халқ олдидаги масъулиятини тўлиқ англаса, ўзининг одил судлов билан боғлиқ фаолиятига нисбатан аралашувларга муросасиз бўлади.   

Шунинг учун ҳам доимий равишда судьяларнинг профессионаллик даражасини ошириб бориш, уларнинг билим ва малакасини яхшилаш,  суд иши бўйича илмий ва амалий тайёргарлигини кучайтириш судьялар ҳамжамиятининг устувор вазифаларидан биридир. Бу борада судьялар фаолияти самарадорлигини электрон рейтинг баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, Судьялар олий мактабида ҳар бир судья фаолиятидаги камчиликларни ҳисобга олган ҳолда индивидуал режа асосида малака ошириш курслари ташкил этилгани яхши самара бермоқда.

  Иккинчидан, суд тизимида очиқлик ва  шаффофликни таъминлаш орқали  судга бўлган ишончни ошириш лозим ва бу ҳам ўз навбатида турли суд ишларига аралашувларнинг олдини олади. Шахс ўз ҳуқуқи ҳимоясида бошқа турли ноқонуний йўллар қидирмасдан, судга мурожаат қилиши, унга ишонишига эришиш ҳам муҳим омиллардан биридир.

Шунингдек, медиация ва альтернатив қарор қабул қилиш механизмларини кенгайтириш лозим, бундай чора суддаги юкламаларни камайтириш билан бирга иш сифатини оширишга ҳам хизмат қилади.

Суд ҳокимияти мустақиллиги ҳақида гап кетганда суд ишларига аралашиш учун тегишли жавобгарлик мавжудлигини кенг тарғиб қилиш ҳам талаб этилади. Шу ўринда қайд этиш жоизки, Судьялар олий кенгаши томонидан 2023 йилда 2 та, 2024 йилда 3 та ҳолатда суд ишларига аралашганлик ҳолатлари аниқланган ва натижада  қонунийлик таъминланган.

Яна бир масла: судга ишларига аралашувларнинг олдини олиш учун давлат органлари ва уларнинг раҳбарларига суд билан мулоқот масаласида тушунтиришлар беришга ҳам эҳтиёж бор. Негаки, агарда суд қароридан ҳокимлик ёки назорат органи раҳбари норози бўлгани ҳолда тегишли тартибда юқори инстанция судига шикоят билан мурожаат қилиши мумкинлиги, лекин бирон ҳолатда ишни кўрган судьяга ўз норозилигини билдириши, уни танқид қилиши мумкин эмас. Ишни кўраётган судьяга илтимос ёхуд босим қилиш, ундан маълум мазмундаги қарор қабул қилишни талаб қилиши қонунга зидлигини тушунтириш, жавобгарлик мавжудлигини билан огоҳлантириш ҳам ўз самарасини беради.

Бу борада Судьялар Олий Кенгаши томонидан  муқаддам “Судьянинг мустақиллиги ва дахлсизлиги, суд ишига аралашганлик учун жавобгарлик асослари” номли китоб-қўлланма тайёрланиб тарқатилган бўлса, айни пайтда давлат ҳокимияти органлари ходимлари учун айни шу мавзуда эслатма тарқатма материаллар тайёрланмоқда.

 Судья, фақат қонунга асосланиши, ҳар бир иш бўйича қонуний, адолатли, объектив ва ишончли қарор қабул қилиши шарт. Ундан ҳеч кимга ёки ҳеч қандай манфаатларга берилмаслик талаб қилинади.

 Суд мустақиллиги ва дахлсизлигини барча ҳурмат қилиши лозим, зеро, ушбу омиллар  жамиятимизда адолат ўрнатилишига хизмат қилади.

Холмўмин Ёдгоров,

Судьялар олий кенгаши раиси

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech